«Малайзиядаги таълим тизими, бриллиант ақл эгалари» – математик ватандошимиз билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги қаҳрамони Малайзия Теренггану университети математика фани ўқитувчиси Зайниддин Эшқувватов.
Суҳбатдошимиз Самарқанд вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. Кўп йиллар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида талабаларга дарс берган. 2004 йилдан буён Малайзияда истиқомат қилиб келади.
Отам ва катта акамлар сабабчи бўлишган
1966 йил Самарқанд вилояти Булунғур туманининг Пахтабоши қишлоғида дунёга келганман. Оиладаги етти фарзанднинг бешинчисиман. Раҳматли отам айтган эдилар, Ингичга (Ғўбдин) тоғдан тушим водийга жойлашганда биринчилар қаторида пахта бизнинг қишлоққа экилган экан, шундан Пахтабоши номи қолган, қизиғи ҳозир умуман пахта йўқ.
1983 йил Тошкент давлат университети (ЎзМУ)нинг Амалий математика ва механика факултети «Ҳисоблаш математика» бўлимига ўқишга кирганман ва 1988 йил муваффақиятли тамомлаганман.
Математика соҳасини танлашимга отам ва раҳматли катта акамлар сабабчи бўлишган.
Отам Самарқанддаги «Педагогика техникумига» ўқишга кириб ўқиётганда Иккинчи жаҳон уруши бошланган ва 1942-1944 йиллар урушда қатнашиб 3 марта жароҳат олгач 1944 йил қишлоғимизга қайтган. Шароит бўлмагани учун ўқишини давом эттира олмаганлар. Абдукаҳҳор ва Абдусаттор акамлар ҳам математик. Укам Аслиддин география фанидан кўп йиллардан бери мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб келади.
Ўзбекистонда ўрганганим етарли эмаслигини ҳис қилдим
2000 йил «Устоз» фонди ўтказган танловда ғолиб бўлдим ва Япониянинг Ниппон фонди молиялаштирилган иқтисодиёт соҳасига доир махсус курсларга қатнашдим. Кейин Малайзия ва Японияда малака оширдим.
2001 йил PhD диссертациямни муваффақиятли тамомлагач, (марҳум профессор Маруф Исраиловнинг номзодлик диссертациямни ҳимоя қилишда улкан хизматлари бор) 2002-2003 йиллар Путра Малайзия университети ташкил қилган халқаро конференцияда маъруза қилдим. Сўнг Ўрол ака Бекбоев маслаҳати билан мазкур олийгоҳга ўқитувчилик (лекторлик) учун ҳужжат топширдим ва 2004 йил март ойи қабул қилиниб, ўшандан бери фаолиятимни шу ерда давом эттирмоқдан.
Ҳаёт йўлимдаги яна бир муваффақиятим ҳақида айтмоқчиман. 1996-2004 йиллар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ишлаган даврим олийгоҳнинг ўша вақтдаги ректори Саидмухтор ака Саидқосимов раҳбарлигида инглиз тилини ўрганишга, шу билан бирга инглиз тилида дарс беришга шароит ва тарғиб яхши йўлга қўйилган эди. Аспирантура (1990-1993) давримдан инглиз тилини ўргана бошлаган бўлсам ЖИДУга ўтгач, уни янада кучайтиришга имконият бўлди.
Путра Малайзия университетига келиб ҳақиқатан ҳам инглиз тилида дарс беришга тўғри келгач Ўзбекистонда ўрганганим ёрдам берган бўлса-да, етарли эмаслигини ҳис қилдим ва бу тилни ўрганишга қаттиқ интилдим ва нормал даражада дарс бериш ва мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдим.
«Бриллиант ақл эгалари»
Малайзияда ўқитувчилар жуда катта ҳурмат ва мавқега эга. Хусусан, мамлакатда коррупциядан ҳоли бўлган соҳалардан бири айнан таълим тизими. Ўқитувчилар тажрибаси ошган сайин ойлиги ҳам ошиб бораверади. Пенсияга чиқаришда энг катта ойлигининг 50% дан 60% гача миқдори ҳисобланади.
Эътиборлиси, университетда математикадан дарс берсангиз, ҳурматингиз яна ҳам ошади. Кўпчилик математикларни «Бриллиант ақл эгалари» сифатида эътироф этишади.
Хуллас, математика соҳасининг амалий математика йўналиши Малайзияда жуда яхши ривожланган. Назарий математика бироз оқсаган. Шунинг учун ҳам биз ўзбекларни Ал-Хоразмий авлодлари – булар фанда ҳам илғор, динда (Имом Бухорий авлодлари деб қарайди) ҳам собитқадам деб билишади.
Филм ва китоблар
Мен ёқтирган ва фойдали деб билган филмлардан «Дирилиш» ва «Қурилиш». Бу киноларда Халифа Усмоннинг отаси Эртуғрул ҳаёти давомида Исломга қилган хизматларидан бошланиб, ўғли Халифа Усмон «Усмонийлар Империяси»ни қандай ташкил қилгани батафсил баён қилинган.
Китобларга келсак, Шайх Ҳазратларининг китобларидан «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» тўплами, шу билан бирга ёзувчи Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки», «Шайтанат» китоблари ва Азамат Қаржановнинг «Телба келиннинг кундалиги» асарларни ўқишни тавсия қиламан.
Илмий фаолиятдан тўхтаганим йўқ
2004-2015 йиллар Путра Малайзия университети, 2015-2020 йиллар Малайзия фан ва ислом университетида фаолият юритдим. Ҳозирги кунда, Малайзия Теренггану университетида ишлаб келмоқдаман.
Кўплаб шогирдлар чиқардим. Хусусан, 5 та PhD ва 4 та магистрантлар ўз илмий ишларини раҳбарлигимда муваффақиятли ҳимоя қилишди, ҳозирги кунда 2 та ўзбекистонлик PhD талабам билан илмий изланиш қилмоқдамиз. Шу билан бирга, ўтган йиллар мобайнида Малайзия ва Ўзбекистон олимлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшганимдан жуда хурсандман.
Таълим бериш баробарида илмий фаолиятдан тўхтаганим йўқ. Жумладан, ҳозирги кунда долзарб ва амалий аҳамияти катта бўлган «Турли тартибли сингулар интеграллар»ни тақрибий ҳисоблаш, «Сингулар интеграл тенгламаларни» сонли ечиш, ночизиқли интеграл ва интегро-дифференциал тенгламаларни аппросимацилаш бўйича анчагина натижалар олиб диссертация ҳолига келтирганман. Жорий йилнинг сентябр ойларида ҳимоя қилишни режалаштиряпман.
Бир қиз, икки ўғлим бор
Малайзия таълим тизимида шанба ва якшанба кунлари дам олиш куни қилиб белгиланган. Маҳаллий аҳоли бу кунларни оиласига тўлиқ бағишлайди. Бу ерга келиб мен ҳам шунга одатландим. Қолаверса, иш куни 8 соат (8:00-16:00) бўлганлиги учун ишдан кейинги вақтимизни оила ва фарзандлар билан ўтказишга фурсатимиз бор.
Қисқача оилам ҳақида маълумот бермоқчиман. Рафиқам Гулшода касби ҳамширалик, Малайзияга келганимиздан бери уй бекаси. 3 фарзанд – бир қиз, икки ўғлимиз бор. Қизим Нулуфар Путра Малайзия университетининг Инглиз филологияси факултети ва Бирмингҳамдаги BPP университетида АССА йўналиши (сертификатланган бухгалтерлар уюшмаси)ни қизил дипломга битирган. Ҳозир, Англияда дунёдаги энг катта 6 аудит компаниялардан бири – Grant Thornton’да аудитор бўлиб ишламоқда.
Катта ўғлим Салоҳиддин Малайзия Петронас университетини битиргач, 4 йил муҳандислик йўналиши бўйича Австралияда фаолият юритиб келди. Бугунги кунда, компютер соҳаси бўйича магистратурада ўқийди. Кенжа ўғлим Аҳмаджон Компютер фанлари йўналишида таҳсил олди, келаси йил MBA бўйича ўқишни ният қилган.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter