Тобутга китоб билан кўмилган, «Бриллиант қўл»даги майорнинг ҳаёти
«Бриллиант қўл»даги майорнинг ҳаёти қандай бўлган? Ундан нима учун ўғли норози эди?
Станислав Чекан 1922 йилнинг 2 июнида Ростов-Донда Юлиан Егорович ва Матильда Ивановна оиласида туғилган. Унинг ота-онаси фуқаролар урушида, Будённий қўшинида жанг қилишган, ҳатто жажжи Стасикни Семён Михайлович қўлида кўтариб юрган ҳам эди.
Стаснинг онасини ювош Фил деб атардилар, алп келбатли бу аёл Ростов шаҳридаги ярим ҳудудни парвариш қиларди. Орадан ўн йил ўтиб, 1932 йили Чеканлар оиласида яна бир бола – Володя дунёга келди. Матильда Ивановна ўғилларини жудаям яхши кўрар, аммо серғайрат Стаснинг ёмон болаларга қўшилишидан хавотирда эди. Бу бежиз эмас, ўша пайтларда Ростов-Дон ўғри-талончилар билан танилганди.
Станислав 15 ёшда бўлганида отаси Юлиан Егоровични халқ душмани сифатида ҳибсга олишди. У ошпаз сифатида совет аскарларини заҳарлашни режалаштирган эмиш! Кўп ўтмай, Матильда Ивановнани ҳам қамашди. Ўша қўрқинчли йилларда немис ва поляк миллатларини халқ душмани деб айблаш айни муддао эди.
Беш ёшли Володяни болалар уйига, Станиславни эса меҳнат колониясига юборишди. У илк бор мустақил ҳаёт билан юзма-юз келди. «Мен оч ўтирибман, – деб эслаганди Чекан, – ён томонда эса байрам намойиши бўлиб ўтяпти. Болакайлар «Бахтли болалигимиз учун ўртоқ Сталинга раҳмат» деб ёзилган плакат кўтариб олишган».
Колонияда собиқ актриса тарбиячи бўлиб ишларди. У Стаснинг истеъдодига эътибор қаратди ва қўярда-қўймай драма тўгарагига чақирди. Аммо Стас паспорт олганидан сўнг тунукачилик заводига қочиб қолди.
Орадан икки йил ўтгач, Матильда Ивановна озод қилинди. У аввал Стасни, сал кейинроқ эса Володяни топди. Юлиан Егоровични эса «асирлик»дан Будённийнинг ўзи халос этди. Эр-хотин узоқ умр кечирдилар. Улар ўтган йилларини бир оғиз жумла билан тилга олишарди: «Биз курортда бўлганимизда...»
Ростовда Станислав театр институтига ўқишга кирди, Юрий Завадской курсини танлади. Унинг ёнида қорачадан келган йигитча типирчилар, ҳаяжонланганидан бурнигача терлаганди. Танишишди. Йигитча ўзини Сергей Бондарчук деб таништирди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам танловдан ўтишига ишонмасди. Қарангки, 200 нафар даъвогардан фақат Стас ва Сергей курсга қабул қилинди.
Улар ҳамиша бирга эдилар. Тушлик пайтида Стаснинг отаси ҳузурига – ресторанга чопишарди. Қирқ биринчи йили уруш бошланди. Станислав оддий аскар бўлиб кетди. Новороссийск остонасида оғир яраланганидан сўнг фронт ансамблига ўтказишди. У ерда Стас рассом Тина Мазенко-Белинская билан танишди ва фуқаролик никоҳи асосида бирга яшай бошлади.
1945 йили армиянинг Одесса театри актёри бўлган Станислав Чекан Бондарчукдан хат олди: «Мен ВГИКка кирдим. Сен ҳам кел!» Аммо Чекан Москвага кўчиб ўтиш арафасида турганди – уни армиянинг марказий академик театрига ишга таклиф қилишганди.
Урушдан кейинги йилларда Станислав Юльянович кинога кириб келди ва умрининг асосий қисмини унга бағишлади. «Полк ўғли» , «Мовий йўллар» фильмларидаги роллари зиғирча ҳам машҳурлик келтирмади. Чекан эса ҳар сафар ўқиди, ўзлаштирди, ўзини киноактёр сифатида кўраверди. Ниҳоят Игорь Савенконинг «Тарас Бульба» (1951) фильмидаги ушоқдек лавҳада истеъдоди билан ярқ этиб кўринди. Унинг қаҳрамони бағри кенг оддий аравакаш бўлиб, тақиқланган қўшиқни хиргойи қилади.
Кейинги йили Чекан саргузашт фильм бўлган «Тоғдаги застава»да Марченко ролини ижро этиш учун Ўрта Осиёга келди. Унинг картина режиссёри Константин Юдин билан дўстлашуви катта иш берди. 1956 йили Юдин рус циркининг машҳур артистлари – паҳлавон Иван Поддубний ва масхарабоз Владимир Дуров ҳақида «Курашчи ва масхарабоз» фильми устида иш бошлади.
Константин Константинович Станислав Чеканни ҳеч қачон мағлубиятга учрамаган рус полвони ва курашчиси Иван Максимович Поддубний ролига таклиф қилди. Аммо Юдин фильмни якунлай олмай, 1957 йили вафот этди. «Курашчи ва масхарабоз»ни афсонавий кино устаси Борис Барнет поёнига етказди.
50-йилларнинг охирида Станислав Юльянович бўлажак рафиқаси Ноннани учратди. Нонна Сергеевна хотираларидан: «Станислав Юльянович худди фил жажжи итга қарагандек менга қизиқиш билан боқди». У эридан 17 ёш кичик эди. Тўй бўлиб ўтди. 1960 йили уларнинг ўғли Сергей туғилди. Чекан киноактёрлар театр-студияси таркибида эди. У ўттиз йилдан зиёд вақт давомида (1958 – 1993) шу даргоҳда хизмат қилди.
Чеканнинг кинодаги роллари турли-туман: комедиядан трагедиягача. Эпчил полвонлар, ароқхўрлар, зобитлар, аскарлар, босқинчилар, миллия ходимлари, ҳайдовчилар, спорт усталари – Чекан қанчадан-қанча қаҳрамонларни ўйнамади, дейсиз!
Леонид Гайдайнинг «Бриллиант қўл» фильмидаги милиция ходими Михаил Иванович ролидан сўнг томошабинлар уни янада яхши кўриб қолдилар. Артист шон-шуҳратга кўмилди.
Чекан томошабинни жалб қилиш маҳоратига эга бўлган. У ўз ролини самимий ўйнар, шу боис қаҳрамонлари эсда қоларди. «Терговни билимдонлар олиб борадилар» сериалининг илк лавҳалариданоқ Чекан ижро этган омадсиз ўғри Силинни ҳис эта бошлайсан. Унинг қаҳрамони – омборни ўмарган талончи, жиноят билан қўлга тушган, бироқ бутун келбати ва ҳамиша севимли аёли ҳақида гапириши, маъюс кўзлари ўйга толдиради: Силиннинг ўзи қурбон эмасмикан? Дўсти деб ўйлаган одам томонидан аёвсизларча алданган қурбон!
«Одам-амфибия», «От билан юриш», «Кундузги сеансга иккита чипта», «Менга ишонинг, одамлар», «Ва яна Анискин» фильмлари мухлислар томонидан ҳозиргача севиб томоша қилинади. Чекан қаҳрамонлари – «Навбатдаги рейс» даги ҳайдовчи, «Икки ҳаёт» даги комиссар Иван Петренко, «Уруш ва тинчлик» даги Тихон Шербатий, қисқа метражли «Шатакка олинган қиз»даги боцман Сан Санич бор бўйи билан намоён бўлади. Актёрнинг улкан гавдаси, овози, асосийси, истеъдоди – уруш кўрган, ўз ишига фидойи артист иқтидори ярқ этиб кўзга ташланади.
Бироқ артистнинг ҳаёти кўнгилдагидек эмасди. Станислав Юльяновичнинг кенг феъли турли ҳолатлар, кутилмаган воқеаларга дуч қиларди. «Чекан учун чоракта ичимлик филни пашша чаққандек таъсир қилмайди», – деб ҳазиллашишарди дўстлари.
Станислав Юльянович намунали ота бўлишга ҳаракат қилди, бироқ ичишни ташламади. Шу боис ўғли билан муносабатлари яхши эмасди. Сергей зийрак, кўнгли нозик бўлиб, отаси билан фахрланар, бироқ унинг ароқхўрлигини қораларди.
1991 йилнинг 5 сентябида Полина Чекан – актёрнинг набираси дунёга келди (у келгусида театр билим юртида таҳсил олиб, бир нечта фильмларда суратга тушди).
Умрининг охирги йилларида Станислав Чеканни касаллик кўп азоблади, урушда орттирилган жароҳати қийнади. Оёқлари бўйсунмай қолди. Шу боис Чеканни кинога кам таклиф қилишар, театрда ҳам банд эмасди. Актёр ижодий кечалар муносабати билан мамлакат бўйлаб юрар, полкдошлари билан учрашарди. 1994 йили у хотинига шундай деди: «Биласанми, энди мен яшамаслигим керак. Касбим, у билан бирга эса ҳаммаси кетиб қолган». Бу ҳақиқат эди.
Чекан қаттиқ оғриб қолди ва Нонна Сергеевна «Тез ёрдам» чақирди, у келгунича эса ойнани уриб синдирди. Шифохонада эрининг уч ҳафталик умри қолганини айтишди – ўткир лейкоз (қон ҳосил қилувчи аъзоларнинг касаллиги). Нонна Сергеевна умр йўлдошига ўлаётганини билдирмасликларини илтимос қилди. Соддалик панд бермади, актёр бу ҳақда билмади.
Станислав Юльянович Чекан 1994 йилнинг 11 августида ҳаётдан кўз юмди. Нонна Сергеевна эрининг тобутига Лермонтовнинг китобини солиб қўйди...
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter