Ўзбeкистоннинг «ақлли» сув технологиялари тақдим этилди
Хабарингиз бор, БМТ Бош Ассамблеясининг етмиш бешинчи сессиясида нутқ сўзлаган Президентимиз Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатлари, хусусан, Оролбўйи ҳудуди экологик фожиа марказига айланганига жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортган эди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев томонидан Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилганди.
2021 йил 18 май куни БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясининг ялпи мажлисида, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси бир овоздан қабул қилинди.
Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси сифатида ривожлантириш борасида юртимиздаги илмий соҳа вакиллари ҳам кенг кўламли илмий амалий ишларни бошлаб юборишди.
Хусусан, 20 май куни Тошкент кимё-технология институти вакиллари Польшада ўтказилган «Атроф муҳит ва сув ресурсларини бошқариш» 2-халқаро илмий-амалий конференциясида онлайн иштирок этишди.
Институт вакиллари мазкур конференцияда Орол денгизи минтақасида илмий-инновацион муҳитни ривожлантириш, мавжуд муаммоларга замонавий технологиялар орқали ечим топиш ва амалиётда қўллаш борасидаги «Ўзбeкистонда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва «ақлли сув» тeхнологияларини жорий қилиш» мавзусида тақдимот қилишди.
«Афсуски, Марказий Осиёда халқаро стандартларга мувофиқ умумий сувдан фойдаланиш кодекси ҳали ишлаб чиқилмаган. Сув соҳасидаги минтақа мамлакатлари орасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда ва зиддиятли қирраларига ечим топиш иши доимий эътиборда бўлиб қолмоқда. Бунда Марказий Осиё республикалари ўзларини ягона экологик, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий бир бутун эканлигини ҳис қилишлари муҳим», — дейди институт ректори Ботир Усмонов.
Университет ректорига кўра, мазкур жараёнда Тошкент кимё-технология институти ҳам мавжуд экологик муаммоларга катта эътибор беради ҳамда ТКТИ талабалари ва ўқитувчилари тупроқни мустаҳкамлаш, шўр ва қумли шамоллар миқдорини камайтириш учун Орол денгизи минтақасида терак ва бошқа кўп йиллик ўсимликларни экиш билан боғлиқ бир қатор лойиҳаларда қатнашдилар.
Тошкент кимё-технология институтининг «Саноат экологияси» кафедраси олимлари чиқинди сувларни тозалаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича айрим технологияларни ишлаб чиқишган:
- Канализация ва флокуляция усуллари билан оқава сувларни тозалаш технологиясини ишлаб чиқиш;
- Тўқимачилик маҳсулотларидан чиқинди сувларни бўёқлардан тозалашнинг самарали усулини ишлаб чиқиш;
- Гидрометаллургия ишлаб чиқаришининг чиқинди сувларини тозалаш учун маҳаллий ва мавжуд хом ашё асосида янги анион алмашинувчиларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш;
- Оғир металл ионларидан чиқинди сувларни тозалаш учун поликонденсатланган анион алмашинувчиларни ишлаб чиқиш;
- Кимёвий ишлаб чиқариш чиқиндилари асосида флокулантларни олиш технологиясини ишлаб чиқиш;
- Сувни тозалаш ва оқава сувларни тозалашда янги ион алмашинадиган полимерларни қўллаш;
- Маҳаллий хом ашё асосида термо-кимёвий ва радиацияга чидамли катион алмашинувчиларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш.
- Озон хавфсиз фреонларни озон хавфсиз совутгичлар билан алмаштириш.
Юқоридаги технологиялар ҳақида халқаро конференция иштирокчиларига тўлиқ маълумот берилди. Бундан ташқари, Орол денгизи минтақасини — экологик инновациялар ва технологиялар зонаси сифатида ривожлантириш борасида институт профессор-ўқиутвчилари янада кўпроқ тадқиқот ўтказиш ҳамда сув ресурсларини тежаш, тозалаш ва мавжуд экологик муаммоларга замонавий технологиялар орқали ечим топиш устида илмий-амалий лойиҳалар ишлаб чиқиши таъкидлаб ўтилди.
«Президентимиз томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус, нафақат, Ўзбекистон ҳудуди учун, балки бутун Марказий Осиё мамлакатлари учун долзарб масала ҳисобланади. Орол денгизи минтақасини — экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги БМТ махсус резолюцияси бир овоздан қабул қилинганлиги ҳам бежизга эмас, албатта. Буни биз, олий таълим тизимида фаолият юритаётган мутахассислар, олдимизга жуда катта масала қўйилган деб талқин этсак ҳам бўлади. Чунки, экологик инновациялар ва технологиялар зонасида Орол денгизи минтақасидаги мавжуд экологик мауммоларни бартараф этиш борасида аниқ инновацион ечимлар топишимиз, сув ва сув ресурсларини бошқариш, уларни қайта ишлаш бўйича ҳам илмий ҳам амалий ишларни бажариш вазифасини қўяди», — деди халқаро конференция иштирокчиларига мурожаатида Ботир Усмонов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter