Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аҳоли банк карталаридаги пул ўтказмаларини назорат қилиш янги Конституцияга зид – иқтисодчи

Аҳоли банк карталаридаги пул ўтказмаларини назорат қилиш янги Конституцияга зид – иқтисодчи

Аввалроқ жорий йил 10 февраль имзоланган Президентнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт шароитларни яратишни назарда тутувчи ПФ-21-сон Фармони 7-бандида 2023 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олинишидан қатъий назар электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришлари ва тақдим этишлари белгилангани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур тартиб ижтимоий фаоллар ўртасида муҳокама мавзуси бўлиб келмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги муаллифлигида ишлаб чиқилган фармоннинг 7-банди 4-хатобошиси қонунчиликка зид келишидан тортиб, унинг ҳужжат лойиҳасида бўлмаганигача айни вақтга қадар турли нашрларда танқид остига олиб келиняпти. 

Иқтисодчи Отабек Бакиров бу тартибнинг жорий йил 1 май кунидан кучга кирган янгиланган Конституцияга ҳам мутлақо зидлиги ва ноқонуний эканлигини ёзяпти.

«Бош қомуснинг 15-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилади. Яъни ҳеч бир ҳужжат, у низомми, фармонми, қарорми ё қонунми Конституцияга зид бўлиши мумкин эмас. Агар зид бўлса, Янги Конституция уни автоматик тарзда бекор қилади», – дея эслатади Бакиров.

Конституциянинг 41-моддасида эса «Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади», деб ёзиб қўйилган.

Иқтисодчининг таъкидлашича, юқоридагиларга кўра 3 ойдан буён муҳокамалар мавзуси бўлиб келаётган, лойиҳада бўлмасдан, ҳужжатнинг имзолатиш учун Президентга киритилаётган пайтда қўшиб юборилган банк сирини ташкил этувчи P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларида жамланишинини кўзда тутадиган ПФ-21 Фармоннинг 7-банди 4-хатбошиси Конституцияга зид ва ноқонуний.

«Банклар банк сирини ташкил этувчи P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этишни зудлик билан тўхтатиши, солиқ органлари P2P ўтказмалар ҳақидаги маълумотларни электрон ҳисобварақ-фактура ёки бошқа каналлар воситасида олишдан воз кечишлари зарур!» – дейди Отабек Бакиров.

У, шунингдек, барчани Янги Конституцияга амал қилишга чақиради ва «амал қилмасак, нега Конституцияни янгиладик?» деган саволни ўртага ташлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг