15 июндан бошлаб ошхоналар, боғча ва буюм бозорлари очилади
Республика махсус комиссияси ахборотига кўра, 2020 йил 5 июндан бошлаб бир қатор фаолият турларига рухсат берилиши хабар қилинганди.
Шунингдек, 2020 йил 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда қуйидагиларга рухсат берилмоқда:
- УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ объектлари фаолиятига.
Шу билан бир қаторда умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилди:
- банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
- фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш;
- столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;
- бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;
- ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
- ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
2020 йил 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда қуйидагиларга рухсат берилмоқда:
- МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ташкилотлари фаолиятига.
Бунда:
мактабгача таълим ташкилотларида машғулотларни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил этиш;
мактабгача таълим ташкилотлари биноларини доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш;
ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;
тана ҳарорати 37*С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади;
- БУЮМ БОЗОРЛАРИ фаолиятига.
Бунда буюм бозорлари доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозланиши, сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37*С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter