Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳарбийлар Вазирлар Маҳкамаси қарори бажарилишида ёрдамга киришди

Ҳарбийлар Вазирлар Маҳкамаси қарори бажарилишида ёрдамга киришди

Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан Навоий вилоятининг Кармана туманидаги 900 та хонадонга сув чиқариб берилади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати Xabar.uz'га маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий округ тасарруфидаги муҳандислик бўлинмаларидан тузилган йиғма бурғулаш отряди томонидан сув таъминоти оғир аҳоли пунктларида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун суғориш қудуқлари қазиб берилмоқда.

18 апрел куни кўчма отряд Кармана туманидаги Кумушкон аҳоли пуктига бориб жойлашди. У ерда ҳарбий хизматчилар томонидан дала чодирлари тикланиб, махсус техникалар учун жой ҳозирланди.

Ҳозирги кунгача ПБУ-50, ПБУ-200 ҳамда УДВ-15 кўчма бурғулаш техникалари ёрдамида 20 та аҳоли томорқасига сув чиқариб берилди. Аҳоли яшаш манзилларида 15 метргача чуқурликдан сув тортиб чиқарилмоқда. Баъзида махсус техникаларнинг бурғулаш мосламаси 10-13 метрдан кейин қаттиқ жисмга дуч келиб қолиши натижасида, бошқа жойга кўчирилмоқда.

Бундан ташқари Мудофаа вазирлиги муҳандислик техникалари Хатирчи туманидаги Ўзбекистон қишлоғида ҳам бурғулаш ишларини давом эттирмоқда. Қир-адирлардаги лалмикор ерларга 200 метргача чуқурликдан сув қазиб чиқарилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда «Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг