Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Мирзиёев Самарқандда ўтаётган халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Президент Мирзиёев Самарқандда ўтаётган халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади

Президент Шавкат Мирзиёев «Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланиши учун атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш истиқболлари: халқаро ва миллий тажриба» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади.

Давлат раҳбари ўз мурожаати аввалида анжуман иштирокчиларига, хусусан, ушбу нуфузли форумни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини фаол қўллаб-қувватлагани ва шахсан иштироки учун Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаэль Гроссига миннатдорлик билдирди.

«Мазкур анжуманнинг азалдан Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган, бугунги кунда халқаро ҳамкорлик борасидаги энг долзарб масалалар бўйича глобал миқёсда самарали мулоқот марказига айланиб бораётган қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди», – дейди Мирзиёев.

Мурожаатда, шунингдек, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсири ва анъанавий энергия манбалари тақчиллиги яққол сезилаётган ҳозирги шароитда тинч атом ҳаёт сифатини ошириш ва миллий тараққиёт стратегияларини амалга оширишда муҳим муқобил ечим ҳисобланиши таъкидланади.

«Шу маънода, ўтган йили Дубай шаҳрида ўтказилган КОП28 Иқлим саммитида кўплаб мамлакатлар етакчиларининг атроф-муҳитга углеводород энергетикаси манбалари салбий таъсирини кескин камайтириш мақсадида 2050 йилга қадар атом электр энергетикаси қувватларини уч баробарга ошириш бўйича эришган муҳим келишувлари бежиз эмас албатта.  

Мамлакатимизни ишончли, хавфсиз, иқтисодий самарадор ва экологик тоза энергия манбалари билан таъминлаш – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда устувор йўналишлардан бири сифатида етакчи ўрин эгаллаб келмоқда.

Биз соҳанинг ҳуқуқий-инстутиционал асосини мустаҳкамлаш учун Миллий агентлик ташкил этдик, Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳақидаги қонун, Атом энергиясини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли концепция, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган стратегияни қабул қилдик. Соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини жорий этдик.

Юртимиз жаҳонда биринчилардан бўлиб, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ, кичик қувватли атом электр станцияларини барпо этишга киришди. Биз ушбу лойиҳаларни, бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва қатор илмий дастурларни муваффақиятли амалга оширишда ХАЭАни ўзимиз учун муҳим шерик деб биламиз», – дейилади Мурожаатномада.

Шунингдек, Президент конференция кун тартибига соҳадаги фаолиятни ХАЭА билан мувофиқлаштирган ҳолда АЭСлар барпо этиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ядро технологияларини ривожлантиришнинг экологик жиҳатлари каби ўта долзарб масалалар киритилганини таъкидлаб, инновациялар, ядровий тиббиёт, соҳада таълимни ривожлантириш ва малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилишига умид билдирган.

«Ўзбекистон барча хорижий ҳамкорлар билан ушбу устувор йўналишда яқин ҳамкорлик қилишга доим тайёрдир.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, олижаноб фаолиятингизда улкан ютуқлар, анжуман ишига эса муваффақиятлар тилайман», – дея якунланган давлат раҳбарининг мурожаати.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг