Орол денгизи тубида шўрланишга чидамли ўсимлик синовдан ўтказилди

Орол денгизи тубида экологик жиҳатдан оғир ва шўрланган шароитларга мослашган ўсимлик тури бўйича тажриба ўтказилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълум қилди.
Маълумотга кўра, мазкур тадқиқотлар Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан профессор Зиновий Новитский раҳбарлигида амалга оширилмоқда. Тадқиқотларнинг асосий мақсади – шўрланган ва қийин экологик шароитда яшай оладиган барқарор ўсимлик турларини аниқлашдан иборат.
Дала синовлари давомида арундо донах (гигант қамиш) ўсимлиги энг истиқболли тур сифатида танлаб олинди. Бу ўсимлик ҳар қанча намликни яхши кўрмасин, шўрланган муҳитга мослашувчанлиги билан ажралиб турди. Тажриба жараёнида унинг илдизи 2 метр чуқурликкача ўсгани кузатилди.
Олимлар арундо донахнинг яшовчанлигини ошириш мақсадида она ўсимлик илдиз куртакларидан кўчат тайёрлаш усулини ишлаб чиқишди. Бундай куртаклар Урганч ва Қорақалпоғистондаги Оролга ўхшаш табиий шароитларга эга ҳудудлардан йиғилган. Синов натижаларига кўра, экилган кўчатларнинг 90 фоизидан ортиғи яшаб қолди.
Ушбу ўсимликнинг чуқур ва кенг илдиз тизими тупроқни мустаҳкамлаш, эрозия ва чанг бўронларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда. Бу синовлар Оролбўйи минтақасида экологик ҳолатни яхшилаш ва экотизимни тиклашга қаратилган муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Айни вақтгача Оролбўйида 2 миллион гектар майдонда яшил қоплама яратилган. Яқин келажакда ушбу кўрсаткич яна 100 минг гектарга оширилиб, умумий ўрмонзорлар майдони 2,1 миллион гектарга етказилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter