Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аёл ва эркак тенг ҳуқуқли бўлган жамият қурамиз, бу етиб бўлмайдиган натижа эмас

Аёл ва эркак тенг ҳуқуқли бўлган жамият қурамиз, бу етиб бўлмайдиган натижа эмас

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 58-моддасида Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгилаб қўйилмоқда. Ушбу модда бугунги жамиятимиз учун қанчалик долзарблиги хусусида «Ниҳол» ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази раҳбари Ширин Рашидова ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

 – Ҳозирда гендер тенгсизлиги сабаб жамиятда қандай муаммолар кўрасиз?

– Гендер тенгсизлиги сабаб жамиятнинг барча жабҳасида, жумладан, иқтисод, соғлиқни сақлаш, таълим, касбий ўсиш, маданият соҳаларида кўплаб муаммоларни кўриш мумкин. Масалан, иқтисодий барқарорликни олсак, йилдан-йилга ортиб бораётган даромадлардан фойдаланиш имконияти аёлларда камроқ экани сир эмас. Бу ўз навбатида иш билан таъминланиш имкониятига, шунингдек, уларнинг иқтисодий барқарорлигига сезиларли таъсир қилади. Зўравонлик ва дискриминацияга ҳам аёллар кўпроқ дуч келади. Бу уларнинг соғлиғи ва кейинги ҳаёти учун жиддий оқибатлар олиб келади.

Таълим ва ишдаги имкониятлар тенгсизлиги сабаб аёллар ҳали ҳам бошқарув ва етакчилик тузилмаларида фаол эмас. Оқибатда аёлнинг жамиятга таъсири чекланмоқда. Соғлиқни сақлашдан фойдаланиш имконияти ҳам тенг эмас. Аммо шу билан бирга, аёлларнинг ташқи кўриниши ва ўзини қандай тутиши кераклиги бўйича жамиятда умумий стереотиплар шаклланиб қолган. Бу эса аёл учун босим.

Аёл ва эркак ҳуқуқларининг тенгсизлиги нафақат аёлнинг ўзига, бутун жамиятга салбий таъсир кўрсатиб, аёл имкониятларини чекламоқда. Турмуш шароитини ёмонлаштирмоқда. Бу муаммоларни ҳал этиш давлат ва жамоат ташкилотларининг тенг ҳамкорлиги ва тарғиботини тақозо этади.

– Муаммолар илдизи аслида ҳам аёл ва эркакнинг тенг эмаслигидан юзага келмаяптими?

– Йўқ, албатта. Гендер тенгсизлиги аслида жамият томонидан аёллар учун тенг бўлмаган шароитлар яратилиб, қўллаб-қувватланаётганидан келиб чиқмоқда. Муаммонинг илдизи жамиятда ривожланаётган маданий, ижтимоий ва иқтисодий стереотипларда ётади. Агар биз бу стереотипларни енгиб, ҳамма учун тенг имкониятлар ва ҳуқуқларга эга бўлган жамият яратсак, гендер тенгсизлик муаммоси ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Шунингдек, кўплаб эркакларда нотўғри тасаввур бор. Гендер тенглиги аёлларнинг ролини эркакларга нисбатан кўтариш деб тушунишади. Гендер тенглиги тенг ҳуқуқ ва имкониятларни англатади. Яъни, аёлларга ишлаш ёки ишламаслик, болаларни режалаштириш, ўқиш, касб-ҳунар эгаллаш, тенг маош олиш ва ҳоказоларни ўзлари ҳал қилиш имкониятини беришдир.

– Аёл ходимнинг ҳомиладор бўлиши ва туғруқ таътилига чиқиши сабаб раҳбар ишга қабул қилишга иккиланади. Агар билим, малакада тенг бўлган аёл ва эркак номзод бўлса, албатта, эркакни ишга олишга ҳаракат қилинади. Янгиланаётган конституцияда бу масалаларга амалда ечим бўла оладиган ўзгариш борми?

– Сўнгги 5-6 йил ичида жамиятда аёлларга муносабат яхши томонга ўзгарди. Буни аёллар ҳуқуқлари ҳақида кўпроқ гапирилаётганидан ҳам сезиш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, «Аёл уйда болаларга қараши керак. Аёл раҳбар бўла олмайди. Қизларга ўқиш шарт эмас... » каби асоссиз қолипларни олиб ташлашга хизмат қилади.

Аммо яна кўриняптики, ҳаракатлар етарли эмас. Ҳуқуқий асосни мустаҳкамлашга эҳтиёж бор. Конституция лойиҳасининг 58-моддаси аёллар учун катта имкониятлар очиб беради. Бугун хотин-қизларнинг ўзлари орзу қилган севимли касби билан шуғулланиши, илм-фан, касбий чўққиларни забт этиши учун барча имконият ва шароитлар тенг қилиб яратилмоқда. Янги модда аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол ташаббускор иштирокчиси эканини ҳуқуқий асослаб бермоқда.

Бугун аёлларимиз ва қизларимиз барча соҳаларда фаол. Масалан, раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, тадбиркорлик фаолиятида эса 35 фоизга етди. Бу борада 25 та қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2030 йилгача мамлакатимизда гендер тенглигига эришиш стратегияси тасдиқланди.

Бироқ шуни тушуниш керакки, Конституция ва қонунчиликни ўзгартириш билан гендер тенгсизлик муаммолари ўз-ўзидан ечилиб қолмайди. Биз қонунчилик билан бирга, шаклланиб қолган ижтимоий-маданий меъёрлар ва стереотипларни ҳам ўзгартириб боришимиз керак. Гендер муаммоларини ҳар томонлама идрок этиш учун жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича ахборот ишларини олиб боришимиз зарур. Шундагина натижа бўлиши мумкин.

– Аёл ва эркак тенг ҳуқуқли бўлиши етиб бўладиган маррами? Бунга эришиш учун қилинаётган ишлар етарли деб ўйлайсизми? Шу йўлдаги ҳаракатларда қандай камчиликлар кўрасиз?

– Мен аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенгликка эришиш етиб бўладиган мақсад деб ҳисоблайман. Аммо бу тез амалга ошадиган жараён эмас. Чунки гендер тенгсизлиги билан боғлиқ муаммолар маданий ва ижтимоий тузилмаларга чуқур сингиб кетган. Аёллар учун тенг бўлмаган шароитларни яратадиган муносабат ва стереотипларни ўзгартириш учун жиддий қарорлар керак. Янгиланаётган Конституция лойиҳаси айнан шунга хизмат қилади.

Ҳуқуқлар тенглиги йўлидаги ҳаракатда асосий камчиликлардан бири – кўпчилик муаммо борлигини тан олмаслигида, деб биламан. Агар биз муаммони кўра олсак, тан олишдан қўрқмай, ечими учун тўғри ҳаракат қила олсак, натижа бўлади, албатта.

Бу ерда эркакларнинг ўрни ҳам катта. Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, гендер тенгсизлигига қарши курашда эркаклар фаол бўлган давлатлар муваффақият қозонмоқда.

Дилроз Абраева суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг