Иброҳим Ғафуров: «Тил миллатни миллат қилиб туради!» (видео)
«110 метр баландликда» лойиҳасининг бугунги меҳмони Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон санъат арбоби Иброҳим Ғафуров!
– «110 метр баландликда» лойиҳасига хуш келибсиз устоз. Мен ҳар доим Ватанимизнинг энг муҳташам иншоотларидан бири бўлган Тошкент телеминорасига чиққанимда ва 110 метр юксакликдан Тошкентга боққанимда беихтиёр Ватанимиз ҳақида хаёлимдан ёруғ туйғулар кечади. Бугунги суҳбатимиз ҳам беихтиёр Ватан туйғуси билан бошланади. ИБРОҲИМ ака, мана шу баландликдан Тошкентга боққанингизда қалбингиздан қандай туйғулар кечмоқда?
– Раҳмат. Аввало, мени 110 метр баландликка таклиф қилганингизга миннадорлик билдираман. Мен бундай баландликка биринчи марта чиқишим. Жуда ҳашаматли, одамни лол қиладиган минора. Энди бу минорада бўладиган суҳбатлар ҳам беш бўлиши керак шундайми?
— Шундай устоз.
«Туғилган жой туйғуси бутун дунё шоирлари эътироф қилганидай, муқаддас ҳодиса, бунга шак келтириб бўлмайди»...
– Ватан туйғуси инсоннинг инсонлик туйғуси каби одамга табиий тарзда берилади. Одамнинг инсон сифатида ичида қандай туйғулар яшаса, Ватан туйғуси билан туғилган жой туйғуси мудом унга ҳамроҳ яшайди. Туғилган жой туйғуси бутун дунё шоирлари эътироф қилганидай, муқаддас ҳодиса. Бунга шак келтириб бўлмайди. Энди бизнинг янги Ўзбекистонимизда янги ренесанс даврининг бошланиш даврида шаклланаётган, туйғуларнинг ҳам ўлчами, оқимлари бир чеккаси Ватан туйғусига, туғилган жой туйғусига келиб боғланади, миллат қайғуси билан боғланади. Миллат нима деганингизга кўп олимлар шундай жавоб беришганки, миллат бу бир маконда, бир маданий бирликда битта тил бирлигида яшайдиган одамларнинг жамул-жам яшашларидир. Агар шулардан биттаси ҳам бўлмаса демак МИЛЛАТ бўлмайди. Миллатнинг шаклланиши, дунёга интилиши, ўзини намоён қилиши ва тараққиёти мана шу учта буюк ва ўзгармас ҳодисалардан бошланади. Миллатнинг тили бирлиги, жойи бирлиги, маданияти бирлиги, маданияти бирлигининг ичига тарихининг бирлиги ва тафаккурнинг бирлиги ҳам киради. Яъни бир миллатга мансуб одамлар маълум даражада тарихан шаклланган деб оладиган бўлсак, уларнинг тафаккурларида маълум бир йўналишлар, маълум бир ўзига хосликлар, бошқа халқлардан уларни ажратиб турадиган ҳодисалар жамул-жам бўлади. Мана, сиз билан биз ватан туйғуси ҳақида фикрлашдик, ватан туйғуси деганда одамлар гўё бир шоирона, кўтаринки нарсадек тушинишади. Аслида ундаймас, бу сўзимиз бошида айтганимиздек, худди инсонлик туйғуси, одамийлик туйғуси, одамгарчилик туйғуси инсонга қандай туғма бўлиб кирса, қандай анъана матнида шаклланса, худди шундай кучли равишда давом этади. Куртаклар отади гуллаб яшнайди, япроқлар ёяди, яъни Ватан туйғуси жуда катта маданий ҳодисага айланади. Бу туйғусиз яшашнинг маъноси йўқ! Энди Ватан туйғуси ҳар бир ўзбекистонликнинг жонида яшайди!
«Тил бирлиги миллатни миллат қилиб туради!»
– Сиз ҳам бевосита гувоҳсиз, бугун бизни бутун дунё, халқимиз, зиёли қатлам кузатмоқда. Мамлакатимизда миллий тилга, давлат тилига бўлган муносабат Президент фармонлари, қарорлари билан янада мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда давлат тилининг ижроси бўйича, миллий тилимизнинг нуфузини кўтариш бўйича қилинаётган ишлар сизни қанчалик қониқтиради ёки қандай эътирозларингиз бор?
– Тил бирлиги бўлмаса, ҳеч қандай миллат бўлмайди. Тил бирлиги миллатни миллат қилиб туради! Бунинг учун энди тилга ҳар бир ўзбек кишиси, ҳар бир ўзбек халқининг фарзанди ўзининг ажралмас мулкидай қараши керак, ўзбек тилининг меросхўри сифатида ўзини намоён қилиши керак, ўзбек тилининг ватанпарвари, жонкуяри бўлиши керак! Ўзбек тилини: «жон-у таним», – деб атаймиз-а, жон-у тан дегани нима дегани бу аслида? Ўзбек тили жон-ю таним деганда нима назарда тутилади? Жон-у таним деб осонгина айтиб юборамиз. Аслида шуки, у одамнинг вужудида, одамнинг борлиғида, жисмониятида ва руҳониятида худди жон каби яшайди. Миллий тил одамни ана шундай бошқариб туради. Ўша баъзи бир ёзувчиларимиз айтганидек: «Тил – ҳар бир миллатнинг фарзанди учун номус масаласи».
Йигирманчи йилларда Чўлпон домла тил ҳақида жуда кўп ёзганлар. Лидя Сайфулина, яъни Лолахон Сайфулинанинг «Ичкари», деб аталган китоби 1925 йили ёзилган. Мана шуни Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон ниҳоятда яхши кўриб қолиб, ғоят гўзал таржима қилган. У сочма шеърлардан иборат. Бу китобга сўз боши ёзган Чўлпон муаллиф ижозати билан унга Лолахон деб тахаллус қўйган. Чўлпон йигирманчи йил ўзбек аёлларининг ичкаридаги ҳаётини ўн битта ҳикояда қандай тасвирлаганини ўқиб, жуда лол қолган. Асарга ёзган сўз бошисида: «Йигирманчи йиллардаги тилимизда рус, инглиз умуман, чет тиллардан бадиий таржимага етарли даражада иборалар, атамалар шаклланмаган. Бир неча ўн йиллардан кейин тилимиз бу шаклланиш камолига етади ва тилимиз яна ҳам бойиб, мана бу Лолахон Сайфулинанинг ҳикояларини бошқа бир илҳомкор ёшлар таржима қилганда менинг таржимамдан мукаммалроқ таржима қилишади» – деб умид билдирганлар. Мен буни тилимизнинг тараққиёт нуқтаи назаридан айтиб ўтяпман. Чўлпон ниҳоятда гўзал таржима қилган бу сочма ҳикояларни.
– Баландликда муҳаббат туйғуси ҳақида гаплашмаслик мумкин эмас. Муҳаббат ҳақидаги хулосаларингиз ҳам халқимиз учун, сизни яхши кўрадиган, сизнинг ҳар бир иқтибосларингиздан ўзининг ҳаётий ҳикматларини англаб оладиган инсонлар учун жуда муҳим, деб ўйлайман.
«Муҳаббат бу турган битгани одамга эътибор»
– Муҳаббат ҳақидаги тушинчаларимни гапиришга озгина хижолат чекаман, уяламан. Ёшим у даражада эмас, у фаслда эмас. Лекин инсон ўзининг миллий тилисиз, миллий ғурурисиз, миллий ўзагисиз яшолмаганидек, муҳаббатсиз ҳам бир зум яшолмайди. Лекин муҳаббат менинг назаримда маърифатли, зиёли икки томонни ҳам қаноатлантирадиган, рози қиладиган, бу ерда томонлардан бирортаси ўзини камситилган, хўрланган ёки ўзини қай бир нуқтаи назардан эътиборсиз қолдирилганини сезмаслиги керак, деб ўйлайман. Муҳаббат бу турган битгани одамга эътибор. Одамни одам қилиб турадиган нарса бу унинг миллатдошларига, яқинларига, сафдошларига, ўзи каби бошқа одамларнинг ҳаммасига муҳаббат билан қараш, эътибор билан қараш! Яъни, ўзи нимани ёқтирди, лаззат олади, нимадан фароғат олса, нимадан роҳат қилса буларнинг ҳаммасини бошқаларга ҳам соғиниш. Агар ўзига раво кўрганни ўзгага ҳам раво кўрмаса бу муҳаббат муҳаббат эмас!
— Жуда гўзал жавоб бўлди, чин инсонийликнинг белгисини айтдингиз устоз!
– Муҳаббат билан бирга ҳаё, ибо, ахлоқий гўзаллик булар ҳаммаси бир-бири билан опа-сингил деб тушунаман.
– Мен ва мен каби мухлисларингиз сизнинг асарларингизга, кўп ва кўп мурожаат қилишади. Мана шу китобингиз ҳар доим уйимда, столим устида туради. Бу китобдаги Азим Суюн ҳақидаги мақолангизда: «Ҳаёт учун курашмоқ иймондандир», – деган фикрингиз сарлавҳага чиққан. Умуман, «ҳаёт учун кураш», деган иборанинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тўхталинг. Сиз ҳаёт учун қандай курашдингиз? Ҳаёт учун кураш деганда нимани назарда тутгансиз?
«Қадр-қиммат деган буюкдан буюк тушунчаларга муносиб бўлиш керак, тўғрими?..»
– Ҳаёт учун кураш деганда барча китобларимда шунга тўхталиб ўтганман. Ўз таржимаи ҳолимдан, бошимдан ўтказган тарихлардан келиб чиқиб. Китобларимга «Меҳр қуёши», «Гул баргига ёзилган хатлар» деб сарлавҳа қўйилган туркумларим кирган. Буларнинг ҳаммасида ўша сиз сўраган нарсаларга жавоб бор. Одам табиат бағрида, қучоғида унинг фарзанди сифатида қандай яшамоғи керак? Табиат фарзанди сифатида ўзини қандай тутмоғи керак? Мана шу саволларга ўзимнинг ҳаётим ва атрофдагиларнинг ҳаёти мисолида жавоб беришга ҳаракат қилганман. Умуман олганда, одамнинг қадр-қимматини билиш, одамни эъзозлаш ким бўлишидан қатъи назар ҳурматини жойига қўйиш, қадрини жойига қўйиш. Албатта, ҳар бир одам ҳам мана шу ўлчамларга жавоб берадиган тарзда ўзининг қиёфасини, характерини ҳар бир киши шакллантирган, дунёқараши бўлиши керак. Яъни, қадр-қиммат деган буюкдан буюк тушунчаларга муносиб бўлиши керак, тўғрими?...
«Одамлар жуда қаттиқ меҳнат қилишарди. Шу даҳшатли аросатдан чиқиш учун»
– Болалигингиз, ота-онангиз ҳақида ҳам гапириб беринг озгина?
– Мен ота-онамни кўпроқ иккинчи жаҳон уруши йилларида эслаб қолганман. У пайтда тўрт, беш-олти яшар сабий болалари эдик. Дунёнинг ҳамма ёғидан урушнинг васвасаси, даҳшати, ваҳима-ю фарёди келиб турарди. Шунда катталарга қарасам, айниқса, болалар кимга қарайди, онасига қарайди, опасига, акасига, отасига қарайди. Уларга қарасам, бундай даҳшат, аросатларга жуда вазмин, эҳтиёткор муносабатда бўлишарди. Ўзларида бу воқеаларга нисбатан сабр-тоқат, матонат, туйғусини тарбиялашга ҳаракат қилишарди. Биз каби гўдакларга нимадандир, нон-чой тополмаётганданми, кийим-кечак етишмовчилигиданми, ё бошқа нарсаданми қийналаётганларини, ўртанаётганликларини, азоб чекаётганликларини, худди тегирмонга тушгандек бўлиб бошдан оёқ чанг бўлиб яшаётганликларини мутлақо билдирмасликка ҳаракат қилишган. Аксинча, буларни енгиб ўтишга астойидил ҳаракатда эканликларига кўзимиз тушишини исташарди. Онамнинг зингер мошиналари бор эди. Эрта-ю кеч сандалда шу зингер мошинани юритиб, артеллар учун кийим-кечаклар тикардилар. Мен қачон ухлашларини билмасдим. Олдиларида ўтириб, у киши қачон ётишларини пойлаб, ўзим уйқуга кетиб қолганимни билмай қолардим. Одамлар жуда қаттиқ меҳнат қилишарди. Шу даҳшатли аросатдан чиқиш учун. Ўша меҳнат натижаси халқимизнинг ҳозирги ҳаётида ҳам давом этаётгани, ўшалар соғлом авлодларни етиштириб чиқаргани, бизнинг адабиётимизни, санъатимизни тушинишга ўргатишгани ва юрагимизни инсонпарварлик, халқпарварлик, етимпарварлик туйғулари билан лиммо-лим тўлдирганини гувоҳи бўлиб келяпман...
«Робинзон Крузо ҳам ҳаётнинг ҳар қандай деталида инсоният учун ибратли образ бўлиб кўринади...»
– Устоз, адабиётга қизиқишингиз қандай бошланган? Қалбингизга чўғ солган мутолаани эслай оласизми?
– Тоғам жуда ажойиб ўқитувчи эдилар. Оқартув техникумнинг муаллими эдилар урушга кетмасдан илгари. Тоғамнинг жуда катта кутубхоналари бор эди. Катта бир синчли уй шкафлар билан тўла, шкафларда эса ўзбек адабиёти, жаҳон адабиёти асарлари ўша пайтга нисбатан кўп жамланган эди. Ана шу кутубхоналаридан фойдаланишга менга рухсат берардилар. Ўша замонларда 30, 40-йилларда ва ундан кейинги даврларда жаҳон адабиёти, айниқса, рус мумтоз адабиёти асарларини қаранг, ўзбек тилида нашр қилиш жуда яхши йўлга қўйилганди. Толстой дейсизми, Пушкин дейсизми, Чехов дейсизми, рус адабиётининг буюк намоёндаларининг асарларини бизнинг улуғ шоирларимиз Чўлпон, Қодирий, Ойбек, Ҳамид Олимжон ҳаммалари ўзбек тилига ўгириб, таржима қилиб эътиборимизга ҳавола қилишган. Мени энг ҳаяжонга солган асар Максим Горькийнинг «Менинг дорулфунунларим» асари бўлган. Тоғамнинг кутубхоналарида шу асар бор экан. Дорилфунун деган сўз менга жуда қизиқ туюлиб, олиб ўқиганман. Ушбу асарда Горькийнинг таржимаи ҳоли, болалиги қандай ўтгани, ота-онаси, яшаган муҳити бутун деталлари билан тасвирлаб берган. Ўқисангиз, одамни ниҳоятда ҳаяжонга солади.
Мен шу «дорилфунунларим»ни ўқиганимдан кейин ўзимнинг ҳаётимга эътибор бера бошладим. Бизнинг ҳаётимизга жуда ҳам ўхшаркан. Ёки Горькийнинг «Болалик», «Тубанлик» каби асарларининг ҳаммасини тоғамнинг кутубхоналаридан топиб ўқиганман. Мана шу учта асар болалигимда менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Кейин инглиз адабиётидан Жонатан Свифтнинг «Гуливернинг саргузаштлари» асари, Америка адабиётидан Марк Твеннинг асарларини топиб ўқидим. Бу асарлар одамнинг яшашга ва ўзини-ўзи англашга ёрдам беради. Ёки Даниел Дефонинг «Робинзон Крузо»нинг ҳаёти ҳақидаги романини олиб кўринг, одам кимсасиз оролга тушиб қолганда ўзини қандай тутади, ҳеч нарса йўқ, фақат ҳалок бўладиган шароит. Лекин Робинзон Крузо ўзини бутунлай ишғол қилиб, ўзига яшаш шароити яратади. Дастлабки одамлар қандай ҳаёт учун курашган бўлишса, Робинзон Крузо ҳам ҳаётнинг ҳар қандай деталида инсоният учун ибратли образ бўлиб кўринади. Мана шу асарларни ўқиб, ҳаётга бўлган қарашларим ўзгарган. Менда образларнинг ичига кириш деган нарса ўзим хоҳламаган ҳолда пайдо бўлган. Қаттиқ тарбиялаган, ўзбекча айтганда, кўзимни очган. Билмайман ҳозирги ўқувчиларга қандай туюлади, ўша қирқинчи йилларда ўқиган шу китоблар ҳиссиётларимизни тарбиялаган, деб ўйлайман.
«Четдан ҳеч қачон оммавий маданиятсизлик кириб келмайди»
– Оммавий маданиятсизлик деган ибора ҳаётимизда айланиб юради. Ёшларни четдан кириб келадиган мана шу оммавий маданиятсизликдан ҳимоя қилиш учун нима қилиш керак? Ёшларнинг онггини, шуурини умуман, ёшларимизни асраш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Четдан ҳеч қачон оммавий маданиятсизлик кириб келмайди. Оммавий маданиятсизлик бу ўзимизнинг ичимизда. Чунки бу ўқимасликдан. Ёзувчиларимиз қанча гўзал асарларни яратишяпти. Хайриддин Султоннинг олти, етти томлик асарлари чиқди. Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад ва ҳоказолар. Мана шуларнинг асарларини диққат билан ўқиб, муҳокама қилишмайди ёшларимиз. Асар ўқиётганда асар қаҳрамонларига айланиб қолмасангиз, оғриқларини ҳис қилмасангиз, асар билан мулоқот бўлмаса, бундай ўқишни фойдаси йўқ. Одамнинг миясида ҳеч қандай маданий-маърифий қатлам ҳосил бўлмайди.
– Xabar.uz сайти ижодкорларига тилакларингиз...
– Xabar.uz ижодкорлари мени 110 метр юксакликка олиб чиққанларига бошим осмонга етиб ўтирибман. Биринчи марта бу ерга чиқдим. Янги бино бўлаётган, янгидан дунёга кириб бораётган янги Ўзбекистонимизни манзараларини кўриб одам ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ! Мана шу ҳайрат туйғусини, қувончни туйғусини бугун сиз менга тортиқ қилдингиз. Бунинг учун Xabar.uz сайти ижодкорларига чин дилдан миннадорлик билдираман!
– Раҳмат устоз. Суҳбатимизга йўқ демасдан келганингиз учун. Мана шундай мароқли суҳбат учун сизга яна бир бор ташаккур, устоз!
Озода Бекмуродова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter