Акцияли рекламалар машмашаси: ўрмалаб кирмаган қаер қолди?
«TIZER – ўзинг танла! TIZER – ичдик. Ўттиз иккита жамоа йиғдик, мана, машина соҳиби бўлдик. WF – энергетик таъмли ичимлигини ичинг ва юздан ортиқ совғаларга эга бўлинг! WF – ичдик, машина соҳиби бўлдик. Мана ҳақиқат экан кўриб турганингиздек... Smile tea акцияси йилнинг охиригача давом этадиган бўлди. GESCO энергетик таъмли шарбатлари ва Else tea чойларини ичинг, «Омад шоу»да иштирок этинг! Омадингиз келса, SPARK сизникида! Мана битта шарбатга машина ютиб олдик, ҳамма ташкилотчиларга раҳмат!»
Бугун мана шундай совға-саломли реклама роликларига кўзимиз ҳам, ўй-хаёлларимиз ҳам анча ўрганиб қолди. Бундай олиб қараганда яхши-да, битта ёки бир нечта шарбат ичиб, ёмғир-қорда, иссиқ-совуқда яёв юргандан кўра узоғингни яқин қилувчи машинали бўлсанг! Омад келса, албатта.
Таассуфки, реклама деганда, радио-телевидениеда, газета-журналларда, турли плакат ва расмларда (сўнгги йилларда бу сафга интернет ҳам қўшилди) бирор маҳсулотнинг сифати ёки товарнинг ўзига хос томонларининг бевосита кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиши, тавсия қилинишини тушунамиз. Заруратга қараб керакли рекламани эътибор бериб, диққат билан кузатамиз. Аммо кейинги пайтларда реклама роликларининг баъзиларини «Оламшумул шоу»ларнинг парчасидек томоша қилиш мумкин. Айниқса, совға-саломли, акциялиларини. Авваллари бирор маҳсулотни «Акцияда олинг» дейишса, арзонроққа харид қилганимизга суюнардик. Ҳозирчи, акцияли деса нархи ўша-ўша, аммо совғаси борлигини тушунадиган бўлиб қолдик.
Ёқтирган дастур, кино, сериалимизнинг қизиқ жойида шартта узиб, реклама берилса бироз тажанглашамиз, бироқ машинамиз бўлса ҳам, маиший техникалардан камимиз бўлмаса ҳам, «Менам битта олсаммикин, омадим чопса... яна битта бўлса зиёни йўқ» деган ўй ўтади хаёлимиздан. Совға-саломли рекламалар кўрганимиз сайин кутилмаганда омад отимиз чопишини хоҳлаймиз. Кейинги пайтда совға-саломли рекламалар болаларнинг ҳам ўй-хаёлларга кириб олганини айтмайсизми?! «Ойижон, Smile tea олайлик, велосипеднинг бир қисми қолди», «GESCO оберинг, «Омад шоу»га борамиз», «Окейк»оберинг, «TIZER оберинг» – охирги пайтда болаларнинг бу каби хархашалари «совға-саломли реклама»ларга қараб ўзгаряпти. Уларда юз нағмаю жанжал билан харид қилдирган егулигу шарбатдан тотинишдан кўра акциядаги машинани ютиб олиш иштиёқи кучли.
Ўғлим ҳам шундай совға-саломли маҳсулотлар рекламасини телевизор ичига «кириб кетай» деб кўради, кўчаларга илинган баннерлар, ҳатто реклама ёрлиғи бор бирорта машина «зув» этиб ўтиб қолса ҳам юқоридагига ўхшаш хархашалар бошланади. Тиниб-тинчимаган одамлар «Пул» деган «хрустяшки»ни ҳам ўйлаб топишганини айтмай иложим йўқ шу жойда. Дўкондан рўзғорга зарур бирор нарса харид учун кирсам кичкина ўғлим «маши пулданам битта олайлик» деб қўшиб қўяди. Чунки «Пул»нинг ичидан пул чиқади-да. Алдагани бола яхши деганларидек, унга ичидаги егуликдан кўра, шу «хрустяшки»нинг нархига етмасаям пул чиқиши қизиқроқ.
Тўғри ишлаб чиқаришда, умуман, ҳар қандай янгиликка оригинал реклама керак. Бизда ҳозир оригинал рекламаларнинг аксариятида, албатта, совға-салом бор. Ана шу маҳсулот тўпламидан тортиб, зинама-зина автомобилгача. Мана сенга олам-олам акцияли маҳсулотлар, қучоғингга сиққанича ол! Шу онда машинали бўлиб қол, омадинг келса, албатта. «Ўзинг танла» имконинг етганича ол, дегандек.
Бир қўшнимнинг айтишича, ўғлининг синфидаги қайсидир бола бошқа биттасининг нимасинидир олган, ўртада дилхиралик бўлибди. Суриштира-суриштира сабабини ахири топишибди. Жанжалнинг бир учи «Тизер» қопқоғи йўқолишига бориб тақалганига нима дейсиз? Баъзан ўзим ҳам болаларнинг ўзаро суҳбатларида «Мен ўнта жамоа тўпладим, ҳар куни биттадан сотиб оламан», «Менда тўртта қисми бор SPARKнинг, юзтача сотиб олдимов, бешинчи қисми чиқмаяпти», «Менда бу жамоадан учта бўлди, кимга керак» каби гап-сўзлар қулоғимга тушиб қолади. Хўш, бола пулни қаердан олади? Албатта, ота-онаси «Мактабда оч қолмай бирор енгил егулик олсин», деган мақсадда берган пулларни шундай совуради.
Мактаб таълим ва тарбия берадиган улуғ даргоҳ. Буни қарангки, шу улуғ даргоҳга ҳам «акцияли рекламалар» машмашаси ўрмалаб кирмоқда. Бу фарзандларимизни мактабда билим олиш, ўқиб-ўрганиш мақсадидан чалғитмаслигига ким кафолат беради? Битта қопқоқ учун тортишиб қолиш қайси одоб меъёрларига тўғри келади? Дейлик, қайсидир боланинг омади келиб бирор совғани қўлга киритса, унинг тенгдоши шунчаки ҳавас билан боқиши баробарида «ўқимаса ҳам бирор нарсага эришиш мумкин экан-ку» деган фикр хаёлидан ўтади-ку. Баъзан ана шу фикрнинг ўзигина болани билим олишдан совуши учун, муштумзўр бўлиши учун ҳам етарли.
Ҳар қандай ҳолатда болани оқлашга баҳона топилади. Аммо катталарничи?.. Ана шундай «акциялар машмашаси»га муккасидан кетган кап-катта одамларни нима деб оқлаш мумкин. Яқинда курсдошларимдан бири телеграмда қолдирган расм ва ёзувни кўрдим. Унда улгуржи савдо дўконларидан одамларнинг акцияли ичимликларни блоклаб, машиналаб сотиб олиш учун узун навбат кутаётган ҳолати тасвирланган. Расмнинг тагида дўконда кўргазмадаги ичимлик қопқоқларининг ҳаммасини кимдир очиб, яна қайтиб бураб қўйиб сотувчини «чув» туширгани ҳақида минг бир таажжуб билан, биз қай томон, қай манзилга қараб кетяпмиз, деган мазмундаги изоҳ ҳам қолдирилганди.
Бобом ёшлигимизда бирор пишган мева ё егуликни, янгилик, дея келтирарди. Ойим ҳаммамизга улашиб қолганини эртанги кунга олиб қўйса, бобом «Ҳаммасини болаларнинг олдига қўйинг, келин. Катта-катта еб тўйиб туриб кетишсин, илигиям, кўзиям тўқ бўлади» дерди. Энди ўйлаб кўрсак, очиққан десак нотўғри бўлар, чанқаган одам нечта ичимлик ичиши мумкин? Бир блокми ё бир машинами? Менимча, битта кишига ярим литрли қадоқдаги сув кифоя қилса керак. Яна бир жиҳат, баъзи энергетик ичимликлар чанқоқни қондиришидан кўра юрак урушининг тезлашиши, қон босимининг ортиши каби муаммолар келтириб чиқаришини тажрибаларда мисоллар билан телевизорда кўрсатишди. Хўш, шундай кейин ақли расо катталарни кўзи оч деймизми ё нафси...
Бир ҳафтача аввал ўғлим ҳам маҳалламиздаги дўконлардан бирида акцияли ичимлик қопқоғини ташлаб кетиш шарти билан ярим пулига сотилаётганини айтиб қолди. «Буям акцияда, ўғлим», деб қўя қолдим.
Яқинда бекатда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Шундоқ ёнимда автобус кутаётган аёллардан бири бекатдаги дўкондан битта ичимлик олиб чиқди. Ярим литрлик қадоқдаги сувни очиб улгурмаёқ ёнидаги дугонаси «Қопқоғини битта кўрсатинг, ютуқ бормикин?» деб қолди. Биринчи аёл ўйлаб ҳам ўтирмай қопқоқни дугонасига берди-да ичимликдан бир ҳўплади-ю афтини бужмайтиб «мазаси ғалатими», – деди. – Вой, дўконга кириб қопқоқни кўрсатинг, яна битта беради, – деди чечанлик билан ҳамроҳи. – Йўғ-э, ўзи таъми ғалати экан, сувсаганим учун, бирор ичимлик беринг, дегандим сотувчи қўлимга шуни тутқазди. Нима деб кираман яна, – деди аёл. – Унда менга беринг, – деб иккинчи аёл қопқоқни олиб минимаркетга кириб, яна битта худди шунақа ичимлик олиб чиқиб, оғзини очди. Қопқоқни текширар экан, бунисида ҳеч нарса чиқмади, деди-да идиш оғзига бураб қўйди. Дугонаси, меникининг қопқоғи қани, деди ажабланиб, қопқоқни олиб қолди, бўлмаса яна битта берармиди, дея кулди иккинчи аёл. «Оғзи очиқ ичимликни нима қиламан энди, ҳозир автобусга чиқсам тўкилиб ҳаммаёқни расво қилади», дея аёл ичимликни ташлаб юборди. «Ютуқ ичимлик»ни қўлга киритгани эса сумкасига соволди. Ана холос, сувсаган ким бўлдию сув ичган ким бўлди. Назаримда, «совға-саломли акция»лар машмашаси биринчи аёл эътиборини тортмаган. Ёки бундай «акция»лардан ўзини баланд тутади. Иккинчи аёл эса «совға-саломли акция»лар денгизидан қармоғига нимадир илинишига орзумандлиги баробарида яхшигина сурбетроқ ҳам эди. Шундай вазиятларни ўз кўзимиз билан кўриб, гувоҳи бўлганда, болалар-ку майли бола, деймиз, катталар ҳам баъзида болалардан баттарда, деган хулосага келасан киши.
Орамизда айнан «совға-саломли акция»лардан қимматбаҳо совғалар ютиб олишнинг нимаси ёмон, дейдиганлар ҳам бор. Бу қувонарли ҳол. Шу ўринда шундай «совға-саломли акция»ларни ташкиллаштириб, ўз маҳсулоти «бозорини чаққон» қилаётган тадбиркорларнинг чўнтагига ҳам барака берсин. Аммо яна бир нарсани биламанки, ана шу баракадан унган совғаларга бўлган қизиқиш «совға-саломли акция»лар васвасасига айланиб қолмаслиги керак. Шу ўринда тадбиркорларни ҳам айблаш фикридан йироқман. Чунки бозорнинг асосий тамойиллари талаб ва таклиф ҳисобланади. Бу жараёнда улар ўз номи билан тадбиркор. Чунки аҳоли ўртасида шундай «совға-саломли акция»ларга қизиқиш каттами, демак, шу маҳсулот бозорчилар тили билан айтганда «учиб» кетяпти.
Бувим ёшлигимизда «Осон келгани осон кетади, болам, пешона тери билан топилгани ширин бўлади» дер эди. Бу гапларимдан кейин, ия, қанча-қанча юртдошларимиз телевизордан тортиб, музлаткич, чангютгичу автомобил, ҳатто уй ҳам ютиб олишяптику, дейдиганлар ҳам топилади. Майли, омадини берсин, хайрли бўлсин! Келинг, шу қимматбаҳо совғанинг эгаси бўлиб, хурсандчилигини биз билан баҳам кўраётган юртдошларимизнинг қувончларини уларнинг қилган қайсидир эзгу амалларининг мукофоти деб билайлик. Фарзандларимиз онгги-шуурига ҳам шу руҳдаги тарбияни сингдирайлик. Токи, кўзгуда ўзимизни кўриб, ўзимизнинг ғашимиз келмасин.
Гулноза Турғунбоева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter