Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ҳақ бўлиб чиқди. Бухородаги МХХ ва солиқ мулозимларининг томошалари

Президент ҳақ бўлиб чиқди. Бухородаги МХХ ва солиқ мулозимларининг томошалари

Иллюстратив сурат.

«Бу ташкилот қутурган ит эди. Хоҳлаган одамни нима қилса қиларди., керак бўлса, столбани ҳам олиб бориб қамарди».

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Бухоро вилоятига ташрифи доирасида 16 февраль куни
Пешку туманида вилоят фаоллари иштирокида
йиғилишдаги маърузасидан.
 

«Али бобо ва қирқ қароқчи» фильмини кўргансизлар. Кундузи подшоҳлик қилган Абу Ҳасан кечаси қароқчилик қилади.

Бугун сизларга замонавий Абу Ҳасан ва унинг вазирлари Бухорода кўрсатган томошалар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Томошанинг аввали

Воқеалар 2009 йилда бошланади. МХХнинг одами ҳисобланадиган Рауф исмли йигит Тошкентнинг «Roison» заводидан шу номдаги 90 дона совутгич(кондиционер)ни ҳеч қандай ҳужжатсиз Бухорогача етказиб келади. Аммо шаҳарга кираверишда, огоҳлантирилмаган шекилли, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходимлари машинани тўхтатишади. Рауф негадир секин ғойиб бўлади. Табиийки, машина ҳайдовчиси ДЙҲХХ ходимларининг саволларига мум тишлаб тураверади. ДЙҲХХ ходимлари солиқ идорасига қўнғироқ қилиб, ҳужжатсиз юк қўлга туширилганини айтишади. Солиқ идорасидан вакиллар келиб, ДЙҲХХ ходимлари билан бирга қиймати 40.000.000 сўм бўлган 90 дона совутгични бухоролик тадбиркор Шавкат Қудратовнинг «Рухсат Шаҳноза» хусусий фирмаси омборига жойлайдилар ва керак бўлганда ўзлари олиб кетишини айтадилар.

Шу билан совутгичлар Шавкат Қудратовнинг омборида ярим йил туради. 

Кутилмаган «босқин» томошаси

Қурбон ҳайити куни қурбонлик учун қўй сўйиб турган Шавкат Қудратовнинг корхонасига МХХ ходими Б.Худойназаров бошчилигида солиқ идораси ходимлари бостириб киришади. Худойназаровнинг «Ҳибсга олинсин!» деган буйруғи билан Шавкат Қудратов маҳбусдек олиб кетилади.

Бутун дунё қурбон ҳайитини байрам қилаётган кунда Қудратовлар хонадони ташвиш ва хавотирда қолди. Энг ёмони, бу ола-тасирнинг қўрқувидан саккиз йилдан бери даволаниб, не-не умидда фарзанд кутаётган аёлининг ҳомиласи нобуд бўлди.

Бухоро шаҳар прокуратурасига олиб борилган Шавкат Қудратовни МХХ ходимлари Б.Худойназаров, И.Муҳаммедов, А.Қулматов прокуратуранинг СВОЖЖДЛҚК департаменти бошлиғи О.Ҳимматов билан биргаликда «Сенинг валинеъматларинг ким?», «Ким сени қўллаб-қувватлайди?», «Шаҳар ИИБ бошлиғи Ш.Аминов божангми?» каби бемаъни, аммо ўзлари учун бамаъни саволлар билан алламаҳалгача ушлаб туришди. 

Қизиқ томоша

Шавкат Қудратовнинг корхонасида эса антиқа томоша бўлаётган эди. Бухоро шаҳар давлат солиқ идораси бошлиғи Н.Мустафоевнинг ғирт қалбаки буйруғи асосида буйруқда кўрсатилган ходимлар эмас, бошқа ходим Б.Тўхтаев томонидан мутлоқо қонунга зид равишда Шавкат Қудратовнинг корхонасида текширув бошланди. Текширувга на корхона раҳбари, на унинг оила аъзолари, на корхона ишчилари яқинлаштирилди.

Нега Мустафоевнинг буйруғи қалбаки дедик?

Буйруққа асос бўлади. Шаҳар ДСИ бошлиғи бир эмас, иккита буйруқ чиқарган ва уларга солиқ идораси ходимлари С.Давлатов ва А.Муҳаммедовнинг билдиришномаларини асос қилиб кўрсатган. Қизиғи, С.Давлатов ҳам, А.Муҳаммедов ҳам адлия бошқармасига чақирилганида ҳеч қанақа билдиришнома ёзмаганини ўз қўллари билан ёзиб беришган. Н.Мустафоев бу ходимлари ҳатто кейин ҳам шу билдиришномани ёзиб қўйишларини шарт деб ҳисобламаган. Солиқ инспекциясида ҳалигача бу билдиришномалар йўқ.

Ундан ҳам қизиғи, Н.Мустафоев буйруғидаги «буйруқни тайёрлади», «келишилди» бандларида кўрсатилган Х.Атоев, Ш.Хўжаев, Н.Болтаев, О.Камоловларнинг ҳар бири адлия бошқармасига чақирилганида буйруқдан мутлоқо хабарсиз бўлишганини, бошлиқ уларга кейин, ҳамма ишлар бўлиб ўтганидан сўнг бу ҳужжатларга қўл қўйдириб олганини ўз қўллари билан ёзиб беришган.

Яна бир қизиқ жойи шундаки, текширишда Н.Мустафоев шахсан қатнашган ва камомад чиқишини таъминлаш учун айрим маҳсулотларни саноқда кўрсатмасликни ўз ходимидан талаб қилган.

Энг қизиғи ва қонунга зиди шуки, Н.Мустафоев текширув далолатномасига доимо ўзи тарафидан навбатчи холис сифатида шай тутиб туриладиган «холис»лари — солиқ коллежи талабаси М.Йўлдошев, иқтисодиёт коллежи талабаси Д.Нуруллаев, ҳеч қаерда ишламайдиган А.Атоуллаевнинг исм-фамилияларини кўрсатган ва уларга кейинчалик имзо қўйдирган.

«Мен тўққиз ойдан бери шу ишга жалб қилинганман ва шу вақт мобайнида камида 16 та корхонада ўтказилган текширувда холис сифатида қатнашганман. Бундан ташқари камида 10 та ўзим қатнашмаган текширувнинг далолатномасига ҳам холис гувоҳ сифатида қўл қўйдиришган», − деб ёзади Муҳиддин Йўлдошев адлия бошқармасига ёзган тушунтириш хатида. — Мен «Рухсат Шаҳноза» корхонасига умримда бормаганман, Шавкат Қудратовни ҳам танимайман. Солиқ идораси бошлиғи Н.Мустафоев «Далолатномага ҳам қўл қўясан, судда ҳам текширишда қатнашганман, камомадларни кўрганман деб гувоҳлик бераверасан, қўрқма, орқангда мен турибман, менинг орқамда биласан-а ким турганини? Сенга ҳеч нарса бўлмайди, кейин сени ўзим солиқ идорасига ишга оламан деди».

«Холис» гувоҳлардан яна бири Дилмурод Нуруллаев ҳам 20 га яқин текширувда «холис» бўлиб иштирок этганини, доимий «холис» эканини, кўп текширув далолатномаларига ўзи бормаса ҳам қўл қўйиб берганини, «Рухсат Шаҳноза» корхонасига эса бормаганини, текширувда қатнашмаганини ўз қўли билан ёзиб берган.

Акмал ва Юсуф исмли «доимий холислар» ҳам солиқ идораси томонидан ёлланганликларини, ҳамиша уларнинг текширувларида «холис» бўлиб қатнашганларини, улар тутқазган далолатномаларга доим имзо қўйиб беришганини таъкидлашди.

Н.Мустафоев Муҳиддинга берган ваъдасида туролмади, уни ёлғон гувоҳлик берганликда айблаб суд қилишди, ўқишдан ҳайдашди. У энди ҳеч қачон солиқ идораларида ишламайди. Унинг отаси эса судда ўғлини жиноятга ундаган, аслида ундан жиноятчи ясаган солиқ идораси раҳбари Н.Мустафоевга муносиб баҳо берди:

— Ҳайф сенга Ўзбекистон герби! Сен раҳбар эмас, жиноятчисан! 

Газета дўконларидаги томоша

Солиқчилар ҳам газета ўқишар экан. Энг қизиғи, ўзлари ёқтирган газетани битта-иккита эмас, ҳаммасини сотиб олиб ўқишар экан. Ана мухлислик!

2010 йилнинг 30 июнида «Бухоро ёшлари» газетаси Саидбурҳон Қодировнинг «Нопок йўл ёки ғирром солиқчиларнинг нохолис шотирлари ҳақида» номли мақолани эълон қилади. Мақолада биз юқорида тилга олган солиқчиларнинг ғаройиб ҳангомалари атрофлича ёритилади.

Бу солиқчиларнинг кўпдан бери кутиб юрган мақоласи бўлади, шекилли, икки соатнинг ичида Бухоро вилоятидаги барча газета дўконларидаги «Бухоро ёшлари» газетасини сотиб олишади. Жонбозликни қаранг! Бошқа ишларни ҳам ана шундай тезкорлик ва фидойилик билан бажарганларида Бухоро аллақачон ер юзининг жаннати бўлиб кетган бўларди. Афсус... 

Суд томошаси

Албатта, суд дегани адолатни ўрнига қўядиган, бировни беайб жазоламайдиган, ҳақни қарор топтирадиган маҳкама. Буни жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси ҳам яхши билади. Судья сифатида қасамёд ҳам қилган бўлса керак. Аммо жабрланувчидан айбланувчига айлантирилган Шавкат Қудратов айбсизлигини исботловчи беҳисоб далилларни тақдим этишига қарамасдан, шаҳар адлия бошқармаси бу ишда қатор сохталиклар борлигини кўрсатиб ҳужжатлар тақдим этишига қарамасдан жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Отабек Тошев Шавкат Қудратовни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 187-моддаси 3-банди билан айбли деб топди, яъни Шавкат Қудратов мансабини суиистеъмол қилганликда ва давлат мулкини талон-торож этишда айбланиб, энг кам иш ҳақининг 310 баравари миқдорида жаримага тортилди ва уч йил раҳбарлик лавозимидан четлатилди. 

Томошадан кейинги томоша

Суд ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг совуққонлиги, воқеа-ҳодисаларга муносиб баҳо бермаганлиги оқибатида жиноят содир бўлди. Ваҳоланки, қийшиқ ўса бошлаган ниҳол вақтида тўғрилаб қўйилса, бутунлай эгри бўлиб кетмас эди. Солиқ идоралари билан ҳамтовоқликка ўтган «сохта холис гувоҳ» Дилмурод Нуруллаев айнан шу соҳадаги фаолияти туфайли, яъни Шуҳрат исмли солиқ идораси ходимининг топшириғига биноан, унга олиб бориб бериш учун бир тадбиркордан 100.000 сўм порани олиш чоғида ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан қўлган олинди.

Шундан кейин супертомоша бошланди. Пора олган Д.Нуруллаевни қўлга олган ички ишлар бошқармасининг коррупцияга қарши кураш бўлими тезкор ходимлари Ёқуб Очилов ва Турсун Шодмоновларнинг ўзларига жиноий иш очилди. Улар ғайриқонуний равишда иш кўрганликда айбланди. Пора олаётган одамни жиноят устида ушлаган ходимлар ишдан кетди. Ана томоша! 

Қизиқ томошанинг қизиқ якуни

Ноқонуний маҳсулотни сақлаганликда ва сотиб юборганликда (?) айбланган Шавкат Қудратовнинг корхонаси омборидаги томошаларга сабаб бўлган 90 дона совутгични яна айнан МХХ ходимлари ва солиқчилар келиб, ҳақиқий эгаларига (?) қайтаришни талаб қилишган. Тўққизта ишбилармоннинг исм-фамилиясини айтиб, ўшаларга қайтаришни буюришган ва совутгичларни сиз гумон қилиб турганингиздек... Рауф олиб кетган. Қаёққа олиб кетгани, совутгичларнинг тақдири нима бўлгани номаълум...

Маълуми шуки, ўзлари олиб келиб қўйиб, ўзлари олиб кетган совутгичлар учун Шавкат Қудратовнинг бўйнида судланган деган тавқи лаънат осилиб турибди.

Саккиз йилдан бери Шавкат Қудратовнинг Ўзбекистон президентига, президент девонига, Бош вазирга, Давлат солиқ қўмитаси раисига, Олий судга, Ўзбекистон бош прокурорига, Олий мажлисга, вилоят ҳокими, вилоят суди, вилоят прокуратураси, вилоят солиқ бошқармасига ёзган шикоят хатлари ва улардан олган жавоблари бешта китоб бўлди. Аммо биргина натижа йўқ: Шавкат Қудратовнинг номи оқлангани йўқ!

Шавкат Қудратов президент Шавкат Мирзиёевнинг «Барибир адолат ўрнатамиз, айбдорлар булбулдек сайрайди» деган сўзларига ишонади ва ўзига нисбатан адолатни қарор топтиришларини, оқлов ҳукми чиқиб, ундан ундирилган ноқонуний жарималар ўзига қайтарилишини, унга ғайриқонуний тарзда азият етказганлар жазосини олишини, ундан кечирим сўрашларини, унга етказган маънавий зарарни ҳам тўлаб қўйишларини истайди.

Каримберди Тўрамурод
Бухородан «Хabar.uz» учун махсус тайёрлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг