Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Дима Қаюм кутубхонаси бузиладими?

Дима Қаюм кутубхонаси бузиладими?

Фото: Facebook / Dima Qayum

Китоб тарғиботи ва китоб таъқиботи

«Дастурда кўзда тутилган қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин: китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ноширлик ва матбаа соҳаларини янада ривожлантириш, ...ахборот-кутубхона фаолиятини кучайтириш, таълим муассасалари ахборот-ресурс марказларининг кутубхона фондлари, кутубхоналар, ташкилот ва муассасаларнинг “Маънавият хоналари”ни ўқув-услубий адабиётлар, адабий-бадиий, маърифий ва илмий-оммабоп китоблар билан бойитиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш...».

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қароридан. 

Қарордан илҳомланиб...

Ижтимоий тармоқларда ўзининг ўткир ҳазиллари, теша тегмаган латифалари ва кутилмаган луқмалари ила машҳур бўлган, Риштон тумани деҳқон бозорида печка сотадиган Дима Қаюм (Дилшод Болтабоев) аввалига давлат раҳбарининг китоб ва китобхонлик борасидаги қарорларидан илҳомланиб, печкалари ёнига китоб жавони ясаттирди. Китобларни эса ўзининг мухлисларига мурожаат қилиб, хайрия асосида йиғди. Дилшоднинг даъватига лаббай деб жавоб берган ижодкорлар, оддий инсонлар Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларидан унга китоблар юбора бошлашди. Бу ҳақда сайтимизда ҳам хабар берган эдик.

Кейинчалик китоблар кўпайиб жавонга сиғмай қолгач, Дилшод ўзига тегишли бўлган жойда халқ кутубхонаси қуриш ниятида яна халққа мурожаат қилди. Халқнинг Дилшодга бўлган ҳурмати, ишончи боис қисқа вақтда керакли маблағ йиғилди. Дилшод Риштон тумани ҳокимига ҳам учраб, унинг розилигини олгач, бозор ичида «Рошидоний халқ кутубхонаси»ни қурди.

Кутубхона тилга тушди. У ҳақида газеталар, интернет сайтлари ёзди. Ҳатто Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг «Маданият ва маърифат» канали бу ҳақида кўрсатув қилди.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидай.

Бир қарашда ҳаммаси президент истаганидай.

Ҳамма қулай ва иссиққина кутубхонадан текин фойдаланаяпти.

Бир қарашда Дилшод Болтабоев элим деб, халқим деб катта савоб ишни қилди.  Бунинг оқибатида кўпчиликнинг ҳурматини ҳам қозонди.

Бошқа тарафдан қаралса, худди ана шу ишлари нодуруст! Ахир нега Риштонда шунча амалдор туриб, каттакон туриб, қўлини узатса ойга етадиган мансабдорлар туриб, қаердаги печкафуруш ҳурматга сазовор бўлиши керак?

Нега оддий печкафуруш ҳақида ҳамма ёзиши, уни кўрсатувларга таклиф қилиши керак?

Шу адолатданми?

Ахир амалдорларнинг каттаконлиги қаерда қолди?

Амалдорнинг қаҳри келди, алами келди. Каттакон олдин келишга ор қилган бозорга келди. Каттакон халқ кутубхонаси очган Дима Қаюмга дағдаға қилди:

− Кўтар кутубхонангни! Йўқот! Президент китоб тарқатиш ҳақида қарор чиқарган бўлса, мен кутубхонангни бузиш ҳақида қарор чиқараман!

Шу пайтгача индамаган, халқ шу кутубхона учун пул йиққанда бир сўм бермаган, шунча харажат қилиниб, совуқ бўлишига ҳам қарамасдан эл учун бир зиё маскани битиб қолсин дея меҳнат қилиниб, кутубхона қурилгач, китобга тўлдирилгач, эл шу масканга оқиб кела бошлагач, бу каттаконнинг ғайрати жўш уриб, бузгиси келиб қолганига қаранг.

Ахир шу кутубхонани қураман деб Дима Қаюм ҳокимга кирганида қаерда эдинг? Қурилиш бошланганда қаерда эдинг? Ундан олдин Дима Қаюм жавон ясатиб, бозорда китобларни бепул тарқатиб юрганда қаерда эдинг?

Нега шу пайтгача миқ этмай юриб, ҳаммаси рисоладагидай бўлиб, кутубхона иш бошлагач, ғимирлаб қолдинг?

Дима Қаюм кўпроқ зарар кўришини истадингми, каттакон?

Дима Қаюмнинг иши нотўғри бўлса, бозорни ёқиб юбориш эҳтимоли бўлса, нега шу ишни бошлаганда келиб тўхтатмадинг? Нега булдозер олиб келиб, сурдириб ташламадинг?

Энг қизиғи, туман архитектори деган каттакон Дима Қаюм ҳокимнинг маслаҳатини олишга кирганида ҳокимнинг ёнида ўтириб, бу ишларни ҳоким маъқуллаганда, ҳайбаракаллачилик қилиб, қарсак чалиб турган.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи эса шунча иш бошлангандан бери кўриб юрган.

Туман «ёнғинчи»лари ҳам ҳаммасидан хабардор бўлган, аммо Диманинг тутуни баландроқ чиқиши учун ҳамма иш битишини кутишган.

Дилшод Болтабоев бу бедодликдан фиғони фалакка чиқиб кимга борсин, туманининг катталари унга зулм қилиб тургач, юртнинг эгасига боради-да. Мана, у Ўзбекистон президентига мурожаат қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Фарғона вилояти Риштон тумани «Мискин» маҳалла фуқаролар йиғини Эҳтиром кўчаси 23-уйда яшовчи ҳунарманд тадбиркор Дилшод Болтабоевдан очиқ хат (илтимоснома)

Ота-онам пенсияда, мен эса Риштон тумани деҳқон бозорида тунука ва печка маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаман. Бозор ҳудудида қонуний жойимда сентябрь ойида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш тўғрисидаги қарорларингиздан илҳомланиб, бозорга ўз кутубхонамдан китоблар олиб чиқдим ва интернетдаги дўстларимдан ҳам китоб юборишларини илтимос қилдим. Китоблар ёғилиб кела бошлагандан кейин Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари Алишержон ва Риштон туман ҳокими билан суҳбатлашиб, рухсат олиб, ўзимнинг дўконимдан 12 кв.м жойига пластик материаллардан қурилиш ишларини бошлаб, 25 кунда замонавий «Рошидоний халқ кутубхонаси»ни битказдим. Очганимга уч ой бўлган бўлса, китоблар сони 1500 донадан, ўқувчилар сони 1000 нафардан ошди.

Бу қурилишга барча юртдошларим хайрия акцияси қилиб пул беришди, мен эса ҳаммасини шу кутубхонага сарф қилдим.

Кеча Риштон туман ҳокими ёнида ўтириб буйруқ олган қурилиш, архитектура бошлиғи тонгда туман ИИБ, туман ёнғин хавфсизлиги ходимлари билан келиб, «Сен кутубхонани ноқонуний қурдинг» деб обрўйимга путур етказди. «Кечагина ёнларида эшитдингиз-ку ҳокимнинг гапини», — десам ҳам тан олмади. Кейин Риштон туманининг янги ҳокими ёнига кирдим ва 30 миллион сўмдан ошиқ пул сарфлаганимни айтдим. У киши: «Бошқа жойдан жой бериб, кредит бераман», — деди. Мен: «Бошқа жойга боролмайман ва у жойни қуришга берилган кредитни тўлолмайман, гаровга қўйишга ҳеч нарсам йўқ. Ҳар куни ўқувчилар китоб олиб кетишмоқда. Бир кунда 20-25 дона кетади, албатта бепул тарқатаяпман, ёнида дўкончамда савдо қилаяпман. Сиздан илтимос, шу жойим бузилмаслиги учун ўқувчилар ва ўз номимдан ўтиниб сўрайман, бузишмасин. Ҳеч қандай ёнғинга сабаб бўлмайди ва бозорга халақит қилмайди», — дея сўрадим.

Кутубхонани Риштон тумани ҳокимлигининг ҳеч қандай ёрдамисиз қурган эдим.

Сизнинг «Жаҳолатни маърифат билан енгамиз» деган сўзларингиз қулоғимда доимо жарангламоқда. Илтимос, ўтиниб сўрайман, кутубхонани бузишмасин. Ёрдам беринг.

Қишлоқда кутубхона бор, лекин шароити йўқ, ҳам узоқлиги учун ҳеч ким бормайди. Мен қурган кутубхона бозор ичида, бозорга юмуш билан келган одам олиб кетаяпти. Албатта бепул.

Хурмат билан Дилшод Болтабоев». 

Биз нима деймиз?

Давлат раҳбари Дилшод Болтабоевнинг мурожаатига албатта жавоб қайтаради, бунга шубҳамиз йўқ.

Аммо Дилшод Болтабевни севган, ҳурмат қилган, у чақирганда лаббай дея китоблар берган, керак бўлганда кутубхона қурилиши учун пул ҳам йиғиб берган халқ Риштондаги каттаконларнинг қуюшқондан чиқишига жим қараб турмайди. Зеро, улар бармоғининг учи билан «Бузилсин!» деб бузиб юборишни истаётган кутубхона ўша каттаконларнинг пулига эмас, халқнинг пулига тикланган ва у каттаконларнинг мулки эмас, «Халқ кутубхонаси».

Халқ денгиздир! Риштонлик каттаконлар халқнинг кўнглини қолдирмасин. Улар президент тайинлаганидай, халқни рози қиладиган ишларни қилсинлар!

Кутубхонани бузиш эса халқни норози қилади.

Ана шу кутубхонага мен ҳам китоб берганман, мен ҳам пул берганман. Мен ҳам жимгина қараб туролмайман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг