Андижонда блогер калтакланиши юзасидан суриштирув ўтказилмоқда — ИИБ
Кеча блогер Отабек Нуритдинов ижтимоий тармоқлар орқали Асака туманидаги «Холид ибн Валид» жомъе масжиди яқинида спиртли ичимликлар дўкони фаолият кўрсатаётгани хусусида хабар тарқатгани ортидан калтакланиб кетилгани ҳақида маълум қилинганди. Айни ҳолат бўйича Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий маълумот тарқатди.
Унга кўра, дастлабки суриштирув давомида спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи дўкон Асака шаҳридаги «Халилилло қувончи» хусусий корхонасига қарашли экани аниқланган. Шунингдек, дўкон эгаси Ю.Д. кечанинг ўзида фарзандлари А.Х. ва А.А.лар билан бирга О.Нуриддиновнинг фарзанди даволанаётган «Турттош» кўчасидаги шифохонага бориб, Отабек ва унинг онаси билан суҳбатлашган. Айни жараёнда Ю.Д.нинг ўғли А.А. блогернинг юзга уриб, тан жароҳати етказганлиги ўз тасдиғини топган.
Суриштирув давомида Ю.Д. ва унинг фарзандлари О. Нуритдиновнинг яшаш манзилига келиб, ички ишлар органлари ходимларини рўкач қилгани ортидан бу билан уни қўрқитмоқчи бўлишгани ҳам аниқланган.
Ҳолат бўйича Асака тумани ИИБ томонидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади расмий маълумотда.
Ёдга соламиз: маҳаллий амалдорлар фаолиятидаги эҳтимолий коррупцион фактлар, бюджет маблағларини ўғирлаш ва талон-торож қилиш ҳолатлари ҳақидаги чиқишлари билан танилган О. Нуртдинов ўтган йилнинг 30 декабрь куни фавқулодда тезкорлик билан ўтказилган суриштирув натижасида 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилганди. Блогернинг жазога тортилгани жамоатчиликда турли шубҳалар уйғотгани, яқинда Андижон вилоят ҳокими матбуот котибига тегишли экани айтилган ёзишмалар ижтимоий тармоқда тарқалиши эса ўша шубҳаларга баттар мой қуйганидан бохабарсиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter