«Ҳамид Олимжон қариндошлари бизни нега судга берган эди?»
Рустам Жабборовнинг «Муқанна озодлик курашчисими ёки золим фирибгар?» мақоласини кўпчилик зўр қизиқиш билан ўқиб чиққанига аминман. Тарихий далиллар аниқ-тиниқ келтирилган ушбу мақолада Муқанна шахсига ҳаққоний муносабат акс этган.
Дарҳақиқат, Муқанна шахси тарихий манбаларда ҳаққоний акс эттирилган. Кўплаб ўрта аср тарихчилари унинг шахсини муттаҳам ва ёлғончи сифатида қоралаб ёзишади. Беруний, Наршахий каби муаррихлар мусулмон бўлгани учун ҳам Муқаннани ёмонлаб ёзишади, дегувчилар ҳам бир талай. Аммо қип-қизил коммунист бўлган Сергей Толстов-чи?! У ўзининг «Древний Хорезм» монографиясида Муқанна ҳақида мусулмон тарихчилари ёзолмаган ҳақиқатларни ошкор қилмаганми?!
Рустам Жабборовнинг мақоласи тарихий ҳақиқатни юзага чиқаришга қилинган журъатли бир уринишдир.
Бундан беш-олти йиллар муқаддам «Муқанна миллий қаҳрамонми?» сарлавҳали мақолам дастлаб ижтимоий тармоқларда, кейинчалик «Сирли табобат» газетасида дўстим Шукур Жаббор ташаббуси билан эълон қилинган эди. Ана шундан кейин Шукуржоннинг ҳам, каминанинг ҳам бошига тушган ташвишларни тарифласак, ўзи бир рўмон бўлади.
Мақола эълон қилингач, кўпчилик тарихчилар менга қўнғироқ қилиб, айни ҳақиқатни ёзганим билан табриклашган эди. Бироқ коммунистлар мафкураси билан ўсиб, вояга етган айрим ижодкорлар мақоладаги фикр-далилларни тўғри қабул қилиш ўрнига ўзига, обрў ва мартабасига ярашмайдиган «кураш»ни бошлаб юборишди. Уларнинг бошида ўша пайтдаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси турди. Унинг ташаббуси билан «Сирли табобат» газетаси ақидапарастлик, мутассибликни тарғиб қилувчи нашр деган жамоатчилик фикрини шакллантиришга ҳаракат қилинди. Бир адабиётшуноснинг (эндиликда марҳум, Аллоҳ раҳмат қилсин) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан бирига берган ва ижтимоий тармоқларда ёритган фикрномаси айнан ана шундай қораловлар билан тўлиб-тошган эди.
Таҳрирни ҳам қийиб қўядиган Шукур Жаббор «Хўш, унда нега ўзбекнинг гўзал шоири Ҳамид Олимжон Муқаннани миллий қаҳрамон даражасига кўтарди? Бу даражани халқ оммаси онгига ташувчи «Муқанна» драмаси ёзилишига сабаб нимада эди? Мазкур саволларга жавоб оддий: шўро мафкураси… тамом вассалом» деган жумлаларимга жузъий ўзгартиш киритиб «Мазкур саволларга жавоб оддий: Ҳамид Олимжон иккиюзламачи, тамом вассалом» дея ўзгартирганди. Бу эса Ҳамид Олимжон авлодларининг газета таҳририяти билан судлашишига сабаб бўлди. Суд иши адолат мезонларида бўлиб ўтди деёлмайман. Чунки суд жараёнига Шукур Жаббор етаклаб борган гувоҳлар (Усмон Носирнинг) қариндошлари киритилмади. Бечора дўстим ўз фикрини исботлашга имкон берилмади. Оқибатда «Сирли табобат»дай ўқишли газета ёпилиб кетди.
Бу билан ҳам юрагининг қурти ўлмаган уюшма раиси (эндиликда собиқ) навбатдаги тажовузни олис Хоразмда тинчгина ишлаб юрган каминага қаратди. Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилоят бўлими масъулига «Эрпўлат Бахт билан гаплашиб қўйиш» вазифаси топширилди. Менинг Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилиш бўйича тўпланган ҳужжатларимни олиб кирган устоз Турсунбой Адашбоевни жеркиб ташлаган... Шукур Жаббор таъбири билан айтганда, собиқ раис Муқаннага «тош отганлар»ни қўли етган жойгача ёмонлаб, уларнинг суробини тўғирлатиб қўймоқчи ҳам бўлди.
Минг шукурки, тегишли маҳкамаларда Шўролар даврига хос чақувлар билан жазолайдиган шахслар ишламас экан...
...Рустам Жабборнинг мақоласи тарихий ҳақиқатни юзага чиқаришга қилинган журъатли бир уринишдир. Сезишимча, унинг бу иши аксарият элдошларимиз томонидан маъқулланса-да, ҳали кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланмайди. Муаллифга отмоқчи бўлган тошини қўйнида асраб юрганлар борлиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Нима ҳам дердим, илм йўлининг оғир сўқмоқлари кўп бўларкан-да. Шундай экан, бошинг тошдан бўлсин, Рустамжон!
Эрпўлат БАХТ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter