Ўзбекистоннинг Иорданиядаги янги элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Иорданияга янги тайинланган элчиси Нодиржон Турғунов 28 май куни ушбу мамлакат Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш вазирлиги бош котиби Мажид ал-Қатарнага ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
«Дунё» ААнинг хабар қилишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Иордания муносабатларини жадаллаштириш, шунингдек, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Икки дўст давлат ўртасида мустаҳкам тарихий ва маданий алоқалар мавжудлиги алоҳида таъкидланган.
«Сиёсий мулоқотни кенгайтириш истиқболлари, жумладан, турли даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва қўшма тадбирлар, хусусан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ва ҳукуматлараро комиссия мажлисларини ўтказиш орқали муҳокама қилинди», – қўшимча қилинади хабарда.
Шунингдек, учрашувда томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирдилар. Иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди. Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, сайёҳлик алмашинувини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқ дипломатиясини мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида Ўзбекистон ва Иордания пойтахтларида Маданият кунларини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Турғунов Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси сифатида 2024 йил март ойида Ар-Риёз шаҳрига келган. 2025 йил апрель ойида эса у бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг биринчи элчиси сифатида Баҳрайн Ташқи ишлар вазирлигига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter