Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гендер тенглик нафақат тилда, балки Конституцияда ҳам муҳрланмоқда

Гендер тенглик нафақат тилда, балки Конституцияда ҳам муҳрланмоқда

Бугун Гендер тенглик нафақат тилда, балки Конституциямизда ҳам муҳрланмоқда. Аниқроғи, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглиги Конституциянинг 46-моддасида аниқ қилиб белгиланмоқда.

Бу мавзу кўп йиллар давомида муҳокамалар, тортишувлар, мунозараларга сабаб бўлиб келарди. Ва ниҳоят, интиқиб кутилган муҳим ва долзарб қадам қўйилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқида шундай деган эди: «...бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак».

Яъни, гап нафақат аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, балки хотин-қизларнинг алоҳида мақоми ва уларга нисбатан ҳурматини тиклаш ҳақида ҳам бормоқда. Афсуски, ўтган ўн-йигирма йиллар давомида гендер тенглик масаласи фақат тилда ва қоғозда қолиб кетган эди. Аёлларимиз, айниқса, қишлоқдаги хотин-қизларимизни асосан пахта далаларида меҳнат қилиб, ўқиш ёки касб-ҳунар ўрганишларига имконияти йўқ эди.

Мана 5-6 йилдирки, аёлларимиз жамиятнинг ҳамма соҳаларида фаол иштирок этиб, давлат ривожланишига ўз ҳиссасини қушиб келаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунга аёлларимизга кўрсатилаётган ишонч ва имконият ўлароқ катта натижаларга эришилмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Бундай фикрлашимизга асослар бор албатта. Масалан, бугун Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори (28.05.2021) билан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Фахр билан айтиш керакки, Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, парламентдаги хотин-қизлар улуши қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.

Бошқарувда ҳам аёлларимиз сезиларли даражада кўпайди. Масалан, олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Демак, киритилаётган 46-модда хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлайди ҳамда бу соҳадаги ишларнинг бардавом бўлишини, ҳеч бир аёлнинг муаммоси четда ва эътиборсиз қолмаслигини мустаҳкамлайди.

Феруза Усарова,
Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича
мувофиқлаштирувчи-методик марказ директори в.б.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг