Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Африка президентлари Путинга талаб қўйди

Африка президентлари Путинга талаб қўйди

Африка мамлакатлари етакчилари Россия президенти Владимир Путиндан ғалла экспортига доир битимга қайтишни талаб қилди. Расмий Москва бир йил аввал тузилган битимдан 17 июль куни чиққанини эълон қилган эди.  

Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Россия–Африка саммитида ушбу қитъанинг 17 давлат раҳбари қатнашган. Президентлар россиялик ҳамкасбини очиқ танқид қилмаган бўлса-да, уларнинг нутқидан Украина уруши ортидан озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаб кетганидан хавотирни сезиш мумкин эди. 

Путин Буркина-Фасо, Зимбабве, Мали, Сомали, МАР, Эритрея каби давлатларга 25 минг тоннадан 50 минг тоннага қадар буғдойни текин беришга ваъда қилган. 

Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса россиялик ҳамкасбига миннатдорлик билдиргани ҳолда, Африка давлатлари хайр-эҳсон сўрагани келмаганини уқтирган.

«Биз Қора денгизни очиш ва ғалла ташаббуси қайта йўлга қўйилиши тарафдоримиз. Қора денгиз жаҳон бозори учун очиқ бўлишини истаймиз. Биз бу ерга Африка қитъаси учун қандайдир туҳфалар сўрагани келмадик. Саховат юзасидан Африканинг мушкулотларга дуч келган айрим мамлакатларига текин дон бериш қарорингизни тушунамиз. Бу ишингизга ҳурмат ила муносабатда бўламиз. Аммо бизнинг асосий мақсадимиз бу эмас», – деган ЖАР президенти.

Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисий ҳам бошқа ҳамкасблари қаторида Россияни ғалла битимига қайтишга даъват қилган.

Конго президенти Дени Сассу-Нгессо эса урушни тўхтатиш учун Африка тинчлик ташаббуси энг мақбул йўл эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал Истанбул шаҳрида Украина портларидан ғаллани хавфсиз тарзда олиб ўтишга доир битим имзоланган эди.

Россия босқини ортидан Украина омборларида сақланаётган катта миқдордаги донни Қора денгиз орқали дунё мамлакатларига сотиш йўли ёпилиб қолган. Оқибатда озиқ-овқат бозорида нарх осмонга сапчиб, кўплаб мамлакатларда очарчилик хавфи юзага келган. Шунга кўра Туркия, Россия, Украина ва БМТ ўртасида тузилган ҳужжат дунёда очарчиликнинг олдини олишга хизмат қилиши айтилган эди.

Москва икки ҳафта муқаддам ғалла битимидан чиққанини эълон қилди. Боз устига, Украина дон ташишда фойдаланаётган портларга бомба ёғдирди. Бунинг ортидан Кремль урушда озиқ-овқатдан ҳам қурол сифатида фойдаланишда айбланди.

Ғалла битими доирасида Украина бир йилда 33 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилган. Битимнинг бекор бўлиши сабаб жаҳон бозорида ғалла нархи кескин ошиши кутилмоқда. 

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Владимир Путин ўртасидаги музокаралар дон битими бўйича охирги умид деб баҳоланаётган эди.

Аммо сўнгги хабарларга қараганда, Путин Эрдўғоннинг ғалла шартномасини қайта тиклаш ҳақидаги сўровларини эътиборсиз қолдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг