Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли таржимон филантроплар ҳақида қонун қабул қилишни таклиф этди

Таниқли таржимон филантроплар ҳақида қонун қабул қилишни таклиф этди

Ўзбекистонда адабиёт ва санъатни, турли ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлайдиган филантроплар, бизнесменлар ҳамда донор ташкилотларга имтиёзлар берилишига доир қонун қабул қилиниши зарур. Бу ҳақда таниқли шоир ва таржимон, Бутунжаҳон шеърият ҳаракатининг мамлакатимиздаги координатори Аъзам Обид томонидан Ўзбекистон Президенти ҳамда тегишли вазирликларга йўлланган мурожаатда сўз боради.

Ёзувчилар уюшмасининг халқаро адабий алоқалар соҳасидаги фаолиятидан қониқмаслигини маълум қилган ижодкор адабиёт ва санъат илғор мамлакатлардаги каби давлатдан мустақил ривожланиши мақсадга мувофиқ эканини таъкидлайди.

«Ўзбекистон бадиий ижод ва санъат соҳасида бой, ранг-баранг ва катта меросга эга бўлгани билан, бу мероснинг катта қисмидан халқимиз мутлақо бехабар, дунё ҳамжамияти унинг ҳатто бир фоизидан ҳам воқиф эмас», – деб ёзади Аъзам Обид.

Муаллиф бу сирада Халқаро ижодий резиденция/туризм дастури, Халқаро ижод уйи, Халқаро шеърият фестивали, Халқаро ёзувчилар анжумани каби муҳим лойиҳа ва дастурлар ҳалигача йўлга қўйилмагани, Ўзбекистондаги бирорта шаҳар ЮНЕСКОнинг адабиёт ёки санъат шаҳарлари рўйхатига кирмаганига эътибор қаратади.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда адабий агентлик, адабий агент, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш нималигини ҳалигача кўпчилик билмайди; ўзбек ижодкорларининг аксари хорижий тилларни ўрганмаган, уларга дунёга чиқиш йўллари, асарларини хорижда нашр этиш, халқаро дастурларда қатнашиш учун йўл-йўриқ кўрсатувчи ташкилот ё механизм йўқ.

«Ўзбекистоннинг чет элларда адабиёт, санъат, маданият ҳамда хилма-хил урф-одат ва қадриятларимизни тарғиб қиладиган, таништирадиган (масалан, Гёте институтига ўхшаган) йирик институтлари мавжуд эмас. Ҳалигача миллат адабиётининг энг таниқли вакиллари, лоақал Алишер Навоий асарларининг бир фоизи ҳам жаҳон тилларига, хусусан, дунёда энг кенг тарқалган инглиз тилига таржима қилинмаган», – деб ёзади муаллиф куюнчаклик билан.

Замонавий ўзбек ёзувчи-шоир ва драматурглари халқаро доираларга чиқиш ҳақида кам қайғуришини қайд этган Аъзам Обид ёш қаламкашларга тил ўргатиш, етук ижодкорларни чет элларга ижодий саёҳатларга юбориш, хорижлик ижодкорларни мамлакатга олиб келиб, таржима ва маҳорат сабоқларига жалб этиш муҳим эканини урғулайди.

«Ўзбекистонда марказлаштирилган адабий таржимонлар уюшмаси йўқ. Ҳеч ким ўзбек ижодкорларини дипломатия, халқаро муносабатлар соҳасига жалб этиш, улар орасидан элчилар, маданият ишлари атташелари етиштиришни ўйламаяпти. Ёш ижодкорларни тарбиялашни мақсад қилган пойтахт ва вилоятлардаги ижод мактаблари яна ўша Ёзувчилар уюшмасига аъзоликни орзу қилиб ўсмоқда, холос. Ҳамма соҳаларда «чет эл тажрибасини ўрганаётганимиз» бир паллада Ёзувчилар уюшмаси ижодий соҳада энг яхши ва энг керакли чет эл тажрибаларини ўзимизга олиб кира билмаётир», – дейди таниқли таржимон.

Жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда «Буюк ипак йўли» халқаро адабиёт фестивали ўтказилиши кўзда тутилган эди. Аммо сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси, фестиваль директори Софи Ибботсон Ёзувчилар уюшмасининг кутилмаган муносабати ортидан ушбу тадбирни ўтказиш савол остида қолганини маълум қилди.

«Илтимос, Ўзбекистонда адабиёт ва санъат мустақиллиги учун йўл очиб беринг! Зеро, азиз Ватанимиз имижини эркин ва мустақил адабий лойиҳалар, шаффоф ННТ ва жамоат ташкилотлари кўтара олади, юзини ёруғ қила билади. «Буюк ипак йўли» фестивали жамоасига эса Ўзбекистонга чин дилдан ёрдам беришни истагани учун фақат раҳмат айтмоқ керак. Бу йил фестивалнинг Ўзбекистонда ўтказилмаслигидан улар ҳеч нарса ютқизмайди. Ютқизадиган биз, сиз – ҳаммамиз! Фестиваль эса қўшни ва бошқа Буюк ипак йўли мамлакатларида давом этаверади», – деб ёзади муаллиф.

Аъзам Обид ўнлаб мумтоз ва замонавий ўзбек ижодкорлари асарларини инглиз тилига таржима қилиб чоп эттирган. Ўзбек шеърияти ва насридан қилган таржималари Буюк Британия, Ҳиндистон, Германия, Франция, АҚШда китоб ҳолида ҳамда босма нашрларда босилган. У Ўзбекистонда илк бор «Халқаро ёзувчи ва рассом резиденцияда» ижодий туризм лойиҳасига ҳам асос солган.

UzLAB (Uzbekistan’s Literature and Art Bridge) дастури доирасида юртимизга дунёнинг ўнлаб ўлкаларидан ёзувчи, шоир, рассом, таржимонлар ташриф буюрди. Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа махсус молия манбалари ва ҳомийлик маблағларисиз, кўнгиллиларнинг ҳиммати эвазига амалга оширилмоқда.

Аввалроқ адабиёт фидойиси А.Обид халқаро дастур доирасида Нобель мукофоти соҳиби бўлган ижодкорлар – Ўрхон Помуқ, Ҳерта Мюллер ва Мо Янни юртимизга таклиф қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг