Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижонда блогер калтаклаб кетилди

Андижонда блогер калтаклаб кетилди

Фото: блогернинг саҳифасидан

Андижоннинг Асакасида блогер Отабек (Абдупатто) Нуритдинов калтаклаб кетилди. Бу ҳақда блогернинг ўзи «Фейсбук» ижтимоий тармоғи орқали маълум қилмоқда. 

Айтилишича, у бугун Асакадаги «Холид Ибн Волид» масжидининг шундоқ биқинида «Спиртли ичимликлар дўкони» фаолият юритаётгани ҳақида тармоқдаги саҳифасига пост қўяр экан, туман ҳокимлиги матбуот хизматидан муносабат кутажагини ҳам қистириб ўтади.

Фото: блогернинг саҳифасидан скриншот

Орадан бир неча соат ўтиб, блогернинг уйига бир нафар аёл ва икки нафар йигит келади. Ўзларини ароқ дўкони эгалари эканини айтган меҳмонлар унинг телефон рақами ва манзилини Асака шаҳар ИИБ ходимларидан олганини айтишади. Икки ўртада «суҳбат қўр еб» улгурмай, кутилмаган меҳмонлар О.Нуритдиновни қасддан уриб, тан жароҳати етказишади.

Айни воқелик ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, асакалик фаол блогер Отабек Нуритдинов ўтган йилнинг 30 январь куни туҳмат, ҳақорат ва майда безориликка оид ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилганди. Унинг маъмурий қамоқ жазосига тортилиши анча сирли ва шубҳаларга бой эканига қарамай, суд қарори юқори босқичда ўз кучида қолдирилганди.

Яна бир эътиборли ҳолатки, яқинда Андижон вилояти ҳокими матбуот котиби М. Ботировнинг ижтимоий тармоқдаги ёзишмалари (скриншоти) тарқалиши кенг жамоатчиликда О. Нуритдиновнинг қамалиши вилоят ҳокимининг буйруғи билан амалга оширилгани ҳақида тасаввурлар пайдо қилди. Бироқ ҳозирча инкор этиб бўлмас факт йўқ. Вилоят ҳокими матбуот котибининг тармоқда тарқалган ёзишмалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганидан хабарингиз бор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг