Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Муқаддас нарсаси гринкард бўлиб қоладиган авлод пайдо бўлмаслиги керак!» — Шодмонқул САЛОМ (видео)

«110 метр баландликда» лойиҳасида муқаддас туйғулар ҳақида забардаст шоир, таниқли журналист, «Дўстлик» ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМ билан суҳбатлашдик.

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,

Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.

Нечун ватан, дея еру осмонни,

Муқаддас атайман, атайман танҳо.

– Шодмонқул ватанимизнинг муҳташам Тошкент телеминорасидан 110 метр баландликдан Ўзбекистонни, Тошкентни кузатиб мана шу юксакликка чиқиб беихтиёр хаёлимдан Абдулла Ориповнинг ушбу сатрлари ўтди... Қаранг куз таровати таралиб турган айни дақиқаларда сизнинг ҳам қалбингиз ўзгача ёруғ туйғулар билан тўлиб тошаётган бўлса неажаб. Суҳбатимиз ҳам ўзи-ўзидан Ватан туйғуси билан бошланади. Нима деб ўйлайсиз, шоир улғайгани сайин унинг Ватан ҳақидаги қарашлари, туйғулари ҳам ўсиб, улғайиб борадими?

 – Шоир табиатнинг бир бўлаги. Худди дарахт каби, гиёҳ каби табиатнинг фарзанди. Дарахт қанча ёши улғайгани сайин илдизи, томирлари ерга қанча чуқур ботиб борса, шоир ҳам шу ватанга шунча сингиб боради. Инсон улғайгани сари Ватанни севиш дегани, отанинг улуғлиги, онанинг қиммати деган туйғулар каби янада маҳобати, азизлиги ортиб боради. Шунинг учун ҳам Ватан тушунчасига ҳар куни мурожаат қилолмайдиган бўлиб қоларкансан...

Чунки Ватан мавзуси ҳақида шунчаки ўйлаш, ҳамиша бу ҳақида гапириш, шунчаки сўзлаш, шунчаки айтиш азбаройи гуноҳлигини англаб борасан. Бугун муқаддас нарсаларнинг номи ўзгараяпти, деган гаплар қулоғимга чалиниб қолаяпти. Жумладан, Ватан мавзусида ҳам шундай. Қаерда кунинг яхши ўтса ўша жой ватан, деган тушунчалар пайдо бўлаётган эмиш?.. Мен бунга қўшилолмайман, мен бу фикрни керак бўлса танқид қиламан. Ҳеч қачон сийқаси чиқмайдиган сўз бу: ОНА ДИЁР, шу ВАТАН!

Менинг гринкардим чиқса, Америкада мазза қилиб яшасам у ер менинг ватаним бўлиб қолмайди. Инсон инсонлигини унутсагина шундай бўлади. Боботоғу Бойсунтоғларда чўпонлар ёзда, қишда яна бошқа жойларда чорвасини ўтлатиб юради. Чорва учун, молу подалар учун қаерда қорни тўйса ўша ер яхши ва қулай бўлади. Лекин ўша тилсиз жониворда ҳам ватан соғинчи бор. Уйини олти ойдан кейин топиб келган кучуклар, итларни биламан. Шундай экан одамнинг ҳам кўзга кўринмас Худо берган илдизи бор. Бу илдиз шу Ватаннинг тупроғида. Биз буни ҳеч унутмаслигимиз керак! Қорин тўяди қаерда бўлса, ризқни Аллоҳ беради. Лекин бу туйғуни унутсак, бу туйғудан мосуво бўлсак биз ҳеч ким бўлиб қоламиз.

Шу ўринда Абдулла аканинг бир шеъри бор: «Мен бу ерда хорижда шифохонадаман, ўзимча шоирман, Ўзбекистонда азиз кишиман, лекин бу ерда битта беморман, битта ўзбекман, бир мусофирман» – дейди. Шунинг учун ҳам бежизга Ватан мавзуси ҳеч қачон кун тартибидан тушиб қолмайди. Шунинг учун муқаддас нарсаларимиз бўлиши керак! Муқаддас нарсаси гринкард бўлиб қоладиган авлод пайдо бўлиб қолмаслиги керак!

Шунинг учун ҳам Ватан тушунчаси ҳақида ҳар куни гапириб бўлмас экан. Тўғрироғи мумкин эмас. Бизнинг ватандан қарзимиз кўп. Мана шу ҳудуд, мана шу диёр бизни камолга етказди, улғайтирди, опичлаб юрибди. Биз бу юртдан ҳамиша қарздорлигимизни ҳамиша ҳис қилиб турамиз. Сиз тилга олган Абдулла Ориповнинг шеъри ҳам бежиз ёзилмаган, деб ўйлайман. Мана шу Ўзбекистоннинг нақадар катта юрт эканлигини, ўзбек қандай катта халқ эканлигини эслатадиган сатрлар.

«Юртнинг муҳаббатини, эркни, истиқлолни биринчи бўлиб истаган, қўмсаган, ҳис қилган ҳам шоирлардир...»

– Халқ суяна оладиган ижодкорлар яралиши керак ва бўлиши шарт. Бугунги кунда шоирнинг жамиятдаги вазифалари, масъулияти нималардан иборат, деб биласиз?

– Шоир ҳамиша ватанпарвар бўлиши керак! Шоир ҳамиша халқининг тарафида туриб курашиши, ҳамиша мана шу юртнинг манфаатлари томонида туриб курашиши шарт. Бу унинг Худо буюрган бурчи. Шоир Ватан ҳақида ёзмаса, Ватан хақида бир сўз айтмаса-да, юрагида айтилмаган, изҳор қилинмаган бўлса ҳам Ватанга катта муҳаббати бўлмаса мен бу шоирнинг эътиқодига, муҳаббатига шубҳа қиламан. Турли даврларда ҳам устоз шоирларимиз бу вазифани бажариб келди.

Ватаннинг дарди билан яшаш оғир юк. Юртнинг бошига иш тушганда шоирлар ҳамиша биринчи қадамни қўйган. Шунинг учун ҳам қатағон бўлган ҳам, қатл этилган ҳам шоирлар қавмидир... Юртнинг муҳаббатини, эркни, истиқлолни биринчи бўлиб истаган, қўмсаган, ҳис қилган ҳам шоирлардир... Шоир ҳамиша биринчи қадамда, олдинда бўлиши мажбур ва шарт.

– Шоир бугун елкасидаги юкни манзилга бекаму кўст етказаятими?

– Бу саволга шахсан ўзим мисолида айтсам, мен ўзимдан қониқмайман. Юртим ва халқим олдидаги масъулиятни тўлиқ адо этолмаяпман, деб ўйлайман. Шоир ҳеч қачон жамиятдан йўқ бўлиб кетмайди.

Албатта бунинг катта-кичик турли сабаблари бор. Турмушнинг, ҳаётнинг ташвишлари бор. Лекин ният улуғ, мақсад катта, олдимга қўйган вазифаларни албатта удда қиламан, бажараман деган аҳд бор, бел беш жойидан маҳкам боғланган.

«Бугунги кунда Халқининг дилини, кўнглини асраб қолиш, унинг дардини олиш шоирнинг муҳим вазифаси, бурчи деб биламан.»

— Шоирнинг шахсияти нималарда намоён бўлади?

– Шоир шахсиятининг биринчи фазилати адолат. Адолатсиз шоир бўлмайди. Агар шоир ёлғонга қурбон бўлса, унинг ёзганлари ҳам ёлғон бўлади. У ҳамиша ҳақ ва адолат томонида бўлиши керак! Шоир адолатдан, ҳақ сўздан кўз юмса, у Ватанга, шеърга хиёнат қилса унинг қалбидан шеър фаришталари кетади. Бу кўнгли нозик шеър фаришталар бир кетса қайтиб келмайди.

Жуда истеъдодли, ниҳоятда талантли шоирларни кузатганман, кўрганман. Адолатга, ҳақ сўзга хиёнати туфайли ўртамиёнага айланган, ҳатто ёзолмай қолишган. Адолат биринчи ўринда шоирнинг қалбида ҳоким бўлиши керак. Бугун биз турли даражадаги шеърларни ўқияпмиз. Инсоннинг ички кечинмалари, шахсий туйғулари, ҳатто интим туйғулари ҳам шеърга кўчаяпти. Шеърнинг бадиий даражаси бошқа масала. Лекин менинг наздимда шеър биринчи ўринда рост сўз билан, ҳақиқат билан ёзилиши ва халқнинг дарди бўлиб жаранглаши керак!

Кимдир айтиши мумкин, стадионда Ғафур Ғуломга ўхшаб 15 минг одамга шеър ўқишнинг вақти ўтди, деб. У давр қайсидир маънода ўтгандир. Бугун бу вазифани ижтимоий тармоқлар бажараяпти. Бугунги ижтимоий тармоқда шу вазифани бажариш мумкин-ку? Бугунги шоирнинг масъулияти Ғафур Ғуломнинг масъулиятидан оғир бўлса оғир, лекин кам эмас. Чунки одамларни чалғитадиган, алдайдиган нарсалар кўп. Бугунги кунда халқининг дилини, кўнглини асраб қолиш, унинг дардини олиш шоирнинг муҳим вазифаси, бурчи деб биламан.

«...Лекин мен инсоннинг инсонга бўлган соф, бегидир, бетаъма, ҳеч бир манфаатсиз муҳаббатни улуғ туйғу деб биламан.»

— Муҳаббат ҳақида фикрингизни билмоқчиман?

– «Муҳаббатсиз кишидин қуш бўлиб қоч» – дейди Сўфи Оллоҳёр Ҳазратлари. У киши назарда тутган муҳаббат банданинг Аллоҳ билан ўртасидаги муҳаббати деб талқин қилинади. Лекин мен инсоннинг инсонга бўлган соф, бегидир, бетаъма, ҳеч бир манфаатсиз муҳаббатни улуғ туйғу, деб биламан. Агар шу туйғу бўлмаса биз кўриб турган мана шу гўзалликнинг биттаси ҳам бўлмасди.

Агар дунёда муҳаббат бўлмаса, гўзалликнинг ҳаммаси йиғилиб барбод бўларди. Ҳаётда қизиқ ҳолатлар кўп бўлади. Мен бир ҳолатдан доим ҳайратланаман. Кимдир, кимгадир туғилган куни муносабати ёки бир яхши кунида, ёки кўнгил изҳори билан бир дона гул совға қилиш ҳолати учрайди. Дунёдаги ЭНГ буюк ишларнинг биттаси мана шу! Ҳаётда инсоннинг инсонга гул совға қилишидек буюк ҳодиса йўқ. Мен бу масрур ҳолатни, дунёда атом бомбасини яратишдан-да, дунёни қутқариб қолишга арзийдиган кашфиётлардан ҳам каттароқ ҳодиса деб биламан.

Бу гул бир неча соатлардан кейин сўлиши, тароватини, латофатини, ифорини йўқотиши мумкин, лекин ўша лаҳза бор. Мана шу лаҳза, мана шу ҳолат буюк ҳодиса! Кимдир кимгадир кўнгил боғидан бир дона гул совға қилишида, ўша пайтда ўша кўнгилларнинг қўл бериб кўришганини кўраман... ана шу пайтда шу икки бандага Худо хам меҳр билан қараса керак деб ўйлайман. Яна айтаман, мана шу ҳолат, инсоннинг инсонга гул совға қилишдек буюк ҳодиса йўқ мен учун дунёда! Муҳаббатсиз ҳаётнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди. Ҳеч қандай поэзия, шеърият йўқ, ришталар, кашфиётлар йўқ . Бусиз яшаб бўлмайди. Муҳаббатсиз бу бўм бўш дунё!

«Абдулла Орипов бўлиб рол ўйнаш шунча мушкул бўлса, Абдулла Орипов бўлиб яшаб ўтиш қанчалик қийин бўлган экан деган ўй ўтди»

– Яқинда десам ҳам бўлади Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳақидаги ҳужжатли фильм кенг оммага намойиш этилди. Фильмда сиз шоирнинг ўсмирлик, ҳаётининг энг қизғин онларини акс эттирган даврини экранда гавдалантирдингиз. Фильм ҳақида илиқ гаплар билан эътирозлар ҳам йўқ эмас... Бунга муносабатингиз қандай?

– Эътирозларга яхши қарайман. Абдулла Ориповнинг сатри бор-ку, «ҳар кимнинг гўри бошқа, азроили бўлакдир» – деган. Ҳар кимнинг дунёқараши ҳар хил, ҳар кимнинг ўз ўлчови бор. Қолаверса, ҳар кимнинг ўз Абдулла Орипови бор. Эътирозларнинг ўринлиси ҳам, мутлақо ассосизлари ҳам бор. Битта гап. Абдулла Орипов шахсиятини 2 соатлик фильмга сиғдириб бўлмайди. Бу фильм қанча чиғириқлардан ўтиб, халққа намойиш этилди. Энг муҳими халққа ёқди. Минглаб изоҳларни ўқиб шу фикрни айтаяпман.

– Нега айнан бу ролни сиз ўйнадингиз?

– Бу режиссёрнинг танлови. Бундан олдинги овозсиз фильмда ҳам мен айнан шу ролни ўйнаганман. Кейинчалик барча жараёнлардан ўтиб бўлгандан кейин режиссёрга «мени танлаб тўғри қилибсиз» – дедим. Чунки мен биринчидан Абдулла аканинг шогирдиман. У кишини озми кўпми биламан. Шу жиҳатдан озми кўпми нафим тегди, деб ўйлайман.

— Абдулла Орипов руҳиятини қанчалик ҳис қилдингиз? Абдулла Орипов руҳияти сизга қанчалик кўчиб ўтди? Рол ўйнаш давомида қандайдир илоҳий ҳодисалар рўй бердими?

– Абдулла ака тириклик пайтида ўз ҳаётидан кўп воқеа, ҳодисаларни айтиб берган. Мен бу суҳбатлардан Абдулла аканинг танланган бандалардан эканлигини сезганман. Шубҳасиз, Абдулла аканинг қалбда илоҳ билан боғлиқ ришталар борлигини сезганман. У Ориф бободек элни боққан, элни очарчилик пайтларида асраб қолган инсоннинг фарзанди бўлиб дунёга келган, камолга етган инсон эканлигини тушунганман.

Инсонни ҳис қилиш бошқа, лекин унинг ролига кириш бошқа. Мени съёмка жараёнида Абдулла аканинг юки босгандек бўлди. Айниқса, устознинг кайфиятсиз ҳолатларини суръатга олаётганда бу аниқ сезилди. Шунда кўнглимдан бир гап ўтди, Абдулла Орипов бўлиб рол ўйнаш шунча мушкул бўлса, Абдулла Орипов бўлиб яшаб ўтиш қанчалик қийин бўлган экан деган ўй ўтди.

«Агар сир қоладиган сўзлар бўлмаса, қалб яланғочлашса, ҳаммаси очиқ, ошкор бўлса бу ерда поээзия ўлади, биз истаган гўзаллик ўлади. Инсонларнинг юрагидаги чўғ ўчади.»

– Нима деб ўйлайсиз шеърият тарбия воситаси бўлиши мумкинми? Шеър инсонни тарбиялай оладими?

– Шеър ўқитувчи эмас. Шеърнинг битта буюк вазифаси бор, мен учун! Шеър инсонга инсонлигини эслатиш учун керак! Аслида инсонга инсонлигини эслата олса бундан буюк тарбия ҳам йўқ. У гоҳо бир телбавор, гоҳо бир селдай шошқин, довулдай бежилов... Лекин инсоннинг қалби бор.

Инсоннинг қалбида қанча гўзал, осуда кунлар бор бўлса, шунча қаҳратон қишлар ҳам бор. Ўзининг ҳарорати, ўзининг ранглари бор. Лекин у табиатдагидек кетма-кет келмайди. У бетартиб келади. Шеърият мана шунинг акси, кўриниши, инъикоси. Мен айрим шеърларни ўқиб шеър деб эълон қилинганига эътироз қилгим келади. Инсоннинг энг нозик, ўзи ва Худо ўртасида, кўнгил берган ва кўнгил қолган кишиси ўртасидаги гапларнинг шеър деб эълон қилиниши муносиб эмас. Албатта, бу инсонда бўладиган ҳолат. Айтилмайдиган, сир қоладиган сўзлар бўлиши керак! Агар сир қоладиган сўзлар бўлмаса, қалб яланғочлашса, ҳаммаси очиқ, ошкор бўлса, бу ерда поээзия ўлади, биз истаган гўзаллик ўлади. Инсонларнинг юрагидаги чўғ ўчади. Айтилмаган сир қолиши керак! Айтилмаган муҳаббатлар қолиши керак, айтилмаган изҳорлар қолиши керак! Ўзига билдирилмасдан қилинган яхшиликлар кўп бўлиши керак! Аслида поэзия мана шу! Агар мен шеър ёзмаганимда балки врач бўлардим, кимёгар бўлардим, лекин жуда қийналиб яшардим. Ўзимга ёқмаган бир ҳаётни яшаб ўтардим. Шеър ёзиш, шоир бўлиб яшаш Худо буюргандек яшаш деб биламан! Худо буюргандек яшашни англашнинг ўзи катта ютуқ!

– Адабиётдаги ренессансни нималарда кўрасиз?

– Адабиётда ҳали ренессанс бўлгани йўқ. Биз ўзбек жамиятининг учинчи ренессансига Президент бошчилигида пойдевор қўямиз деб бел боғлаб турибмиз. Бу иш осон эмас. Бу жуда катта фидоийликлар, заҳматлар ҳисобига амалга ошади. Ана шу ренессенснинг руҳи шеъриятга кўчиши керак! Қачон кўчган, қачон бўлган Ренессанс!? Ўша Беруний давридами, минглаб гиёҳларнинг номини билиб, ундан ортиб мингдан ортиқ рубоийлар ёзган Ибн Сино давридами? Ёки ҳаммаси мана шу кўз олдимиздаги Шаҳидлар хиёбонида қатл бўлган жадидлар давридами?

Ўша пайтдгаи поэзиядан бугун биз учинчи ренессансни адабиётга, шеъриятга кўчиришимиз учун, буни шеърда акс эттиришимиз учун энг аввало ўзимиздан ғурурлана оладиган бўлишимиз керак! Биз ўзимиздан ғурурланмасдан, биз ўзимизни тўғри маънода, яхши маънода яхши кўрмасдан буни қоғозга, шеърга, адабиётга кўчира олмаймиз. Биз қачон фахрланамиз? Биз ўзимизнинг тилимизда гапиришни яхши кўрсак. Уч киши турганда ўзга тилда гапирганда, биз унга ўзбекча жавоб қайтараолсак, ўзбекча гапиришини таъминлай олсак, чинакам миллий ғурурни ич-ичимиздан ҳис қилсак, шундагина учинчи ренесансни адабиётга кўчирамиз, кўчира оламиз!

«Менинг эҳтиёжим бор бу сайтга. Ўзига хос бир ракурси бор.»

– XABAR.UZ ҳақида сизнинг фикрингиз қандай? Кузатасизми? Бошқалардан қандай фарқ қилади?

– Менинг касбим ёзиш. Касбим матбуот муҳаррири. Бу касб билан шуғуланганимига ҳам 20 йил бўлди. Мен бу сайтнинг ўқувчисиман, керак бўлса фойдаланганман, янгиликларни кузатиб бораман. Айрим сайтлар учта-тўрттаси бир хил янгиликни бир хил тарзда бераверади. Хabar.uzнинг ўзининг юзи бор. Бу сайт воқеага бошқача қарайди. Менинг эҳтиёжим бор бу сайтга. Ўзига хос бир ракурси бор. Операторидан торитиб, мухбирининг изоҳи, шарҳигача. Бугунги дунёда бўлаётган воқеаларга холис қараш Хabar.uzнинг асосий мезони, деб ўйлайман. Жамоаси билан таниш эмасман. Лекин кадр ортидаги фидойи, тиниб-тинчимас, узоқни кўра оладиган мухбирларнинг ишини сезаман.

Ўзбекистон халқ шоир Усмон Азимнинг шундай файлусуфона шеъри бор икки ботир юртга келиб қирнинг устидан қараб, иккита нарсани кўрди. Бу оламга келган одам истаганини кўраркан, деб тугатади шоир. Худди шундай Хabar.uzнинг ҳам ўзининг нигоҳи бор. Бу журналистикада энг муҳим нарса. Хabar.uz жамоасига ривож тилайман, ўқувчилари ортиб, нуфузи янада ошишини истайман.

 Озода Бекмуродова суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг