Эркин Воҳидовнинг талаба билан энг қисқа учрашуви
Мен афғонистонликман. Гарчи ўзбек тилини энди ўрганаётган бўлсам-да баъзи ўзбек шоирларининг шеърлари таржимасиз ҳам кўнглимга жуда яқин. Атоқли, қатъиятли шоир, таржимон, драматург Эркин Воҳидов ҳақида, ижодини ўрганишимга сабаб бўлган ягона нарса – профессор Тўлқин Эшбекнинг ҳикояси бўлди.
Тўлқин Эшбекнинг талабаларидан бири Эркин Воҳидов билан суҳбат қилмоқчи эканлигини айтади. Устоз талабасининг тилагини бажаришни чин юракдан қабул қилади. Тўлқин Эшбек ўша пайтлари депутат бўлган Эркин Воҳидовнинг ёнига бориб, талабаларидан бири шоир билан суҳбат қилмоқчи эканлигини айтади. Эркин Воҳидов катта мамнуният билан бу таклифни қабул қилади.
Шундан сўнг профессор талабасига: «Сен маълум бир кунда келиб, саволларингни олдиндан тайёрлаб олишинг керак», дейди. Ниҳоят, учрашув куни келди. Домла ўз шогирдини Эркин Воҳидов билан учраштиради ва икки суҳбатдошни ёлғиз қолдириб хонадан чиқиб кетади.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан талаба устози олдига қайтиб чиқади. Профессор қисқа суҳбатдан ҳайратланиб, талабадан нима бўлганини сўрайди.
Талаба: «Эркин Воҳидов устозингга бор, деб айтди», дейди. Домла бу ҳолатни тушунмаса-да талабага ҳеч нарса демай уни кузатиб қўяди. Шундан сўнг Тўлқин Эшбек Эркин Воҳидовдан интервю қандай ўтганини сўрайди. Шоир берилган саволларнинг жавобини барча билишини, уларга жавоб беришга ҳожат йўқлигини айтади.
Талаба Эркин Воҳидовга «Қайси йилда туғилгансиз?», деб савол берган эди. Бошқача савол берилишини кутган шоир саволни эшитиб ҳайрон қолади ва талабага «устозингизнинг олдига боринг», дейди.
Шу ўринда, эътибор қиладиган бўлсак, Эркин Воҳидов тажрибасиз шогирдга моҳирона муносабатда бўлиши билан ўзининг буюклигини, донишмандлигини намоён этди. Дарҳақиқат, фақат буюк одамлар ҳар қандай вазиятда ҳам муомаласи ва хатти-ҳаракати билан ўз шахсиятининг улуғворлигини ва қатъиятлилигини кўрсатади.
Ўзбекистонга келганимдан бери «Ўзбек халқи буюк халқ» деган иборани эшитаман, лекин шу пайтгача бу иборанинг маъносига эътибор бермаган эдим. Ушбу воқеани эшитганимдан сўнг ўзбек халқининг шундай улуғ инсонлари бу халқ учун жуда ярашиб туришини англадим.
Эркин Воҳидовнинг ҳаёти, фаолияти, қимматли асарлари мени жуда таъсирлантирди ва катта таассурот қолдирди. Келажакда мен ҳам худди Эркин Воҳидовдай ижодкор, шоир, профессионал таржимон бўлишни истайман ва ҳозирданоқ баъзи асарларни ўзбекчадан форсчага таржима қилишни бошладим. Шунингдек, эндиликда инглиз ва форс тилларидаги асарларни ўзбек тилига таржима қилиш ниятидаман.
Эркин Воҳидов нафақат ўзбек, балки бутун дунё халқларининг фарзанди. Aйни дамда шоирнинг ўзи ҳаёт бўлмаса ҳам, ёзган ҳар бир асари ўқилганда унинг хаёлан мавжудлиги сезилиб, қалбларда ҳис қилинади. Чунки Эркин Воҳидовдек миллат шоирларининг икки умри бўлади. Биринчиси – жисмоний бўлса, иккинчиси – маънавий. Шоир ҳозир ўзининг маънавий умрини яшамоқда.
Фархунда Фрутан Амирий,
ЎзМУ журналистика факультети талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter