Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода талабани дўппослаган декан ўринбосари ишдан олинди

Бухорода талабани дўппослаган декан ўринбосари ишдан олинди

Фото: Xabar.uz

Бухорода талабани дўппослаган Турон Зармед университети декани ўринбосари ишдан бўшатилди.

Турон Зармед университети декани ўринбосари даволаш факультети талабаси Б.Қ.ни дўппослаган ва унга тан жароҳати етказган.

Б.Қ.нинг «Xabar.uz»га билдиришича, жорий йилнинг 31 январь куни соат 09:30 да имтиҳон бошланган. У тьюторга университет автотураргоҳида жойлаштириб келган машинасида оқ халатини унутиб қолдирганини ва зудлик билан уни олиб келишига рухсат беришини сўраган.

Тьютор эса Б.Қ.нинг имтиҳондан чалғимаслиги учун талабалар билан ишлаш бўлими хонасидаги шкафда оқ халат борлигини ва шундан фойдаланиб туришини айтган. Б.Қ. талабалар билан ишлаш бўлими хонасига кирган ва эшик ёнида бўлган шкафни очиб қараган. Бирорта оқ халат йўқлиги боис, зудлик билан ортига қайтишга чоғланган. Шу пайт хонадаги компьютер монитори ортидан декан ўринбосари Д.Я. кўриниш бериб, талабадан нима мақсадда келиб, рухсат сўрамасдан шкафни очиб, қайтиб кетаётганини пўписа билан сўраган.

Б.Қ. эса ноқулай вазиятда қолиб, компьютер монитори тўсиб тургани учун уни кўрмаганини ва имтиҳон сабаб шошаётганини тушунтирган. Д.Я. эса талабани ҳурматсизликда айблаб, пўписа қила бошлаган ва унинг бу хатти-ҳаракати учун «бўлаклаб» ташлашини билдирган.

Фото: Xabar.uz

Талабанинг тушунтиришларига қарамай, декан ўринбосари жазолаш учун унинг қўл ва билакларидан ушлаб, хона қаршисидаги ҳожатхонага қараб тортқилаган. Шу вақтда атрофда бир нечта талаба ва ўқитувчилар тўпланишиб, уларни тартибга чақиришган. Декан ўринбосари шунга қарамай, зўравонликни давом этишдан тўхтамаган. Ноўрин айбланаётганидан асабийлашган Б.Қ. эса  Д.Я.ни талабалар олдида жанжалмасликка, кўчада гаплашишга чақирган.

Ҳар иккиси ҳам зинадан пастга жанжал ва тортишувларсиз тушишган. Ўзаро жанжал университет автотураргоҳида давом этган. Университет видеокамерасидаги тасвирга кўра, Б.Қ. сабабни Д.Я.га тушунтиришга урингани сари декан ўринбосарининг жазавадан тўхтамаётгани акс этган. Чамаси, 10-15 дақиқали оғзаки тортишувдан сўнг декан ўринбосари талабани қўл, бош ва қорин қисмларига қаттиқ зарба бериб, дўппослаган.

Фото: Xabar.uz

«Бир қўлимда телефон, кўзойнак ва иккинчи қўлимда ноутбуким бор эди. Зарбаларига жавоб қайтармадим, бундай ниятим ҳам бўлмади. Ҳафсалам пир бўлгани декан ўринбосарига тушунтиришларим зое кетди. Талабани уришга, дўппослашга, ўринсиз айблашга нима ҳақи бор унинг?!»  — дейди Б.Қ.

Декан ўринбосари томонидан дўппосланган талаба бош қисмининг икки жойидан жароҳат олган ва кўп қон йўқотган. Автотураргоҳ деворлари ва йўлакларида қон излари қолган.

«Бошимдан отилиб кетган қон, ҳатто, деворларни белаб ташлади, — дея қон изларини бир-бир кўрсатади талаба,— устига-устак, қўлим ҳам жароҳатланди. Зудлик билан «Тез ёрдам» машинасини чақиришди».

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали амбулатория бўлимида суд-тиббий кўрикдан ўтказилган. Ушбу кўрик хулосасига кўра: «Ўнг чакка соҳасида ўлчами 4,0х3,0 смли нотўғри овалсимон шаклдаги кўкимтир-бинафша рангли қонталаш бўлиб, ўртасида ўлчами 1,3х0,1 смли чокли яра, боштепа соҳаси ўнг томонда тахминан 1,5х0,5 смли йиртилган жароҳат, ўнг қўл кафт усти соҳаси лат ейиши» ташхиси қўйилган.

Фото: Xabar.uz

Шу куни талабанинг бош ўнг қисмида юзага келган 2 та чокли яра тикилган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган.

«Оилавий масалаларда муаммоларим чиқиб қолгани учунми, тўғриси, ишда асабий ҳолатда эдим. Ҳар қандай вазиятда ҳам талабага қўполлик қилмаслигим ва уни дўппослашгача бормаслигим керак эди. Мен хатоимни ва талабага нисбатан нотўғри хатти-ҳаракатда бўлганимни тан оламан, қилган ишимдан пушаймонман», — дейди декан ўринбосари.

Турон Зармед университети масъуллари ҳолат юзасидан олиб борилган журналистик суриштирув давомида ҳали ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган мазкур олийгоҳ учун бундай ҳолат унинг салоҳияти учун салбий таъсир кўрсатишини ва бундай ҳолат такрорланмаслиги учун ўқитувчи ва талабалар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишини маълум қилишди.

Университет директори ёрдамчисининг «Xabar.uz» га маълумот тақдим этишича, воқеадан кейин декан ўринбосари ўз ихтиёри билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича ариза ёзган ва у жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг турли моддалари билан ишдан бўшатилган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг