Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Поймол бўлаётган ҳуқуқлар: иш вақти ҳақида қонунчиликда нима дейилган?

Поймол бўлаётган ҳуқуқлар: иш вақти ҳақида қонунчиликда нима дейилган?

Фото:«Norma.uz»

Ҳозирда бир қатор маҳаллий ва хориж оммавий ахборот воситалари  ҳамда ижтимоий тармоқларда давлат хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқларига, шу жумладан, иш вақтининг қонунда белгиланган нормал муддатига амал қилинмаётганлиги, турли мажлисбозликлар туфайли ходимларнинг меҳнат унумдорлигига путур етаётганлиги, натижада, уларнинг ўз фарзандлари ва оиласига етарлича вақт ажрата олмаётганлиги каби ҳолатлар юзасидан кўплаб мақола ва постлар эълон қилинаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз.

Шунингдек, юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш, мамлакатдаги кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини такомиллаштириш борасида аниқ чоралар кўрилаётганлиги ҳам ҳақиқат.


Мавзуга доир: Ўзбекистонликлар ҳафтасига 7 кун, кунига 13 соатлаб ишламоқда


Хусусан, Президентимиз томонидан жорий йил 3 октябрда имзоланган «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мамлакатимиз кадрлар сиёсатини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган биринчи навбатдаги чора-тадбирларни белгилаб берди. Фармонда кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимида мавжуд тўртта асосий камчилик санаб ўтилди. Булар:

- давлат фуқаролик хизматига номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи тўғридан-тўғри таъсир кучига эга қонун мавжуд эмаслиги;

- давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органнинг йўқлиги, бунинг ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда вакант лавозимларнинг ўз вақтида эгалланишига йўл қўймаётганлиги;

- барча фуқароларнинг тенг имкониятлардан фойдаланишини ва профессионал сифатлар асосида мансаб поғоналаридан кўтарилиб боришини таъминловчи номзодларни саралаб олишнинг шаффоф механизмлари шакллантирилмаганлиги;

- давлат фуқаролик хизматчиларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг муносиб даражасини кафолатлаш чоралари жорий этилмаганлиги ҳисобланади.

Фармонда илк бора давлат фуқаролик хизматчиси ким эканлиги  тўғрисида аниқ таъриф келтирилди. Унга кўра ўз фаолиятини Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда амалга оширувчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланади.

Иш ҳақини белгилашга нисбатан унификациялаштирилган талаблар ўрнатилишини назарда тутувчи давлат фуқаролик хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизимини жорий этиш давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш мазкур агентликнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Эътиборли томони, Фармоннинг 11-бандида барча даражалардаги давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатларига, шунингдек, давлат фуқаролик хизматини обрўсизлантирадиган бошқа хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида қаттиқ огоҳлантирилган.      

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига бу борадаги талабларга сўзсиз риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни таъминлаш ва ушбу талабларнинг бузилишига йўл қўядиган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш бўйича таклифлар киритиш топширилган. Ушбу нормалар давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнат ҳуқуқларига амал қилинишининг қўшимча кафолати бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, Фармон билан Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсатини ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштиришга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Дастурда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини хорижий экспертларнинг тавсиялари ва кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш орқали Ўзбекистон Республикасида давлат фуқаролик хизматининг асосий тушунчалари, регламентлари ва кафолатларини қонун билан мустаҳкамлаш вазифаси ҳамда уни бажариш муддати аниқ кўрсатилган. Мазкур қонунда давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамловчи бир қатор нормалар белгиланилиши режалаштирилмоқда.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш кўп жиҳатдан раҳбар ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасига бевосита боғлиқ ҳисобланади. Кўп ҳолларда ходимлар томонидан ўз ҳуқуқларининг талаб қилинмаслиги оқибатида сўзимиз дебочасида келтириб ўтилган ҳолатлар юзага келади. Ҳар икки томон – иш берувчи ва ходимнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юқори бўлмас экан, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган мақсадларга эришиш қийин бўлади.

Маълумот учун: Меҳнат кодексининг 115-моддасига кўра ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Давлат хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларнинг белгиланиши  улар фаолиятининг иш жойида қанча вақт ўтирганлиги ёки мажлисларда иштирок этган-этмаганлигига қараб эмас, балки бажарилган ишларнинг самараси ва натижасига кўра одилона ва объектив асосларда баҳоланишига замин ҳозирлайди.

Севара Ўринбоева,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг