Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жаҳонгир Ортиқхўжаев қандай ваъдалар берди?

Жаҳонгир Ортиқхўжаев қандай ваъдалар берди?

Фото: «Xabar.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 7 ноябрь куни тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишлаган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш хусусида ҳокимларга қатор тавсия ва топшириқлар берган эди.

Жумладан, барча вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари икки кун муддатда Тадбиркорларга мурожаат қабул қилиши бўйича кўрсатма берилганди.

Орадан бир ой ўтиб, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг тадбиркорларга мурожаати эълон қилинди.

«Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорларга сезиларли даражада енгилликлар яратилди ва бу ишлар ҳали давом этмоқда. Шиддат билан ўзгараётган ва янгиланаётган бугунги жараёнларда шаҳримиз тадбиркорлари сони ҳам ортиб бораяпти», дейилади мурожаатда.

Шунингдек, ҳоким пойтахтда жорий йилнинг ўтган 10 ойида 16 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилгани, йил якунига қадар яна 8 мингдан зиёд янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши кутилаётгани, фаолиятини тўхтатган тадбиркорларнинг 4 мингтаси ўз фаолиятини 10 ой ичида қайта тиклаганини маълум қилган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишбилармон ва тадбиркорлар дардига қулоқ солиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, улар фаолиятига кенг йўл очиш ва уларга яқиндан ёрдам бериш бўйича олдинда турган вазифалар ҳали жудаям кўплигини тан олган.

«Бизнес юритиш - 2020» (Doing Business) ҳисоботида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, жумладан, ер ажратиш, қурилиш ва мол-мулкни рўйхатга олиш борасида қулайликлар яратишимиз керак. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, биз-раҳбарлар тинмай изланишимиз, муаммоларнинг оқибати билан эмас, балки уларнинг туб негизига етиб бориб, ақл билан, илм билан ечимини излашимиз лозим деб ҳисоблайман, — деди у. — Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш йўналишларида таҳлилий ва илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишга эҳтиёжи туғилмоқда. Бу ишларга олимларни жалб этиб, шаҳримиз иқтисодиёт кўрсаткичларининг жорий ҳолатини баҳолаш ҳамда ривожланган ҳорижий давлатлар илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда, қисқа ва узоқ муддатли ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишни режалаштирмоқдамиз.

Мурожаатда Тошкент шаҳрида тадбиркорликни йўлга қўйишдаги муаммоларнинг 30-40 фоизи ер ёки бино ажратиш масаласи билан боғлиқлиги, ҳокимият вакилларининг тадбиркорларни рози қилишдаги энг оғриқли муаммоларимиздан бирига айлангани, бу йўналишда албатта очиқ, шаффоф ва адолатли янги тизим яратиш, бунинг учун, қисқа муддатларда Тошкент шаҳрининг Бош режасини ишлаб чиқиб, тасдиқланишини тезлаштириш зарурлиги ҳақида ҳам сўз боради.

— Бунда, биринчи навбатда шаҳримизда яратилган истироҳат боғлари ва яшил ҳудудларни келажак авлодга сақлаб қолиш, уларни бузилиб, қурилиш майдонига айланиб кетишини олдини олиш учун барча чораларни кўрамиз, — дейди ҳоким. — Пойтахтимизда бўш ёки самарасиз фойдаланилаётган ер майдонлари ва бинолар негизида замонавий бизнес учун биноларни жойлаштириш концепциясини ишлаб чиқиб, концепция асосида тадбиркорлар учун биноларни тайёр ҳолда қуриб беришни режалаштирмоқдамиз. Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи дарё ва каналларимиз атрофидаги ерлардан оқилона фойдаланиш мақсадида, лойиҳалар асосида тадбиркорлар учун жойлар ажратамиз. Энг асосийси, юридик ва жисмоний шахслар хусусий мулкларининг даҳлсизлигини кафолатлаш борасида, Муҳтарам Президентимизнинг қатъий топшириқларига биз оғишмай риоя қиламиз.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш ва бизнес учун адолатли муҳит яратишда «чеклов» ва «тақиқ» механизмларидан воз кечиб, тадбиркор бўладими ёки оддий фуқаро, солиқ тўлашдан манфаатдор бўлиши учун янги ғоялар ишлаб чиқишга ваъда берган.

— Ушбу мурожаатимнинг асосий мақсади, бундан кейин тадбиркорлар учун ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, Тошкент шаҳрида халқ депутатлари, шаҳар ҳокими, барча раҳбарлар, ҳокимлар Сизларга яқиндан кўмакчи бўлишимиз, доимий равишда тадбиркорлар оғирини енгил қилиш билан шуғулланиб, тадбиркор учун барча йўллар очиқлигини Сизларга етказишдан иборат, — дея муддаога ўтади пойтахт ҳокими. — Ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларига мурожаат қилиш учун тўғридан-тўғри алоқа воситаларини Сизларга эълон қиламиз. Исталган вақтда уларга бевосита мурожаат қилиб, тадбиркорлик соҳасида учраётган тўсиқлар, муаммолар ва таклифларингизни мутасадди раҳбарларга етказиш шароитларини яратамиз. Ҳудудий ишчи гуруҳлар жойларда юриб, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари билан бирга тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш билан шуғулланишади. Юртбошимиз айтганларидек: «Тадбиркор бой бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади».

Мурожаат якунида «бир нарсани ёдда тутинг, ўз бизнесини ҳалол ва пок юритаётган, қонунга итоаткор тадбиркорларимиз, кафолат билан айтишимиз мумкинки, албатта шаҳар ҳокимлиги томонидан юксак қадрланади» дейилади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг