Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Автомобиллар олди-сотди шартномасини тасдиқлаганлик учун нотариал тўлов арзонлашди

Автомобиллар олди-сотди шартномасини тасдиқлаганлик учун нотариал тўлов арзонлашди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 123-сон қарори билан нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи миқдорлари қайта кўриб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди.

Қарор билан давлат божи миқдорларини ҳисоблаш тизими янада соддалаштирилиб, аҳоли учун бир қанча енгилликлар яратилди. Жумладан:

— автомашинани бошқариш ёки сотиш ҳуқуқи билан ишончномаларни яқин қариндошларга берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари, бегона шахсларга берганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди. Бунда давлат божи миқдори 1,7 бараварга арзонлашди;

— автомашиналарнинг олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи автомашинанинг чет элда ёки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганидан қатъи назар, бир хил белгиланди ва унинг миқдори ўртача 2-5 маротабага арзонлашди;

— уй-жойларнинг олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи улар жойлашган аҳоли ҳудудига қараб белгиланди. Бунда вилоятларнинг чекка туман ва шаҳарларидаги уй-жойлар учун давлат божи 2 баравар арзонлашди;

— алимент тўлаш тўғрисидаги келишувлар, гаров, ипотека, лизинг, кафиллик, текин фойдаланиш ва қарз шартномаларини тасдиқлаганлик учун давлат божи аниқ ва тушунарли миқдорларда белгиланди.

Мазкур янгилик аҳолига енгиллик яратиш билан бирга, нотариал идоралар ходимлари томонидан бож тўловларини ортиқча ҳисоблаш ва ундириш ҳамда бошқа коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг