Келгусида блогерларнинг мажбуриятлари бироз енгиллаштирилиши мумкин

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган давра суҳбатида онлайн-платформалар бўйича қонун лойиҳаси ҳақида биринчи марта хабар берилган эди.
Унда блогерларнинг мажбуриятлари енгиллашаётганлигига урғу берилгани ҳамманинг эътиборини тортди.
Мана қонун лойиҳасининг ўзи ҳам эълон қилиниб, биз бу масалани таҳлил қилиш имкониятига эга бўлдик.
Блогерлар амалда қандай мажбуриятларга эга эди-ю, янги қонунда нима енгиллашяпти?
Умуман олганда 2014 йилда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга блогер тушунчаси киритилиб, унга ўшанда қуйидагича таъриф берилган эди: «блогер — Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс».
Янги қонунда ҳам блогер тушунчаси сақланиб қолган бўлсада, битта фарқли жиҳат бор, энди блогерлар 2 тоифага ажратиляпти – «блогер» ва «инфлюенсер» (инглизча influence — «таъсир» сўзидан олинган). Хўш, улар янги қонунда қандай таърифланган:
- блогер – ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа тусдаги контентни, шу жумладан онлайн-платформа фойдаланувчилари томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс (онлайн-платформа фойдаланувчиси);
- инфлюенcер – онлайн-платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ўн мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер.
Шуни тушуниш керакки, амалдаги қонунда «блогер» тушунчаси бир вақтнинг ўзида жуда жўн ва жуда кенг тушунчани қамраб олар эди. Масалан, веб-сайт эгаси ҳам блогер бўлиб ўтиб кетаверар эди.
Лекин асосий фарқ бунда эмас! Асосий янгилик бу блогерликнинг туб моҳияти, яъни ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа тусдаги контентни виртуал жамиятга тарқатиш кўламидан келиб чиқиб, бундай фаолият давомида юзага келадиган ижтимоий масъулият – мажбуриятлар чегарасида.
Янги қонунда бу масала қандай ечим топган? Бу саволга жавоб бериш учун аввало амалдаги қонунчиликдаги блогер зиммасига юкланган мажбуриятларни кўриб чиқамиз.
«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг ўша машҳур 12-1-моддасига биноан амалда блогер қуйидагиларга мажбур:
- ноқонуний контентни тарқатмаслик
- ахборотни ўз саҳифасига жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда, уни дарҳол ўчириб ташлаши (!);
- ўз саҳифаларида (масалан, изоҳларда) ноқонуний контент мавжудлигини аниқлаш учун мониторингни амалга ошириши (!) ва шундай ахборот аниқланган тақдирда, дарҳол уни ўчириб ташлаш.
Биласиз, бу борадаги тартиблар Ҳукуматнинг 2018 йилдаги 707-сон қарори билан тартибга солинган.
Энди янги қонундаги таклиф этилаётган қоидаларни кўриб чиқсак.
Янги қонунда блогерлар контент тарқатиш борасида фақатгина 13-моддада келтирилган ноқонуний контентни тарқатмаслик ва ноқонуний контент тарқатилган ҳолларда уни ўчириш мажбуриятиги эга холос.
Энди амалдаги қонундаги ахборотни тарқатишдан олдин тўғрилигини текшириш ва ўз саҳифасининг мониторингини юритиш каби талаблардан блогерлар озод бўлмоқда, бундай талаблар фақат инфлюенсер даражасига етганлар, яъни 10 мингта обуначига эга бўлган блогерларга тааллуқли.
Шу ўринда битта солиштириш ўринли бўлади. Нега бундай мажбуриятлар инфлюенсерларга тааллуқли бўляпти. Масалан, отахон газеталардан бири «Yoshlar ovozi» (олдинги «Туркистон») ҳозирда 10,3 мингта нусхада чоп этилмоқда, таъсирчанлик нуқтаи-назаридан исталган инфлюенсер ушбу газета билан беллаша олади десак муболаға бўлмайди.
Лекин оммавий ахборот воситасига қонунлар билан юклатилган мажбуриятлар кўлами, хусусан тарқатилаётган маълумотни олдиндан текшириш мажбурияти, нима учун худди шу тиражда чиқаётган газета ва шу сондаги обуначига эга бўлган инфлюенсерда бошқача бўлиши керак.
Бошқа томондан, бир неча юзта обуначига эга бўлган блогердан тарқатилаётган маълумотни олдиндан текшириш, унинг саҳифасидаги изоҳларни мониторинг қилишни талаб қилиш ҳам бироз адолатсиз. Шу боис, энг муҳими ноқонуний контент тарқатмаслик мажбуриятига риоя қилса «оддий» блогерга, шунинг ўзи унинг ижтимоий масъулиятига етарли бўлади.
Нигора КАРИМОВА,
Ахборот ва оммавий коммуникиациялар агентлиги
Ахборот хизмати раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter