Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

"Cаботаж ҳиди келяпти..." – блогерлар ботинкаси тешик ҳайдовчининг қамалиши ҳақида

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Бектемир тумани судининг 2024 йил 26 декабрдаги ҳукми билан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларидаги турнақатор навбатларни танқид қилган йигит 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берган эдик

1978 йили Қашқадарё вилоятида туғилган Ғайрат Дўстов ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатларида оиласини киракашлик ортидан боқаётгани, ногирони борлиги, метан газ шохобчалари иш режимига киритилган чеклов ортидан оиласи таъминотини қила олмаётганини айтган эди.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани суди раиси Д.Дадахонова раислигида ўтган суд мажлисида Ғ.Дўстов МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбланган.

Илма-тешик бўлган пойабзалини кўрсатган ҳолда масъулларга мурожаат қилган ҳайдовчи йигитнинг 15 суткага қамалгани, янги йилни оиласи даврасида эмас, балки панжара ортида ўтказгани кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқ фаолларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

“Оғзидан шоди кириб, боди чиққан ҳокимлар битта узр билан қутулса, ўзининг ваколати доирасидан чиқиб, қонунларга тупуриб қўядиган айрим масъуллар оддий огоҳлантириш билан чекланса-ю, лекин узоқ вақт метанда навбат кутиб, энди навбати келганда “заправка” ёпилиб қолганидан фиғони кўкка чиққан ботинкаси тешик оддий бир халқ вакилини қамаб қўйишса, бечора Янги йил байрамини оила даврасида эмас, панжара ортида кутиб олса, бунда халқ адолатсизлик кўради. Ва бу адолат ҳам эмас, албатта.

Йилни катта хато билан бошладик. Афсус, минг афсус. Зиғирчалик фойдаси бўлмаган, аммо халқнинг давлатга бўлган ишончи нуқтаи назаридан жуда катта зарар олиб келадиган ушбу ташаббус кимдан чиққанини билмайман. Аммо бу хатонинг ўрнини қоплаш учун жуда кўп иш қилиниши кераклигини аниқ биламан”, – деб ёзди блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.

“Ўзбекистон энергетика соҳасида давом этаётган шармандали муаммолар ҳақида гапирган Ғайрат Дўстовнинг қамалишини бугунги тизимнинг мурвати – ҳуқуқ органлари ва суд тизими томонидан қилинган шундай хатолардан бири дейиш мумкин. Ҳа, ўтган бир неча йил ичида мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга ошди. Буларни эсламаслик, эътироф этмаслик хато ва нохолислик. Аммо шулар қаторида муаммолар ҳақида гапирган фаолларнинг қамалиши, душман сифатида кўрилиб, таъқибга олиниши фаол давом этмоқдаки, бу охир-оқибатда яна бошланғич нуқта сари жуда тез одимлашдир.

Таъқиблар бошида турганлар тушуниши керак, вақт ўтган сари жамиятда ҳар қандай масалага “Ғайрат Дўстовлар иши” призмаси, шу каби бошқа воқеалар берган хулосалар орқали қараш кайфияти кучайиб бормоқда. Бу кайфият ҳатто улар ҳисоблашадиган ягона реаллик – халқаро ҳамжамиятларга-да кўчиб улгурдики, вақт ўтган сари ўрнимизни тобора қизиллаштираётган турли рейтинглар ҳам шундан сўзламоқда”, – деб ёзди журналист Илёс Сафаров.

“Одамларнинг кайфиятини тушириб ижтимоий тарангликни орттирган бу кейс узоқ вақт эсдан чиқмайди. Ким қилган бўлса ҳам, саботаж ҳиди келяпти.

Янги пойабзалга қурби келмаётган одамни жаримага ҳам тортишибди. Камбағални урма-сўкма, тўнини йирт дегани шу бўлади.

Ундан кўра муаммони келтириб чиқарган сабабларни бартараф этинглар. Ҳар йили совуқ тушса метан заправкаларда одамлар норозилигини келтириб чиқарувчи ҳолатлар бўляпти. Ўтган йили ўласи қилиб урилган йигит воқеаси ҳали ёддан чиқмаганди. Ҳамманинг овозини ҳам, хотирасини ҳам ўчириш имконсиз.

Шу ўринда Ғ.Дўстовнинг қийин аҳволга тушиб қолган оиласидан маҳалла тузилмалари ва ижтимоий ҳимояга масъул органлар хабар олишларини илтимос қиламан.

Одамлар ҳам қараб турмаяпти. Фаоллар “Эзгулик” жамияти раҳбари, ижтимоий фаол инсон Абдураҳмон Ташанов картасига пул йиғишмоқда”, – деб ёзди жамоат фаоли ва блогер Шаҳноза Соатова.

“Шу акани 15 суткага қамаш билан қани энди Ўзбекистон газ импортчисидан яна газ экспортчисига айланиб қолса, Ўзбекистоннинг энергетика муаммолари барҳам топса. Ўзбекистонликлар энергетика муаммоларини, умуман, муаммоларни гапирмагани билан муаммолар йўқ бўлиб қолмайди-ку. Ҳозирги Ўзбекистон аввалгисидан сал бўлса-да яхшироқ бўлса, айнан шу жиҳати – муаммолар айтилгани ва кейин уларга ечимлар топилгани билан яхшироқ бўлмаганмиди ахир?” – деб ёзди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

“Бироқ жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судининг ушбу қароридаги мана бу жиҳатларга танқидий тўхталмасдан иложимиз йўқ.

Биринчидан, қарорнинг воқеа тафсилотини баён қилувчи қисмида гўёки ҳуқуқбузарлик содир этилган, деб иддао қилинган вақт аниқ кўрсатилмаган. Ваҳоланки, вақт дейилганда йил, ой, кун ва соатлар тушунилади.

Иккинчидан, воқеа тафсилотида гўёки, у шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаганлиги иддао қилинган, лекин айнан қандай сўзлар билан ҳақоратлаганлиги, у сўзлар ҳақорат саналиши ёки саналмаслиги мавҳумлигича қолиб кетган.

Ваҳоланки, майда безорилик деб аталмиш ҳуқуқбузарликнинг ягона белгиси бу, жамоат жойида содир этилишининг ўзигина эмас.

Агар шахс муайян шахс(лар)га қарата ҳақорат қилган бўлса, ҳақоратланган шахс(лар)нинг шахсини аниқлаш ва шахсга қаратилган қилмиш, деб баҳоланиши керак бўлиб қолади.

Учинчидан, МжтКнинг 294-моддасидан келиб чиқсак, Ғ.Дўстовнинг ушбу вазиятдаги процессуал ҳуқуқий мақоми “маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс” деб юритилиши керак бўлгани ҳолда, ҳали қарор чиқарилмасдан олдин уни “ҳуқуқбузар” деб атаб қўйилган.

Тўртинчидан, қарорда Ғ.Дўстовга жазо тайинлашда айбига иқрорлигини гўёки инобатга олганлигини кўрсатиб, амалда эса, модда санкцияси доирасидаги максимал жазони тайинлабди. Кечирасиз-у, биз айбига иқрорликни жазони оғирлаштиришга эмас, балки енгиллаштиришга хизмат қилувчи ҳолатлардан бири деб, билар эдик.

Шу жойида суднинг сўзи билан амали бир бирига мувофиқ келмабди.

Бешинчидан ва ҳаммасидан ҳам кулгилиси, суд жазо тайинлашда ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳам инобатга олиб қўйибди. Ажабо! Маъмурий ҳуқуқбузарликда ижтимоий хавфлилик белгиси ҳам бўлар экан-да?!

Ҳурматли судья хоним!

Жиноятни маъмурий ҳуқуқбузарликдан ажратиб турувчи ягона белгиси бу, айнан ижтимоий хавфлилиги эмасмиди?” – дея жазо тайинлаган судьяга эътирозларини баён қилган адвокат Абдумалик Абдуллаев.

“Бу боланинг қамалиши аниқ эди. Чунки олдимизда ҳали совуқ кунлар бор. Ижтимоий аҳволимизга кўзгу тутадиган бунақа қаҳрамонларнинг кўзи қўрқитиб қўйилмаса, сафи кенгайиб кетиши мумкин. Шунинг учун дарров унинг шахси текширилиб, бирон нарса топилади. Масалан, биринчи хотини билан ажрашган, иккита боласига алимент бермай юрибди. Таппа-тайёр жиноят! Газни танқид қилиб чиқмаганда бу жиноят билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди.

Хуллас, ўртоқлар, муаммони бу усул билан бартараф қилиб бўлмайди. Ундан кўра, биргалашиб ечим излаган маъқул. Ишонинг, бунақа йиртиқ красовкалар кўпайиб боряпти. Бунинг ҳаммасини қамашнинг иложи йўқ!” – деб ёзди шоир Алишер Назар.

“Habikatura” канали муаллифи Ҳабибулло Мўйдинов киракаш йигитнинг қамалишига атаб ушбу карикатура чизди. 

“Ғайрат Дўстовга кафолат бериб олиб чиқилиши тўғри бўлади. Туман, шаҳар кенгаши депутатлари бор. Маҳалла бор. Уйида қарамоғида бола-чақаси кўз тикиб ўтиргандир. Давлатнинг Куч пропорцияси бор, Меҳр пропорцияси ҳам. Ўз кучига ишонган давлат меҳриниям аямайди”, – дея ечим таклиф қилди иқтисодчи Отабек Бакиров.

“Бектемир суди томонидан 15 суткага қамалган Ғайрат Дўстов сўроқ учун 27 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББга олиб кетилган.

Бугун унинг адвокати Адҳам ака билан Панельнийдаги сақлов изоляторига бордик. Навбатчининг айтишича, у Тошкент шаҳар ИИББда сақланмоқда.

Айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББнинг навбатчилик қисми дам олиш куни бўлгани боис у билан учрашувимизга рухсат беришмади.

Суд томонидан белгиланган жазони ўтаётган шахсни нега сўроққа олиб кетишгани ва у ерда ушлаб туришгани сабабини тушунтиришмади.

Ҳозирча 3 нафар кўнгилли адвокатда уни ҳимоя қилишга ордер бор. Кўнгиллилар сони ортмоқда”, – дея ҳибсдаги ҳайдовчи ҳақидаги сўнгги маълумотлар билан ўртоқлашди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг