Ҳужжатни яхшилаб кўргач, унинг ҳақиқийлигига шубҳаланишди — Сохта ходим қўлга олинди
8 апрель куни Шайхонтоҳур тумани Нурафшон кўчасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари хизмат олиб боришлари давомида «Ласетти» русумли автомобиль тўхтатилди. Текширув давомида ҳайдовчи СЭХ ишчисининг гувоҳномасини тақдим этди. Ҳужжатни яхшилаб кўздан кечирган ходимлар унинг ҳақиқийлигига шубҳаланиб қолишди.
Санитария эпидемиология назорати хизмати орқали аниқлаштириш ишлари натижасида мазкур шахс у ерда ишламаслиги маълум бўлди. Гувоҳнома ҳақиқатан ҳам қалбаки эди. Қонуний чоралар кўрилиши учун 43 ёшли қашқадарёлик Санжар Ш. Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 4-сон ИИБга олиб келинди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228 моддаси («Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш») бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ҳурматли фуқаролар! Ҳужжатлар қалбакилаштириш ва сохталаштириш сизга ёрдам бермайди. Карантин қоидаларига амал қилишдан бош тортаётган баъзи фуқаролар нафақат ўзларини, балки яқинларини ҳам хавф остига қўйишмоқда. Ақл билан иш тутинг, уйингизни заруратсиз тарк этманг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter