Андижонда 4 кишининг бандлигини таъминлаш учун олинган кредитни «туя» қилганлар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа ҳамда Хўжаобод туманларида турли мақсадларда олинган кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Қўрғонтепа туманидаги «E.В. » МЧЖ раҳбари М.М. ва бошқалар тижорат банки филиалидан 4 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш мақсадида жами 125,6 млн сўм кредит ажратилишига эришиб, амалда уларга тикув дастгоҳлари етказиб бермасдан, ушбу маблағларни нақдлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Худди шундай, Департаментнинг Хўжаобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «A.T. » хусусий фирмаси раҳбари А.А., якка тартибдаги тадбиркорлар «Т.Т.» ва «Т.П.» билан ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан хусусий фирмага мебель ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш мақсадида ускуна ҳамда хом ашё маҳсулотларини сотиб олиш учун ажратилган 610 млн сўм кредитни икки ЯТТнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Бундан ташқари, Департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «T.B.» ва «M.M.» МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан «Т.В.» МЧЖга дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган ускуналарни сотиб олиш мақсадида ажратилган 2,3 млрд сўм кредитни «M.M.» МЧЖга ўтказиш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter