Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«2025 йилгача энергия муаммосини ҳал қилса бўлади» – Рустам Ашуров

«110 метр баландликда» лойиҳасининг навбатдаги иштирокчиси физика-математика фанлари доктори (PhD), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг катта илмий ходими Рустам Ашуров бўлди.

Ер юзидаги демографик ўсиш янгидан-янги муаммоларни туғдиради. Яъни, озиқ-овқат, сув ресурслари, экология ва энергия муаммоси шулар жумласидан. Анъанавий энергия муаммосига тадқиқотчи олим сифатида қандай ечим кўраяпсиз? Нима учун бугун анъанавий энергия муаммосини қуёш энергияси орқали ҳал қилмаяпмиз? Муқобил энергиянинг муаммолари ва ютуқлари, нега оммалашмаётганига изоҳ бериб ўтсангиз.

– Демографик ўсиш орқали ердаги фойдали ресурслар етишмовчиликларини кузатиш мумкин. Айниқса, қазиб олинадиган ресурслар камайиши сир эмас. Масалан, чучук сувнинг камайиши, озиқ-овқат етишмовчилиги, экология муаммолари орасида энергияга ҳам эҳтиёжнинг ортиб бориши ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Кўпгина муаммоларнинг ечими энергияга боғлиқ.

Бугунги кунда энергия орқали шўр сувни чучук сувга айлантиришимиз ёки ер тагидаги чучук сувни энергия орқали қазиб олишимиз мумкин. Энергия муаммоси бутун дунё каби бизда ҳам мавжуд. Айниқса, олис қишлоқлардаги аҳоли бунга кўникиб ҳам кетди.

Бироқ, энергияни ҳал қилмасдан туриб аҳолида ментал ўзгаришни кутмасак ҳам бўлади. Ўзбекистонда доимо ишлаб турадиган электр ҳалқалари бор. Яъни, энергия ҳалқалари бор ҳудудлардагина иқтисодий ўсиш кузатилади. Электр ҳалқалари жойлашмаган ҳудудларда эса иқтисодий юксалишдан умид қилмасак ҳам бўлади. Бизда электр станциялари жуда эскилиги туфайли тўлиқ қувватда ишламайди. Ва шунақа пайтда аҳоли ўзини-ўзи автоном таъминлаш ёки ишлаб чиқариш жараёнларида автоном таъминлашга эҳтиёж сезади. Лекин, афсуски бугун аҳоли орасида жуда камдан-кам қуёш энергиясидан фойдаланаётганларни кузатишимиз мумкин. Чунки қуёш панелини ўрнатиш учун бирданига 60 миллион сўм инвестиция киритиш керак бўлади. Яъни, бир кунда бир киловат энергия қуввати ишлатиш учун 3 киловатлик қуёш панелларидан фойдаланиш лозим.

Қуёш энергетикасининг «нарх-наво»си қандай?

– Бугун жаҳонда 1 кВт соат электр энергияси учун ўртача нарх 0,14 АҚШ долларини ташкил этади, яъни 14 цент. Ўзбекистонда эса 0,028 доллар (295 сўм 0 тийин) – 2,8 цент.

2019 йили қуёш радиациясидан олинган электр-энергия нархи жаҳон бўйлаб ўртача 0,045 долларни (4,5 центни) ташкил қилган эди. Демак бошқа мамлакатларда қуёш энергияси анаъанавий энергиядан арзон ва аҳоли фойдаланиши учун қуёш энергияси қулай.

Германияда янги қурилаётган станциялардан олинган энергия нархи бўйича қуёш станциялари энг яхши кўрсаткичга эга.

Қуёш панелларининг самарадорлигига иқлим қай даражада таъсир қилади? Қуёш чиқмаган пайти бу панеллар электр энергиясини етказиб бера оладими?

– Ўзбекистон бозорида, асосан, поликристал кремний асосидаги қуёш панеллари сотилмоқда. Баъзи PERC (passivated emitter rear contact) ва SHJ (silicon heterojunction solar cells) қуёш элементлари 22% дан баланд самарадорликка эгадир. Афсуски, қуёш панелларининг ташқи кўриниши ўхшашлиги туфайли қурилма сифатини бир қарашда ажратиб олиш мушкул. Шунинг учун истеъмолчи ҳар доим ҳам сифатли қуёш панелини харид қилавермайди. Биз қуёш панелларидан фойдаланганлар билан сўронвнома ўтказганимизда, харид қилганларнинг 10 нафаридан фақат 3 киши мазкур қурилманинг типи ва характеристикаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эканлиги аён бўлди. Қуёш панелини махсус қурилмалар орқали текшириб кўрмасдан унинг сифатига баҳо бериш деярли имконсиз.

Панелларнинг камчилиги табиий равишда 5 йил давомида намоён бўлади. Шу сабабли қуёш панелларини харид қилганда, ишлаб чиқарувчи ва сотувчидан камида 5 йил кафолат сўраш керак. Қуёш панелларининг самарадорлигига панеллар жойлашган локациянинг иқлим шароитлари ҳам таъсир ўтказади. Асосан панеллар Ўрта ер денгизи иқлим шароитига мос келади. Яъни, бу қуёш панелларининг бизда ҳеч қандай муаммосиз ишлаши учун  қиш юмшоқ (10-16 °С), ёз эса қуруқ ва ўртача иссиқ (22-30°С) бўлиши керак. Ҳаво намлиги ёзда 50-65 %, қишда 65-80 %ни ташкил қилиши лозим. Ҳаво ҳарорати ошгани сайин қуёш панелларининг самарадорлиги пасайиб боради. Яъни, температура ортиши қуёш элементида ички қаршилик ошишига олиб келади. Юртимизда энг кўп сотиладиган монокристалл кремний асосидаги панеллар 25°С ҳароратдан баланд температураларда – ҳар бир градусда самарадорлик 0,5 %га камайиб боради.

Яна бир муаммо – чанг миқдорининг кўп ёки камлиги. Панеллар юзасига қанча кўп чанг зарралари қўнса самарадорликка шунча салбий таъсир кўрсатади. Тошкентда масалан 1 квадрат метрга 800 ват қуёш радиацияси тушади. Яна бир қизиқарли факт бор – ҳаттоки қишда қуёш радиацияни сочиб юборадиган чанг ва бошқа аэрозоллар йўқлиги сабаб ҳатто кўпроқ қуёш нури тушиши мумкин. Қиш вақтида кўпроқ осмон тиниқроқ бўлади, яъни чанг ғуборларсиз бўлади.

Қуёш панелларини сотиб олгач, албатта, унинг ҳуқуқий томонларини ҳам назардан қочирмаслик керак тўғрими?

– Уларни қуролланмаган кўз билан ажратиш мушкул, сифатини аниқлаш учун махсус қурилмалар керак. Қуёш панелларини ишончи компаниялардан, бозорда 10 йилдан ортиқ ишлаб келаётган компаниялар бор, ўшалардан харид қилиш лозим. Ишончли жойдан олсангиз пулингизни қайтариб олишингиз ёки алмаштирсангиз бўлади.

Кўпчилик бу бордада ҳуқуқий билимга эга эмас. Масалан, истеъмолчи қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан, беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан, 10 йил муддатга мол-мулк солиғини ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан ва ҳ.к. озод этилиши назарда тутилган. Шунингдек, компенсация ва имтиёзлар ҳам ажратилган.

  • 60 миллион сўм бу қишлоқ аҳолиси, умуман, бир оила учун жуда катта миқдордаги пул. Агар бошқа жойларда ҳам мана шундай қуёш панеллари ишлаб чиқарилса, унинг нархи янада арзонлашиши мумкинми?

– Бу ҳақда жуда кўп изланганмиз, яъни ниманинг ҳисобига нархларни тушириш мумкинлигини ҳар томонлама ўрганиб чиққанмиз. Масалан, уларни ишлаб чиқарадиган материллар ҳисобига ёки ишлаб чиқаришдаги процессларни ҳисобига, яъни 10 та этаплик жараёндан кўра, икки этаплик жараёнга ўтиш орқали арзонроқ қилишга эришиш мумкин. Аслида битта соҳа ривожланиши учун соҳа фойда келтириши керак. Бизда электр энергияси соҳаси фойдали эмас. Бизнинг энергиямизни фойдаси эскини ямоғини ямаб туришгагина етаяпти.

Тошкентда аҳоли 24 соат ишлатаётган энергия ва қишлоқларда тўлиқ фойдаланмаётган энергиямиз солиқларидан бир хил субсидияга ишлатишмоқда. Бу ерда адолатсизлик ҳам бўлмоқда. Яъни уларнинг ҳам солиқларидан субсидия учун ишлатилади, лекин энергия йўқ.  Тошкентда 24 соат электр энергияси ишлатилади ва субсидия учун ўша миқдорда маблағ ишлатилади. Демак, уларни ҳаққини субсидия сиёсати орқали шаҳар аҳолиси еяпти, дейиш ҳам мумкин.

Мени фикрим, энергия нархини бозор иқтисодига тўғрилаш керак. Чунки бу фикримга олис қишлоқдагилар ҳам қўшилади, майли энергия қимматроқ бўлсин, ўзиям фойда кўрсин ва қишлоқдагилар ҳам фойдалансин. Масалан, битта одам бир кунда 2 минг 200 сўмлик энергия ишлатади. Бу ярим литрлик сув дегани. Инновациялар ишлаши учун соҳа фойдали иш қилиши керак. Бизда эса энергия арзон бўлгани боис бу соҳа қарзга кириб кетаяпти.

Қуёш панелларини ўрнатадиган мутахассислар масаласи қандай ҳал қилинган?

– Бизнинг мамлакатда қуёш панелларини электрик ёки одамларнинг ўзлари  ҳам ўрнатиб олаверади. Бошқа давлатларда эса уларни ўрнатадиган алоҳида муҳандислар бор. Айнан ана шу нотўғри ўрнатганлик оқибатида қуёш панелларини ишлашида муаммолар туғилмоқда. Ҳозирда Корея ЁЖУ техника институтининг Тошкентдаги филиалида мутахассислар ўқитилмоқда. 

Қуёш панелларини икки-уч хонадон ҳамкорликда ўрнатса бўлмайдими? Ёки улар фақат ўрнатилган ҳудудлардагина самарадор ҳисобланадими?

– Агар қўшнилар келиша олса, ўша 60 миллион маблағни ўртада йиғиб олса бўлади. Умумий қувват ўзгармайди. Масалан 1 квт.га мўлжалланган қуёш пеналлари ўша қувватни сарфлайди, яъни қувват бир нечта хонадонга бўлинади.

Хорижда бу масалага ёндашув қандай?

– Германия, Корея, Россия давлатларида бўлганман. У ерда сиз қуёш панелларидан ҳатто фойда олишингиз, энергия муаммо бўлган жойларга сотишингиз мумкин.

Германия атом энергияси, кўмир энергиясини йилдан йилга камайтиришга эришмоқда. Уни ўрнига чиқимсиз ишлайдиган қуёш ва шамол  энергиясига ўхшаш энергияни оммалаштириш Германия экологларини асосий мақсадига айланган. Масалан, бир шаҳарда ҳамма фақат электрмобилдан фойдаланиш масаласи қўйилган. Сабаби, машинада аккумлулятор бўлади. Айтайлик, ўша машина автотураргоҳга қўйилди ва энергия камайган жойда, яъни энергияни ишлатиш юқори чўққига чиққан вазиятларда бемалол ундан энергия сотиб олиш мумкин бўлади. Яъни, бу шаҳардаги барча машиналар электр ташувчи ягона организм ҳисобланади. Бу жудаям чиройли консепция келажак шаҳарлари учун электр муаммосини ҳал қилишда асқотадиган.

Юртимизда электр муаммосини ҳал қилиш учун бўлғуси олим сифатида қандай ғояларни илгари сура оласиз?

– Бу ерда унчалик рақобат кўп эмас. Ўзбекистон ёш олимлари илм қилиши учун эшиклари очиқ мамлакат. Янги ва керакли ғоялар учун маблағ етарли. Ғоя агар жозибадор бўлса, трендда бўлса, лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Бизларга катта ғоялар керак.

Масалан, биз 2025 йилгача электр муаммосидан қутуламиз, деган мақсад қўйиш. Турли хил баландапрвоз шиорлар ёки «бахтли келажак» деб эмас, аниқ мақсад бўлса, энергия масаласини ҳал қилиш Ўзбекистонда худди океан қазишнинг иложиси йўқдек қийин масала эмас. Мутахассисларни шакллантиришда керак бўлса вазирликлар бирлашиш лозим. Барча масъуллар оёққа туриши керак.

Бу борада нафақат ёшлар, балки бошқа олимларни жалб қилиш, чет эллик мутахассислар билан ишлаш лозим. Уларга жавобгар масъуллар бўлиши, тиним билмай ҳамжиҳатликда ишлаш талаб этилади. Йирик мақсадли давлат дастурлари бўлиши керак. Бир пайтлар шундай йирик лойиҳалар бўларди. Айтайлик, фалон йили ойга чиқиш режаси. Ва ўша лойиҳа учун ҳамма оёққа турарди. Ҳамма маблағ, куч ана ўша нарсага сарфланарди.

                Бу борада изланишларингиз ва хулосаларингиз?

– Ўзбекистон Республикаси ўз инфраструктурасини янгилаганда муқобил энергетика, хусусан, қуёш электростанцияларини ҳам жорий қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Қуёш фотопанелларини жисмоний шахслар ўрнатса, қатор имтиёзлар мавжуд ва бюрократик тўсиқлар минимал даражага туширилган. Аммо автоном қуёш тизимларининг биринчи инвестиция миқдори катталиги боис, ушбу технологияни жорий қилиш учун имкониятлар пасаймоқда.

Яна бир масала юқорида айтиб ўтганимиздек, мутахассисларнинг камлиги ушбу технологиялар етарлича ёки тўғри жорий этилмаётганига сабаб бўлмоқда ва бу, ўз навбатида, қуёш фотоэлектрик тизимларининг тўлиқ имкониятидан фойдаланмасликка ёки нотўғри фойдаланишга олиб келмоқда. Агар биз айтиб ўтган баъзи масаларга соҳа масъуллари жиддий эътибор қаратишса муқобил энергетика, хусусан, қуёш фотоэлектрик тизимларини жорий этиш энерготежамкорлик маданияти шаклланишига ва маиший ҳаётда тежамкор техника-технологиялар оммалашувига олиб келади.

Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг