Текшириб кўринг: тайм-менежментда кўп учрайдиган хатоликлар
Бундан икки минг йил муқаддам хитойлик файласуф Сюн-Цзи «Инсонда қанча кўп бўш вақт бўлса, у шунча кам нарсага эришади», деган эди. Бу гапда жон бор. Сабаби, бўш вақти кам бўлган кишилар асосан барча ишларнинг уддасидан чиқадилар. Аксинча, вақти кўп одамлар анча-мунча ишларга улгурмай қолишади. Бу борада тайм-менежментда ҳам бир қатор хатоликлар кузатилади. Биз уларнинг бир нечтасини эътиборингизга ҳавола этамиз.
1-хатолик. Ўз олдига мақсад қўймаслик. Иш бўйича суҳбатларда кўпинча «10 йилдан сўнг ўзингизни қандай тасаввур қиласиз?», деган савол билан мурожаат қилишади. Кўпчилик бу саволга аниқ жавоб беролмайди. Ёки жавоб берса ҳам жавоблар бир мунча мужмал бўлади. Бундай бўлмаслиги учун инсон ўз олдига кичик мақсадларни қўйиши лозим. Бу уни олдинга интилишига кўмак беради. Мақсадларни 3 га: узоқ муддатли, ўрта муддатли ва қисқа муддатлига бўлиш керак. Мақсадларингизни ёзинг ва унга эришгач, эга бўладиган имтиёзларингизни, уни амалга ошириш муддатини ҳам ёзишни унутманг. Сўнг уни бирор кўринадиган жойга қўйинг.
2-хатолик. Ишларни тақсимламаслик. Тасаввур қилинг, сиз талабасиз. Яқин орада сессия бошланади, камига қарзларингиз ҳам талайгина. Хўш, қарзларни тўлаш учун вақтни қандай режалаштириш лозим? Бу ҳақда ҳеч нима билмасангиз, Эйзенхауэрга ўхшаб, квадрат ичида уларни «шошилинч ва муҳим», «шошилинч бўлмаган ва муҳим», «шошилинч, аммо муҳим эмас», «шошилинч ҳам, муҳим ҳам эмас»га ажратинг. Ишларни 4 та квадратга жойлаш орқали сиз қай бир ишни қачон ва қанча муддат ичида қилишингиз кераклигини билиб оласиз. Юқоридаги мисолда келтирганимиздек, қарзларингизни ҳам бирма-бир узиш билан ишингизни анча енгиллаштирасиз. Ахир барча қарзни бир вақтда узиш имконсиз-ку?
3-хатолик. Вазифалар рўйхатини тузмаслик. Сиз мустаҳкам хотирали қаҳрамон эмассиз. Ва бу табиий ҳол. Шу боис, доим кунлик режаларингиз рўйхатини тузинг.
4-хатолик. Ишни батафсил ўйламасдан, ишга киришиш. Бу каби хато сизга вақт, энергия ва асабингизни беҳуда сарфлашингизга олиб келади. Яхшиси, оппоқ қоғоз олинг ёки «Word»да янги файл яратинг. Шундан сўнг, нималарни амалга оиширишингиз бўйича ўйлаб, уларни бирма-бир ёзинг.
5-хатолик. Жуда кўп масъулиятни зиммага олиш. Сизнинг самарадорлик коэффициентингизнинг ўз меъёри бор. Ундан ортиқ ишни бажариш асабийлик ва депрессияга олиб келади. Икки нарсани ўрганинг: Мавжуд чегарадаги ишларни бажардингизми, ортиқча ишлар учун «йўқ» дейишни ўрганинг. Иккинчидан, ёрдам сўрашдан уялманг. Сиз учун қийин бўлган нарса бошқа биров учун жуда осон бўлиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter