Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Табассум». Гендер стереотипларига қарши кураш бўйича лойиҳа ишга тушди

«Табассум». Гендер стереотипларига қарши кураш бўйича лойиҳа ишга тушди

29 октябрь куни Тошкентда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Табассум: Ўзбекистонда гендер тенглигини тарғиб қилиш ва ёш хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун медиа кўникмалар» лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

ЕИ делегацияси хабарига кўра, лойиҳа журналистлар, блогерлар, ёшлар ва аёллар ҳамда нодавлат ташкилотларнинг гендер ҳақида конструктив ахборот тайёрлаш, гендерга оид дезинформацияга қарши кураш ва медиа тадбирларни ўтказиш бўйича тажриба, амалий кўникмаларини оширишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида аёллар ва ёшлар билан ишлайдиган нодавлат ташкилотлар 4000 еврогача грант олади. Бу орқали ўзбек медиасида ёшлар ҳамда аёлларга тааллуқли мавзуларни тўғри ёритиш кўзда тутилган.

500 минг евролик лойиҳани Германия федерал иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги (BMZ) ҳам қўллаб-қувватлаган.

Дастур DW Akademie ҳамда Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази ҳамкорлигида 2024-2026 йиллар давомида амалга оширилади.

«Европа Иттифоқи Ўзбекистон аёллари билан биргаликда уларнинг ҳуқуқлари ва имкониятлари эркаклар билан тенг бўлишига интилишларини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотларнинг имкониятларини мустаҳкамлаш ва уларнинг муҳим ижтимоий масалаларни кенг аудиторияга етказиш қобилиятини ошириш бу йўналишда муҳим қадамдир. Умид қиламизки, ушбу лойиҳа нафақат муҳим мавзуларни ёритишда, балки ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ҳам фаол иштирок этадиган жамоатчиликни қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшади», – дейди ЕИнинг юртимиздаги элчиси Тойво Клаар.

Таъкидланишича, янги лойиҳа мамлакатда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер зўравонлигини бартараф қилиш йўлидаги тўсиқлардан бири ҳисобланган гендер стереотипларига қарши курашга қаратилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг