Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳайф бўлсин!» Олий Мажлис депутати «Нуритдинов иши» бўйича яна муносабат билдирди

«Ҳайф бўлсин!» Олий Мажлис депутати «Нуритдинов иши» бўйича яна муносабат билдирди

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев яна бир бор андижонлик блогер Отабек Нуритдиновнинг 15 суткага қамалиши бўйича фикр билдириб ўтди. Эслатиб ўтамиз, Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан бу борада баёнот берилган эди. Кушербаев ўша баёнотга жавоб қайтарган.

«Отабек Нуритдиновнинг масъуллар ишини танқид қилгани учун Асакадаги бир гуруҳ мансабдорлар томонидан ўзаро тил бириктириб жазолатгани яна ҳам ойдинлашмоқда.

Шу ўринда Андижон вилояти ҳокимияти матбуот хизмати томонидан ўта нохолис, ишончсиз ва бир ёқлама тайёрланган баёнотни кўриб чиқиб, уларга қуйидагиларни эслатмоқчиман.

Биринчидан, фуқаро-блогер ишлатган ҳароми, деган сўз ҳақоратга кирмайди. Бу Фарғона мисолида ўз исботини топган.

Иккинчидан, бир фуқаронинг ортидан пойлаб қадамба қадам юриб, материаллар тўплаш ИИБ ходими учун пасткаш иш. Мен билган «форма» кийганлар мард ва олийжаноб, энг муҳими ҳақиқий эркак кишилар. Халиям бу фикримда қоламан: уларга пасткашлик ярашмайди.

Учинчидан, фуқаро-блогер устидан арз қилганлар ушбу фуқаро томонидан танқидга учраган шахслар бўлгани боис, бу ишни кўриб чиқиб, қарор қабул қилинишида холислик бўлмаган, деб ўйлайман. Айланиб ҳам ўргилиб ҳам фуқаро масъулларнинг фаолиятини танқид қилгани учун жазолангани фактлигича қолаяпти. Бу фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида жуда ёмон сигнал.

Тўртинчидан, қонунларни амалга тадбиқ қилишда тенгликка риоя қилинмай мансабдорлар учун ўта енгил ёндашув фуқаро учун ўта оғир ёндошув бўлмоқда. Ҳоким ҳақорат қилса исботланмайди ёки нари борса кечирим сўралади, фуқаро ҳақорат эмас танқид қилса ҳам қамалади.

Бешинчидан, энг ёмони уюштирилган шу ишни кўриб чиқиб, адолатли қарор қабул қилиш имкони бўлган суд ҳам адолатсизлик қилиб, Ўзбекистон номидан бир фуқарони фикр билдиргани, танқид қилгани ва ўзининг фуқаролик позициясини намоён қилгани учун жазолаган. Эссиз, зўравонлик асли биз суянган, ишонган, мустақил қиламиз ва тақдиримизни ишонамиз, деган доно суд орқали қилинмоқда. Ҳайф бўлсин.

Бундан чиқди вазиятдан келиб чиқиб, фуқаро сифатида конституциявий ҳуқуқимдан фойдаланиб билдирган танқидий фикрлар учун ҳам мени суд қарори билан жазо кутмоқдами?

Сўнггида айтар сўзим: Асака масъуллари ҳайф сизга, сиз адолатсиз, танқидни кўтара олмайдиган, давлат раҳбари намуна бўлиб олиб бораётган очиқлик йўлидаги ислоҳотларни тушунмайдиган, ўз ўрнига номуносиб шахслар экансиз. Яхшиси ўрнингиз халқпарвар, адолатли, давлат раҳбарининг сиёсатини тўғри англаб қўллаб қувватлайдиганларга бўшатиб беринг!» — дейди Кушербаев.

Эътиборли томони, 28 декабр куни Андижон вилоят ҳокимлиги томонидан маҳаллий журналист ва блогерлар учун дастурхон ёзилиб, фаоллар тақдирланган. Жумладан, Отабек Нуритдинов ҳам вилоят ҳокимлиги номидан қимматбахо планшет билан сийлангани айтилмоқда. Орадан бир кун ўтиб, блогер қамоққа олинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг