Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғоналик блогер ҳам товламачиликда айбланиб қамоққа олингани айтилди

Фарғоналик блогер ҳам товламачиликда айбланиб қамоққа олингани айтилди

Ижтимоий тармоқларда фарғоналик блогер О.Ҳ. қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалганидан сўнг вилоят ИИБ расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 29 июль куни Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда О.Ҳ. товламачилик устида қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, О.Ҳ. жорий йилнинг 12 июн куни «Қўқон Истиқлол» савдо комплексида норасмий савдо фаолияти билан шуғулланган тадбиркорларнинг ишончига кириб, уларда норозилик кайфиятини уйғотиш орқали, савдо комплексларидаги реконструкция ишлари бўйича салбий мазмундаги мақолаларни ўзига тегишли ижтимоий тармоқ каналларида жойлаштирган.

«Блогер «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси МЧЖ расмийларидан товламачилик йўли билан моддий маблағ ундиришга уриниб, ўзи томонидан тайёрланган «Қўқонда ҳуқуқий демократик бошқарувми ёки шаръий бошқарувми?» номли салбий мазмундаги мақолани интернет тармоқларида тарқатмаслик эвазига, 10 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилиб, ундан умумий қийматда 7,5 минг АҚШ долларини қўлга киритиб, қўшимча 2 500 АҚШ долларини олаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Миробод тумани судида ютуб-блогер Абдуқодир Мўминовнинг жиноят иши кўрилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг