Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи кутиляпти

Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи кутиляпти

Яқин келажакда Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи режалаштирилган.

Бу ҳақда кеча, 13 июнь куни Бишкекдаги Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форумининг очилишида мамлакат Иқтисодиёт ва савдо вазири ўринбосари Санжар Болотов маълум қилди.

Расмийнинг билдиришича, икки давлат президентларининг бўлажак учрашуви мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

«Бугун биз Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари ва имкониятларини муҳокама қилдик. Сизнинг фаоллигингиз ва ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқишингиз умумий муваффақиятимиз гаровидир», – деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, у яқинда, 2-3 май кунлари икки давлат бош вазирлари раислигида ҳукуматлараро комиссиянинг 11-мажлиси бўлиб ўтганини эслатди.

«Ушбу учрашувда муносабатларимизни ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар, унда қабул қилинган қарорлар қўшма ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Биз турли соҳаларда салмоқли ютуқларни кўряпмиз ва бу форум олдимизга қўйган улкан мақсадларни рўёбга чиқариш йўлидаги яна бир қадам бўлди», – деди Болотов.

Бундан ташқари, вазир ўринбосари Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистонда Савдо ваколатхонаси очилгани икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ютуқ эканини таъкидлади. Мазкур ваколатхона қўшма товар ва хизматларни илгари суриш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишда муҳим роль ўйнайди.

«Президентларимиз олдимизга мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифасини қўйган. Бу амбицияли, аммо эришиш мумкин бўлган мақсад. Бу мақсадга эришиш учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз, барча мавжуд восита ва механизмлардан фойдаланишимиз керак. Ишончим комилки, биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан нафақат эришамиз, балки бу кўрсаткичдан ҳам ошиб кетамиз», - деди Санжар Болотов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг