«Театр ва рассом» кўргазмаси: «Шоҳнома»дан то «Меҳробдан чаён»гача...

Куни кеча Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «Театр ва рассом» кўргазмаси очилди. Унда институтнинг «Театр безаги рангтасвири» кафедраси профессор-ўқитувчиларининг асарлари, битирувчиларнинг малакавий диплом ишлари тақдим этилди.
«Спектакль намойишига келган томошабин унда жонланувчи воқеа муҳитини саҳна безаклари, декорация, либос ва грим каби ифодавий воситалар орқали ҳис этади, англайди. Шу боис, замонавий театр санъатини бугун саҳна мусаввирларининг фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Айнан шу кўргазма орқали устоз ва шогирднинг боғлиқлиги, рассом ва санъатшунос ўртасидаги тандемни кўрсатмоқчи бўлдик», дейди кўргазма ташкилотчиси, санъатшунос Хуршида Хайитбобоева.
Дарвоқе, рассомнинг асосий вазифаси режиссёр ғоясини рўёбга чиқариш билан боғлиқ бўлиб, бу жараёнда спектаклнинг мавзуси, бадиий-ғоявий концепциясига таяниб иш кўради. У аввало пьеса билан танишиб чиқиб, режиссёр билан мулоқот қилади ва шу асосда бўлажак спектаклнинг эскизларини яратишга киришади. Бунда сценография имкониятларидан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Кўргазмада иқтидорли талабаларнинг ўттизга яқин ишлар орасида «Шоҳнома», «Меҳробдан чаён», «Искандар девори», «Жиннихонадаги фаришталар» каби асарлар учун ишланган саҳна эскизлари, декорация ва рангтасвир асарлари борлиги томошабинларни бефарқ қолдирмайди.
Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Б. Назаров, Ўзбекистон санъати арбоби, профессор Ш. Абдумаликов янги ижодий лойиҳанинг амалий аҳамияти, ёш санъатшунослар ва рассомлар ҳамкорлигининг ижобий натижалари ҳақида фикр билдиришди.
Фотима Турдалиева,
Санъат журналистикаси йўналиши талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter