Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Коронавирусдан бирдамлик қутқаради

Коронавирусдан бирдамлик қутқаради

Фото: «Xabar.uz»

Коронавируснинг ўчоғи бўлмиш Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида коронавирус қандай чекинди? Аҳолиси энг кўп ва зич мамлакат ҳисобланган Хитой катта талафот кўриши, ўлим сони кескин кўпайиши эҳтимоли юқори бўлган бир пайтда, офатни қандай енгиб ўтди?

Бу ҳақда ОАВлар орқали тинимсиз маълумотлар тарқалмоқда.  Улар аввало гигиенага қаттиқ риоя қилишган, ҳатто бозордан олиб келган маҳсулотларини ювиб ишлатишган. Спиртли ичимликлар ишлаб чиқарадиган завод ёки ҳокимият оилаларга бир литрлик идишда спиртни текин тарқатган ва бу спирт бир ойга етган. Ҳатто оёқ кийимларининг таг қисмини спиртда артиб ташлашган. Кўчада кийиб келган кийимларни алоҳида жойга илишган, кўп ҳолларда ташқарига чиқариб қўйган. Кўнгиллилар бригадаси тузилган. Яъни, қизил белбоғли одамлар карантиндаги одамларга овқат ташиб туришган, эшик ортига қўйилган чиқиндиларни олиб кетишган. Иммунитетни мустаҳкамлаш учун занжабил, асал ва лимон чой ичишган. Ҳушёр қўшнилар, фаоллар, кўнгиллилар «жосус»га айланишган.

Карантиндаги одамнинг кўчага чиқиши, соғлом одамларнинг ниқобсиз кўчада юриши учун «жосус»лик қилишган. «Айбдорлар» маъмурий жавобгарликка тортилган. Кўнгиллилар текинга ишлашган. Қўшимча касалхона, шифохона қурувчилар ҳатто ойликларидан воз кечишган. Ўша ерда яшаётган мусиқачи Андрей Гузеев эса хонадонларга ўша ҳудуднинг масъул шахслари (яъни маҳалла тизимига ўхшаш тизимда ишлайдиган ходимлар) медицина спиртини текин тарқатганлигини айтади.

Кўнгиллилар бригадалари тузилган. Вирусга қарши кураш фондига одамлар маблағ ўтказишган, шифокорлар фондига пул юборишган. Спиртли салфеткалар лифтларнинг ва эшик тутқичларининг олдига текинга қўйиб қўйилган ва кўчадан келган одам эшик тутқичини, лифт тугмачасини бармоғи билан эмас спиртли салфеткалар билан ушлаб кирган. Аҳолини тўхтовсиз янгиликлар, эҳтиёт чоралари билан хабардор қилиб бориш мақсадида кўнгиллилар онлайн мулоқотда фаол бўлишган. Ҳатто бу ерда полициялар ҳам сергак туришган. 14 кун давомида карантинда бўлиши керак бўлган одамларнинг эшиги тагида қўриқчи бўлган. Бу жараён «видеокузатув» пунктларида соқчилар ва ҳушёр қўшнилар томонидан назорат қилиб борилган.

Полиция ҳатто шаҳарга кирадиганларни назорат қилиб турган. Агар бирор одам ўзини нохуш ҳис қилса, албатта, шифокор ёки кўнгиллилардан бири билан шифохонага кузатиб борилган. Хитойликлар коронавирусга қарши курашга катта маблағ ажратган, аммо аҳоли ҳам маблағ томонидан ҳисса қўшишган. Вирусга қарши кураш фондига одамлар маблағ ўтказишган, шифокорлар фондига пул юборишган.

Бизда-чи? Аввало одамлар ўз ғами билан овора, вилоятларга кетадиган талабалар учун йўл кира 2-3 баробар ошиб кетди. Дорихоналарда ниқоблар қамматлашди, антисептик воситаларга талаб кучайди, бир пайтлар бир боғи 3 минг бўлган исириқ 20 мингга чиқди... Ҳамма бировга юқтириш эмас, ўзини ўзи асраш билан овора. Ўзига юқмаса бўлди. Ахир кимдир ортиғи билан уйига ғамлаб олаётган ниқоби туфайли яна кимдир кўчада ниқобсиз юради ва касали бўлса юқтиради. 70 минг сўмга саримсоқ пиёз олишни истамаган одам иммунитети паслиги учун касал бўлади ва ҳатто вафот этиши, энг ачинарлиси, бошқаларга юқтириши мумкин. Ахир мана шу воситалар бизни бу касалликни енгиб ўтишимизга катта ёрдамчи экан, бирлашмаймизми? Ахир бу касалликка фақат бирдамлик ва ҳамжиҳатлик орқали даво топиш мумкинлигини Хитой мисолида кўриб турибмиз.

Майли текинга тарқатишни ақлимизга сиғдиролмас эканмиз, ўз нархида сотмаймизми? Биров пули бўлмагани учун, биров тополмагани учун ўша нарсадан фойдалана олмаслиги ва бу касалликнин юқтириш эҳтимолини кучайтириш оқибатда бу одамлар яна бошқаларга юқтириши мумкинлиги наҳот ҳеч кимни ташвишга солмайди?!

Майли сиз отингизни қамчилаб фурсатдан фойдаланиб саримсоқпиёз, исириқ, ниқоб каби ашёларни, йўл кирани 10 баравар қиммат қилиб бойиб кетарсиз ёки фақат ўзингизни ўйлаб,  бир қути ниқобни ортингизда навбат кутиб турганларга илинмай олиб қўярсиз, аммо юрт катта йўқотишни бошидан ўтказса, сиз ҳам ўша йўқотишга ҳисса қўшганингизни англаяпсизми?

Талончилик, яъни ўз ҳамюртингни бошига кўргулик тушганида уни талаш — бу вирусдан ҳам қўрқинчли эпидемия, шуни унутманг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг