Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Таниқли вайнер Бобур Мансуров «беш минг сўм сири»ни очди (видео)

Уни ишга қабул қилишмаган, лойиҳалари учун зир югуртиришган, пулсиз қолган, кейин эса...

У қисқа фурсатда танилди. Ўзининг ажабтовур қаҳрамонлари, кулгили ижроси билан ижтимоий тармоқда машҳур бўлди. Интернетда чиқарган қисқа дақиқали ижод намуналари – вайнларида бир қадар анқов, лақма, хушомадгўй, маддоҳ ва бошқа одамлар қиёфасини очиб берди. У ҳаракатдан, меҳнатдан тўхтагани йўқ. Шу кунларда вайнлари янада оммалашмоқда ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига манзур. Хуллас, бугунги меҳмонимиз – ёш актёр ва режиссёр Бобур Мансуров. У билан муваффақиятлари ортидаги машаққатлари ҳақида суҳбатлашдик.

– Сиз ижтимоий тармоқда вайнларингиз орқали мухлисларга эга бўлдингиз. Одамларга табассум улашяпсиз, кайфиятни кўтаряпсиз. Анча фаолсиз. Аммо қаҳрамонларингиз халққа яқин бўлса-да, уларнинг исми йўқ. Шундай экан, ўзингизни яқиндан таништирсангиз.

– Мен Бобур Мансуров, актёр, режиссёрман. Шу соҳада Ўзбекистон санъат ва маданият институтини битирганман. 1992 йили Сирдарё вилояти, Ховос туманида туғилиб ўсганман. Санъатга болаликдан қизиқдим. Оиламизда умуман санъаткор йўқ. Лекин бу соҳага қизиқиш онамдан ўтган, дейди кўпчилик. Онамда санъатга муҳаббат бор.

Эсимда, суннат тўйимда уйдагиларга артистлик қиласизлар, деб йиғлаганман. Кейин қўшиқчи чақиришган. Шароитимиз яхши эмасди ўшанда. Хуллас, қўшиқчи келди. Мени уни кўриб, кузатиб тўйимнинг эртаси куни ҳовлида уйдагиларга концерт қўйганман. Бақириб қўшиқ айтганман. Қўшниларимиз: бўлди, ухлайлик, деб додлашганди. Кечаси эди-да! Мен эса «Болалар» гуруҳига тақлид қилиб, «Қани, Тошкент?» деб бақириб, қўшиқ айтардим. Дарахтларда томошабин бордек тасаввур қилардим.

Бора-бора санъатга қизиқишим кучайди. Ўқишни ният қилдим. Тошкентда таҳсил олишнинг имкони бўлмади. Гулистон санъат ва маданият коллежида ўқидим. У ерда қўшиқчилик соҳаси йўқ эди, актёрлик бўйича сабоқ олдим.

– Мактабда бадиий тўгаракларга борганмисиз? Мактаб саҳнасига чиқиб, роллар ижро этган бўлсангиз керак?

– Ҳа, ижро этганман. Умумий тадбирлар менсиз ўтмасди. Айниқса, 9-«А» синфда фаол эдим. Қўшиқлар, шеърлар, рэп, ҳатто мақом ҳам айтганман. Хуллас, ҳаммаси бўлган. Барча тадбирларда қатнашиб, биринчи ўринларни олардим.

Коллежни битиргач, ҳарбий хизматга кетдим. Бир йиллик хизматда ҳам тинч юрмадим. Навоийхонлик тадбирида биринчи ўринни олдим. «Қувноқлар ва зукколар» бўларди, ўшандаям ғолибликни қўлга киритганман. Қаерда бўлмайин, санъатга муҳаббат мени тарк этмади. Қачонлардир актёр бўлиб танилишни хоҳлардим. Кўз тегмасин, ҳозир халқ танияпти. Бундан хурсандман. Ҳали мақсадлар катта. Улкан режалар бор, худо хоҳласа.

– Мактабда мусиқа, ашуладан беш баҳода ўқигандирсиз. Қолган фанлар-чи: она тили, адабиёт, математика, кимё...

– Она тилидан унча эмас, адабиётдан зўр эдим. Шеърлар ёдлаб, ифодали айтиб берардим, лекин математика, физикадан унча яхши эмасдим. Бу фанларни умуман ёқтирмасдим. Ўқитувчиларим кўп койишарди, дарсда қандайдир ҳазиллар қилиб турганим,  уйга вазифани тайёрламаганим учун. Аммо кимёдан олимпиадаларга борганман.

– Оила аъзоларингизни яқиндан таништиринг.

– Оиламизда беш фарзандмиз. Бешта ўғил, қиз йўқ. Мен тўртинчисиман. Онам асли Қирғизистондан, Ўшдан. Онам ёшлигидан ҳинд қўшиқчиси Лата Мангешкарнинг қўшиқларини ўзидек айтади. 12-13 хил овозни ўхшатиб бера оладилар. Жудаям истеъдодли. Аммо ўша пайтларда, билсангиз, аёлларни санъатга қўйишмаган. Онамга армон бўлиб қолгач, билмадим, санъаткор бўлиш менга юқди шекилли. Онам доим қўллаб-қувватлайдилар.

Дадам ошхонада ишлайдилар. Шашлик қилиб сотадилар. Мен ҳам ёнларида туриб, шашлик сотганман. 6-7 йил мобайнида кичкина ошхонамизда дадамга ёрдам берганман. Болалигимдан шашлик сотиб бақирардим, «Келинглар, шашлик бор», дердим. Мижозлар олиб келардим. Шунақа эди оиламиз. Акаларим ҳам, мен ҳам, кўз тегмасин, олий маълумотлимиз. Акаларим бошқа-бошқа соҳаларда ишлайди. Катта акам транспорт вазирлигида фаолият кўрсатади. Қолганлари ўқитувчи, педагог.

Улар ижодингизга муносабати қандай?

– Биласизми, интернет бирдан ривожланди. Тўғрисини айтаман, бугун одамлар телевизорни кам кўришяпти. Олдин мен актёр, режиссёр бўлиб ишлаганимда уйдагилар ишимга яхши қарашарди. Профессионал даражадаги фаолият барибир бошқача-да, ҳурматга сазовор бўласиз. Мен ҳар доим профессионал ишни тан оламан. Уйдагилар, акаларим инстаграмдаги чиқишларимга қарши бўлишган. «Қўй шу ишингни, шунча ўқиб, инстаграмда ишлайсанми? Тўрт йил ўқидинг, ўзингга шуни раво кўряпсанми?» дейишган. Вайнларим аввал бошда ёқмаган.

Ўзи қачон бошлагансиз вайнларни?

– 2022 йил март ойида бошладим. Ўша пайтда ишим унча юришмади. Акаларим ҳам норози бўлишди, тўхтатдим. Кейин бир устозим менга айтди: «Сен актёрсан, уддалайсан, деди. Ҳозир замонга қараб иш қилишинг керак. Томошабин нимани хоҳлаяпти – шу ҳақда ўйла, буни касб қилиб ол. Менсимасдан, бўш вақтимда суратга оламан, дема. Хобби бўлмасин, касб қилиб олсанг, сени боқади», – деди. Шу гапдан кейин мен жамоамиздаги йигитлар билан гаплашдим. «Келинглар, астойдил меҳнат қилайлик, натижаси бўлади», – дедим. Мана, икки ойдан бери тинимсиз ишлаяпмиз. Март ойидан сўнг узилиш бўлгач, ҳозир тўхтаганимиз йўқ. Жамоадаги йигитларнинг ҳаммаси курсдошларим. Етти йилдан бери биргамиз.

Томошабин жингалак соч сифатида биладиган Шаҳриёр ва Элдор, Ибрат билан тўрт йил ётоқхонада, сўнг ижарада бирга турганмиз. Шаҳриёр, Ибрат оилали бўлиб, ҳозир алоҳида яшайди. Мен Сардор билан бирга тураман.

Хуллас, ота-онам, акаларим аввалига қарши бўлишди. Бирор жиддийроқ тренд қилгин, дейишди. Бу мен учун яхши маслаҳат бўлди. Ҳамма қатори ишлаганимда вайнларимда уятсиз лавҳалар ҳам кетиб қоларди. Одамлар куляпти-ку, деб давом эттираверардим. Мен ота-онам, ака-укаларимнинг фикрини ўзгартираман деб, ўзим билмаган ҳолда бошқа йўналишга тушиб қолдим. Кўз тегмасин, биз одамлардаги чапанилик, соддалик, оддий нарсаларни олиб чиқяпмиз. Устоз санъаткоримиз раҳматли Ҳожибой Тожибоевни ўзимга устоз, кумир деб олганман.

Мактабни битиргач, коллежга кирдим, дедингиз. Кейин-чи?

– Коллежни битиргач, икки йил юрганман. Бу соҳадан умуман йироқ бўлган пайнет очганман. Ўша пайтлари пайнетлар ривожланиб кетганди.

Сирдарёдами?

– Ҳа, Сирдарёда. Пайнет очдим, аммо натижа бўлмади. Бунақа ишлар пешонага ёзилмаган экан. Устознинг: «Сен ўзингнинг соҳангни яхши кўр, сени шу боқади. Насибангдан келгани бошқача бўлади», – дегани тўғри экан. Икки йил ҳамма ишни қилдим. Фойдаси бўлмади. Ўқишга топширдим. Икки йил ҳам киролмадим. Кейин ҳарбий хизматга кетдим. У ерда тавсиянома берилади, биласиз. Шу тавсиянома ёрдамида ўқишга кирганмиз.

Яъни, қўшимча имтиёз билан, балл олиб.

– Ҳа, шундай. Ўқишга кирдим. Бошида роса машаққатли бўлди. Чунки бу соҳадан анча узоқлашиб кетгандим. Жудаям қийналдим. Аммо ўқишда тиним билмасдик. Жамоамиздаги йигитлар ҳақиқатан курсда энг зўрлари эди. Биз тинмасдик. Қандай вазифа берилса, битта эмас, тўртта қилиб бажариб топширардик. Устозимиз жуда қаттиққўл – Мунаввара Абдуллаева. Профессионал ўқитувчи, педагог. Мен шундай устознинг қўлида ўқиганимдан фахрланаман. Мунаввара Абдуллаева бир вақтнинг ўзида ҳам актёрликни, ҳам режиссёрликни ўргатадилар. Мен ҳозирги ўқиётган ёшларга устозлар қадрига етишларини хоҳлардим. Ҳақиқатан профессионал, зўр устоз. Ҳалигача йўқлаб бораман, маслаҳат сўрайман.

Институтни тугатгандан кейин нима иш қилдингиз?

– «Бир ками тўлмаган дунё» сериалида иккинчи режиссёр бўлиб ишладим, «ЗўрТВ»да берилган. Бир йилдан ошиқ ишладим. Тўғриси, қийналганман. Тирикчилигим бўлиши керак, ҳеч қаердан даромад келмайди. Нима қилиш кераклигини билмаганман. Бир йил ишлаб, ўша ерда йўлкира қилардим. Ҳамма харажат ёнимдан эди. Хуллас, шароитим тўғри келмади. Уйдагилар, бўлди, йиғиштириб вилоятга кел, дейишди. Қайтиб бордим. Маданият уйига иш сўраб мурожаат қилдим.

Ўрта махсус маълумотига эга аёл билан битта штатга номзод бўлиб қолибмиз. Аёлни ишга олишди. Ҳафсалам пир бўлди. «Тўғри, бу ишда тажрибам йўқдир, лекин мен тўрт йил ўқиганман институтда. Шу соҳа бўйича мутахассисман», дедим. Режаларим бор эди. Истеъдодлар кўп, лекин танловларда бирортаям сирдарёлик чиқмайди. Уларни юзага чиқармоқчи эдим. Ўрнимга ўрта махсус дипломига эга аёлни ишга қабул қилишди. Бўлди, энди қайтиб келмайман, Тошкентимда ижод қиламан, дедим. Ўсиш учун пойтахт яхши-да. Яхшиликка бўлган экан.

Тошкентга келгач, айнан шу жамоа билан «Орзулар палатаси» сериали лойиҳасини тайёрладик. Телеканалларга олиб бордик. Бошида ҳеч бирига маъқул тушмади. Чўнтакда пулимиз йўқ, у телеканалдан бунисига кўтариб юрамиз. Суратга олишга маблағ, продюсер йўқ эди. Ниҳоят сценарий давлат киноси агентлигига ўтиб қолди. Уларга ёқди. Бир йил ичида ишладик.

«Орзулар палатаси» 60 қисмдан иборат, шифокорлар ҳақида. Ёмон бўлмади, кўпчиликдан раҳмат эшитдик, актёр ва актрисалар ҳам кўп эди. Асосан, янги чеҳраларни олиб чиқдим. Уларнинг ҳаммаси танилиб кетди. Бу ҳам бир тажриба бўлди. Шундан кейин ўзим учун қарор қабул қилдим: ҳозир телевизорни кам кўришяпти, вайн ишлаймиз, дедим.

– Демак, вайн билан кўпроқ машҳур бўлгансиз?

– Ҳа, шундай. Кўпчилик, «сен анови кинони олгансан», демайди, «сен ўша вайнер эдинг-а», – дейди. Биз санъаткормиз, шу иш қўлимиздан келяпти, қиляпмиз. Бориб устачилик қилмаяпмиз, балки актёрлик қилиб маҳоратимизни кўрсатяпмиз. Ҳолливуднинг машҳур актёри Уилл Смит «Оскар» олган, у ҳам вайнерлик қилади, «тик-ток»да чиқади.

– Муҳими, беозор ҳазилларингиз халққа ёқяпти. Шарҳларни ўқиймиз, ижобий фикрлар билдиришяпти. Одамларга табассум улашасиз, кайфиятни кўтарасиз. Лекин бугун вайнерлар кўпайиб кетган. Хоҳлаймизми-йўқми, рақобат бор. Халқ солиштириб кўради. Иш жараёнида шуни ҳисобга оласизларми? Сизга рақобатчи борми?

– Ҳа, халққа ёқиши керак. Мен ўзимга рақобатчи деб санамайман-у, лекин зўрларини тан оламан. Зўрни зўр дейиш керак. Рақобат ҳам бўлиши мумкин, лекин мен уларга қараб ижод қиламан, чунки ўша даражага етиш ва ундан ҳам зўр бўлишга ҳаракат қиламан. Доимо мақсадим бўлган. Шу мақсадим сари интиламан. Устозим ҳам айтган:  «Бўлсанг, энг зўри ёки энг ёмони бўл! Ўртада қолма».

Масалан, мен Эрали митти вайнни яхши кўраман. Яна Мўмин бор, «Мўмин лайф» бўлиб чиқади. Озодни кўриб тураман, у ҳам зўр. Зўрларни тан олиш керак. Концертларини томоша қиламан. Ҳозир кўпайган улар. Ҳаракат қиламиз, мақсадимиз ҳам шу: энг зўри бўлиш ҳаракатидамиз.

– Комик жамоалар, одатда, ТВда ҳазил-мутойиба кўрсатувини ташкил этади. Масалан, навоийлик сўз устаси Нодир Ҳайитов жамоаси билан «А...кула»ни чиқариб туради. Сизда бундай режалар йўқми?

– Ҳозирча йўқ. Мен тез кунда, худо хоҳласа, веб-сериал олиб, «Ютуб»га чиқармоқчиман. Халқ таниган характерларимдан келиб чиқиб тайёрлайман. 2-3 дақиқалик видео қўйсам, олдин кўпчилик чўзворяпсиз, дейишар эди. Ваҳоланки, вақтида икки соатлик кинони бемалол кўрган.

Бу менинг услубим, дейман. Кўрган кўради. Масалан, ҳозир 4 дақиқалик видео тайёрлайман, кўпчилик кўряпти, ака, яна чўзинг, дейди. Веб-сериалимизнинг ҳар бир қисми 10-15 дақиқадан иборат бўлади. Қаҳрамонимнинг феъл-атворидан келиб чиқиб давом этади. Мазза қилиб кўрасизлар.

– Ситкомми?

– Йўқ, ситком эмас. Воқеани битта қаҳрамондан келиб чиқиб, битта линияда давом эттирамиз.

– Вайнларингизда беш минг сўм ҳақида кўп гапирасиз, шунча пулни сўрайверасиз. Нега айнан беш минг сўм, бирор бир сабаби борми?

– Бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч қачон айтмайман, деганман. Айтмасам ҳам бўладими?

– Айтинг.

(Хўрсиниб) Мен шундай кунларни бошдан ўтказганманки, ёнимда 5 минг сўм бўлмаган. Пулсиз қолганман. Ҳатто овқатланишимга, еб-ичишимга топилмаган. Бировлардан сўраганимда беришмаган, 5 минг сўм беришмаган.

Мендаям қачонлардир шу пул бўлармикан, деб ўйлардим. Азбаройи қийналганимдан Россияга кетмоқчи бўлганман ҳатто. Икки ой олдин. Яхши таклиф чиққанди. Ота-онамни ўйладим. Сен тўрт йил ўқиб, Россияга кетасанми? Бўлдими шу билан, демасликлари учун кетмадим. Ўртоқларим, сабр қил, озроқ ҳаракат қил, Худо беради, дейишди. Сабр қилдим,  кўз тегмасин. Ҳозир яхши.

– Тирикчилик, кун кўриш, асосан, вайнлар орқали бўляптими ёки тўйларга чиқиб турасизми?

– Йўқ, тўйларга чиқмайман. Балки чиқарман кейинчалик. Асосан, тирикчилигим шунинг орқасидан.

Сизни бир-иккита телеканалларда кўриб қолдик, маиший мавзулардаги теленовеллаларда.

– Теленовеллаларга бориб тураман. Чақиришади. Давлат фильмларига ҳам таклифлар тушяпти. Мен актёрман. Худо хоҳласа, ўзимни кўрсатмоқчиман. Фақат интернетда эмас, телевидениеда ҳам чиқмоқчиман. Катта экран, кинотеатрлар, премьераларда чиққим келади. Ўзим ҳам кино оламан, худо хоҳласа. Мақсадим фақат инстаграмда қотиб қолиш эмас.

Театрга таклиф қилишса борармидингиз?

– Театрдан кўнглим қолган дейман-у, барибир бораман. Спектакль, жонли ижро бошқача-да. Ўзим ҳам театрни яхши кўраман.

Болалар учун спектакль қўйилади-ку, унда ўйнайман мазза қилиб. Спектаклда ўйнашни тушунтириб бериш қийин-да. Барибир бир куни ўйнайман. Актёр бўлиб ишлаш ниятим бор.

Вайнларга қайтайлик. Уларни захира қилиб йиғиб, кетма-кет берасизми?

– Бир ҳафталик режамни олдиндан тайёрлаб қўяман. Ҳафтада учта чиқараман. Тўртта-бешта ҳам бўлиб кетади.

– Асосан, қайсилари оммабоп?

– Юқорида айтганимиз «Беш минг сўмлик» яхши чиққан. Кейин «лаганча» ҳам одамларга ёқди. «Чайвуш» бор, русчани унча тушунмайдиган ўртоқлар ҳақида. Асосан, шулар оммалашди. «Ҳаммага айт, ҳамма билсин. Сен бир яхшилик қилма экан»ни ҳам кўп сўрашади. Мен ҳар бир вайнни мумкин қадар томошабин талабига қараб тайёрлайман. Бир хилликдан қочишга, характерлар бир-бирини такрорламаслигига ҳаракат қиламан. Қайси характер ёқса, демак, шуни давом эттиришим керак, дейман. Халққа ёққанини ушлаб оламан.

– Актрисаларни таклиф қиласизми?

– Таклиф қиламан. Баъзида ўзларидан таклиф тушади, бирга ўйнайлик, дейишади. Шу ролга ким мос тушиши, ким маҳоратлироқ ижро этишини чамалаб кўраман. Ўша актрисани таклиф этамиз.

Бир кунлик иш тартибингиз қандай?

– Ишим эрталаб соат 9 да бошланади. Қуёш чиққанда кадрлар чиройли кўринади. Инстаграм ёрқин лавҳаларни ёқтиради. Соат 9 да бошласак, битта лавҳа оламиз. Тушдан кейин яна битта. Кеч тушгунча. Кейин кечқурун ўтириб, ёзиб чиқамиз сценарийни. Тайёр бўлгач, яна жамоа билан чиқиб суратга олишни давом эттирамиз. Пишиб етилгандан сўнг чиқарамиз, унгача эълон қилмаймиз.

– Ҳозир сиз маълум мавқега эришдингиз. Кўча-кўйда кўпчилик танийди. Бунгача қийналганларингиз ҳақида айтдингиз. Сизни рад этишган, қабул қилишмаган лойиҳалар бўлганми?

– Ҳа, кўп бўлган. Сериал бўйича телеканалларга югурганман. Рад этишган. Кейинчалик, ўша сериални бизга бер деб талашган телеканаллар ҳам бўлган, суратга оламиз, деб. Вақтида ишонишмаган лойиҳаларимизга. Давлат киноси идорасига ўтгач, қизиқиб бошлашган. Менга бер, шуни ишлайлик, дейишган.

– Сиз учун муваффақият нима?

– Муваффақият ҳар бир инсонда бўлади, фақат санъаткорда эмас. Сиз ўйлаган мақсадларингиз, режаларингизга секин-аста эришиб боряпсизми, демак, муваффақиятга эришяпсиз. Мақсадингиз йўлида меҳнат қиласиз, мевасини сездингизми, демак, муваффақиятга эришяпсиз. Муваффақият шу.

– Хорижлик ҳамкасблар ижодини кузатасизми? Кимни ўзингизга кумир ҳисоблайсиз?

– Инстаграмда қозоғистонлик Сека-вайнер ижодини кузатиб бораман. Унинг характери,  мимикаларини ўзимга ўхшатганлар камми? Балки Секани кузатганимдан мимикалари ўтиб қолгандир, ким билсин. Унинг даражасидаман деб айтолмайман, лекин ижодини мазза қилиб кўраман. Режиссёрлардан Жеймс Кэмеронни тан оламан. Ўзимиздан раҳматли Баҳодир Йўлдошев... тушларимга кирган инсон. «Сен зўр актёрсан, юр, менинг театримда ишлайсан», деган тушимда. Баҳодир Йўлдошев жудаям ҳурматли инсон эди.

Хориж актёрларидан Ди Каприо билан Бред Питтни кумир сифатида биламан. Ҳар бир ролини қойилмақом ўйнайди. Ўзбекистонда ҳурмат қиладиган актёрларим кўп.

Асосий мақсадингиз нима, Бобур?

– Ҳаётда мақсадларим кўп. Масалан, бахтли яшаш, ота-онамни рози қилиш, уларни ҳаж сафарларига юборгим келади. Худо хоҳласа, секин-секин эришаман. Санъат йўналишида эса асосий мақсадим «Оскар» олиш. Ростдан энг асосий мақсадларимдан бири бу.

– Сиз ҳаётда қувноқ инсонсиз. Шундай деб ўйлаймиз. Охирги марта қачон йиғлагансиз? Ва нима сабабдан?

(Бир оз сукут сақлаб) Охирги марта яқинда йиғладим. Олдинлари етишмовчилик туфайли сиқилиб йиғлардим. Ҳеч ким билмасди буни. Яқинда хурсандлигимдан йиғладим. «Хонсарой»дан уй таклиф қилишди. Бу совғани ота-онамга олиб бораман, дедим. Ростдан йиғладим, чунки улар, ойим кўп кутарди, у мени акаларимдан, ҳаммадан ҳимоя қиларди. Санъат институтига топширмайсан, жиддийроқ касб танла дейишганида, ойим мени қўллаган. Ҳамманг йўлингни топдинг, бу ҳам ўз йўналишини танласин, яхши бўлади, деб менга ишонган. Ойим ишонган касбим туфайли уй чиққани учун хурсандлигимдан йиғладим.

Тақдиримдан розиман, раҳмат. Йигитлар билан, жамоа билан меҳнат қилдик. Натижасини секин-секин кўряпмиз.

– Шахсий ҳаётда нималар кутиляпти яна?

– Худо хоҳласа, тўй. Кейинги йили.

– Оилавий ҳаётга ўралашиб қоласиз. Ижод давом этаверадими?

– Ижод давом этаверади.

– Тахминан чамалаб кўрганмисиз, вайн йўналишида яна 4-5 йилдан сўнг нима бўлади?

– Ҳозирча шу. Инстаграм, интернетни биласиз, бирдан йўқолиб кетиши ҳам мумкин. Шунинг учун биз йўналишимизни кенгайтириб, кейинчалик «Ютуб»га, сўнг «Тик-ток»ка ўтамиз. Кейинчалик кино, сериал оламан. Ҳаммасини бирдан олиб бормоқчиман. Қўлимдан келадиган ишни халқ учун амалга оширмоқчиман. Томошабин учун ижод қилиш ниятим бор.

– Сиздан кейинги издошлар, муваффақиятга эришолмаган ёшлар, масалан, ортга чекиниш арафасида турган ижодкорларга нима деган бўлардингиз?

– Тўғри йўлни топиб олиш керак. Кўпчилик инстаграмда чалғиб қоляпти. Кетиб қоляпти, мана шундай қилсам, мен ҳам зўр бўлиб кетаман, дейди. Иккита қизни қучоқлаб тушсам, зўр чиқади, деб ўйлайди. Мен ҳам бошида шунақа қилганман. Нотўғри йўлдан кетишимга сал қолган. Ота-онам, катталар қайтаришган. Тўғри йўлни топиб, фақат ишлаш, меҳнат қилиш керак. Тинмасдан ишласин, иккита видео қўйиб, ташлаб қўйиш керак эмас. 50-60 та, балки 100 тадан кейин зўр бўлиб кетар. Касбини яхши кўрса, меҳнат қилса натижа бўлади.

– Демак, омад меҳнатда.

– Меҳнатда. Кимки меҳнат қилган бўлса, кам бўлмаган. Ишласа нимадир бўлади-ю, тўғрими? Худо ҳам кўриб туради, ким меҳнат қилаётганини. Мақсадни тўғри қўйса, ишласа, беради.

– Бобур, бухоролик яхши актёр бор эди, Алишер Ҳамроев. Уни ҳинд актёри Акшай Кумарга ўхшатишарди. Сизниям шу актёрга қиёслашади. Ўзингизга ҳам айтишгандир? Акшай Кумарга тақлид қиласизми?

– Мен Акшай Кумар ижодини болалигимдан кузатаман. Ҳозир унча кўрмайман. Олдинлари зўр эди, ҳозир ўзингиз ҳам кўрмасангиз керак. Мени коллеж пайтидан унга ўхшатишарди, лекин тақлид қилмаганман. Ўхшаш томонимиз ташқи кўринишимизда бўлиши мумкин, ижодий томониям бор. Акшай      Кумарнинг ҳам мимикалари бор экан. Энди эслаяпман, у ҳам комедия йўналишини танлаган. Шунинг учун кўпчилик ижодимизни ўхшатган бўлса керак. Мен иложи борича ҳеч кимга тақлид қилмайман.

Интервьюдан фойдаланиб, бир гапни айтиб олай. Мен инстаграмдаги обуначиларимни жудаям ҳурмат қиламан. 3000 нафар обуначим бор эди. Улар доим ёнимда турган. Ҳозир ҳам бор. Бизни унутмадингизми, деб ёзишади. Йўқ, дейман. Чунки улар менинг видеоларимни ҳар қаёққа жўнатишарди. Ҳозиргача ёнимда туради. Мен уларга раҳмат айтмоқчиман. Сизлар туфайли бир нималарга эришдим. Худо хоҳласа, бундан ҳам юқори натижаларга эришсам, ёнимда туришларини хоҳлардим. Янги қўшилганларни ҳам унутмайман. Ҳаммангизни ҳурмат қиламан.

– Ҳеч кимга сир эмас, бугун ижтимоий тармоқда блогер, вайнчиликка ёшлар қизиқиб кетишяпти. Бунинг ижобий ва салбий томонлари бор.

– Ҳар бир ижодкор қилаётган ишим томошабинга нима беради, деб ўзига айтиши керак. Мен ҳам аввал бошда олган видеоларимдан уялиб қолардим. Нима жўнатдинг менга, болаларнинг олдида кўролмаяпман, тарбияси бузилади, дейишарди. Ростдан шундай, аммо мақсадимиз бу эмас-ку, дедим. Биз томошабинга суюкли бўлишимиз керак. 7 ёшдан 70 ёшгача мазза қилиб кўришсин. Ўзгартирдик жанрни. Бўлаётган нарсани кўрсин, менда шунақа камчилик бор, деб ўйласин. Ҳозир хайр-эҳсон, яхшилик қилиш керак деган гаплар йўқолиб кетяпти. «Беш минг сўм» ичидаям шу гап бор. Бировдан пул сўрасангиз, ақл ўргатиб бошлайди, ёрдам бермайди. Биз одамларда йўқолиб кетаётган нарсани кўрсатиб бермоқчимиз. Ёмон нарсани ёмон тарзида олиб чиқсам, сиз видеони кўряпсиз-да, ўтказиб юборасиз, ёқмайди. Биз кўпроқ йўқолиб кетаётган қадриятларга урғу берамиз. Ҳозир кўпчилик, видеоларингизни оилавий кўрамиз, дейди. Ўғилчам сизни кўриб ўтиради, дейди. Ғояни пишитаётганимда ҳам болалар кўришини ҳисобга олиб ёндашаман. Жамоага айтаман, болалар, отахону онахонлар ҳам эътибор бераркан бизга, шуни эсдан чиқармайлик, дейман.

Бугун сал чалғидингизми, томошабин кетиб қолади. Биз мумкин қадар йўқолиб бораётган қадриятлар борасида соддалигимизни кўрсатмоқчимиз. Ҳазил-мутойиба орқали.

Xabar.uz мухлисларига тилакларингиз?

– Ҳаммангизга омад тилайман. Xabar.uz каналини кузатиб боринглар. Мен бундан олдинги интервьюларнинг ҳаммасини кўриб чиқдим. Кузатишда давом этинг. Қўллаб-қувватлашда доимо давом этинг.

Анвар НАМОЗОВ суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг