Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

«Китоб ― рашкчи кундош...»

«Китоб ― рашкчи кундош...»

Фото:«Xabar.uz»

Одам минг ақлли бўлмасин, китоб ўқимаса, жоҳиллигича қолаверади. Ақлни Худо беради, орифлик эса китоб ўқимагунча келмайди.

Чунки инсон китоб ўқир экан, ўзи билан ёлғиз қолади, хулосаларини ўзи мушоҳада қилиб чиқаради, ҳақиқатларга ўзи етиб боради. Ўзингиз етиб борган ҳақиқатлар бўлмаса, «айқу» индексингиз неча бўлишидан қатъи назар, мустақил, чуқур мушоҳадали инсон бўлолмайсиз.

Албатта, «айқу»ни оширишнинг китобсиз иложи йўқ. Лекин маълум даражага етгач, одам ўқимай қўйиши ҳам мумкин. Аслида, ўша даражадан бошлаб йўлингиздан ҳақиқий китоблар чиқа бошлайди.

Китоб ўқишни интизомга айлантириб олиш ҳаммага насиб этмаслиги мумкин, аммо шундай қила олганлар ютади. Баъзида китоб кўп ўқиганлар ўз ёшидан катта кўринади. Лекин олимларнинг аниқлашича, инсон мияси фақат китоб ўқиганда ва зинадан тепага кўтарилганда ёшарар экан. Демак, китоб ўқиб, етукликка эрта эришган мия бу ҳолатини узоқ вақт сақлаб тура олади, агар мутолаа интизомини бузмаса. 17 ёшида етук мия 80 ёшида ҳам қаримай турса, мазза-ку.

Лекин китоб ўзи учун муҳит ва алоҳида жидду-жаҳдни талаб қилиши ҳам бор гап. Югур-югур, муаммолар, чалғишлар ― мутолаанинг душмани. Бир китобни бошлаб, охирига етказа олмаган ҳолатларимиз шунинг учун.

Китоб ― эътиборталаб рашкчи кундош, онгнинг бошқага чалғишини кўтара олмайди, жавҳарини яшириб олади, тароватини очмайди. Натижада охирига етолмаган китобларимизнинг ўзи ҳам алоҳида кутубхонага айланиб қолади. Ўқилмаган китоблар кутубхонаси...

Яна 30 ёшгача китоб ўқишни одат қилиб улгурмаган инсонга энди кеч деган гап ҳам бор.

Хуллас, мутолаага кечикманг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг