«Бойсун баҳори». Йўллар таъмирланмоқда, тайёргарлик авжида
Паданг қишлоғи — Бойсун туманининг сўлим жойи. Ана шу масканда ЮНЕСКО ташкилоти ҳамкорлигида халқаро «Бойсун баҳори» фестивали ўтказилади. Жорий йилнинг 27-29 апрель кунлари мазкур фестиваль ташкил этилиши олдидан вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бу ерда фестиваль ташкилотчилари — мутасадди корхона, ташкилот ва тегишли муассасалар раҳбарларининг учрашуви ўтказилди.
Бу йил фестивалда қатнашчилар сони кўпаяётганлиги, ҳозирдан кўпгина хорижий мамлакатлардан меҳмонлар фестивалда иштирок этишга истак билдираётганлиги боис бу ерда обрўси ошиб бораётган фестивални юқори савияда ўтказиш борасида барча тегишли идора ва ташкилотларга топшириқлар берилди.
Хусусан, байрам арафасида бу ерда 100 дан ошиқ ўтов тикилади ва қўрғонлар барпо этилади. Курашга алоҳида жой тайёрланиб, Республикадан ҳакамлар таклиф этилади. Шунинг дек, арқон тортиш, чиллак ўйинлари, варрак ва шар учириш, хўроз ва қўчқор уриштириш ҳамда бошқа турдаги миллий ўйинлар учун алоҳида тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Байрамга 50га яқин элчи келиши ҳам кутилмоқда.
Меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, йўл-транспорт хизматларини яхшилаш, ҳунармандлар учун шароит яратиш, «Бойсун баҳори»ни талқин этадиган баннер, афишалар қўйиш, тиббиёт пунктлари хизматини такомиллаштириш, фитобарлар, кўчма дорихоналар ташкил этиш галдаги вазифалардир.
Бу йил меҳмонлар сонининг икки баробар кўпайишини инобатга олиб, хорижликлар учун диққатга сазовор жойларга саёҳат уюштириш, иккинчи массив йўлларини очиш ва эски йўлларни таъмирлаш, шоҳ бекатларда ва йўлларда «Бойсун баҳори»га тўғри бориш учун йўл белгиларини ўрнатиш, машина қўядиган жойларни кенгайтириб, тартибга келтириш, электр энергияси таъминоти ва ёритиш мосламаларини созлаш ва ўрнатиш ҳамда овқатланиш шохобчаларида таомлар турини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш , сув таъминоти масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилади.
Санъат мактаби, бадиий академия, ихтисослаштирилган санъат мактаб — интернати, ёшлар иттифоқи, миллий анъаналар мужассам бўлган янги таклифномалар, санъат асарлари, муҳандислик графикалари ва паннолар тайёрлашлари, миллий ҳунармандчилик жиҳозлари учун алоҳида савдо расталари ташкил этишлари лозимлиги таъкидланди.
Меҳмонлар хавфсизлиги, оммавий сайил иштрокчиларининг беталофат бориб-келишларини таъминлаш бўйича ҳам тегишли органларга топшириқлар берилди. Маданият бошқармаси ходимларига чет эл ҳофизларини таклиф этиш, дастурларини тайёрлаш, меҳмонларни кутиб олиш борасида репитиция ишларини ташкиллаштириш вазифалари юклатилди.
Байрам кунлари фестиваль иштирокчиларига ўзбек санъаткорларидан ташқари хорижлик қўшиқчи ва ҳофизлар, мусиқачилар ҳам хизмат кўрсатади.
И.МИРЗО
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter