Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Диққат, эпидемия!

Диққат, эпидемия!

Карикатура: Рязанов М.А.

Мен ким толиби илм бугунги кунда бўй таратаётган бир муаммо ҳақида фикр юритмоққа аҳд қилдимки, буни айбга буюрмайсиз. Гарчанд муаммоларни ечишнинг ўзи муаммо бўлса-да, уларга ечим топмоқни ортга сурмоқдамиз. Энди сизга ошкор айтадурғон бўлсам, бу муаммо (очиғи, олимлар бу муаммони ўта юқумли касаллик деб баҳолашмоқда), терим қолиб, юрагимни шилиб юборгудек қилмоқда. Афсуски, бу кўнглихижиллик бир менда эмас. Кун деганда мажлис, анжуман, кун деганда йиғилишлардан xуноб бўлган мен каби дўпписи тор келганлар аҳволимга сабр тилайди. Бу дейман «мажлислар эпидемияси» авж олганидан ҳамманинг боши гаранг. Гаранг бўлмай, қайга борсин. Ахир бир ўйланг, биргина мажлис учун қа-а-анча қоғозбозлик, югур-югур бўлади. Ҳмм, мен ғариби омон мана шундай мажлисларга борсам, уйқудан ўзимни аранг тияман. Ҳа, ора-чора бир уйғониб қарасам, ҳамма менинг аҳволимда бўлади. Бас, шундай экан, бу кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор дейсизми?

Жуда керак-да. Номи ўчгур бу мажлис тайёр бир ҳисобот бўлса, кимга ҳам ёқмайди минбарга чиқиб, сўзларни оғизда чайқаб улоқтириш. Бундай анжуман-у мажлисларга бўзчининг мокисидай қатнайверганимдан кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайман. Ахир мен ҳам бекор келиб кетмаяпман. Ёндафтаримга бир нималарни қоралайман-у, мен ҳам эл қатори ҳисоботимга қўшиб қўяман. Ҳа-да. Ўртоқ бошлиқ бир ойда битта ҳам анжуманга бормадингми номард деб ўшқирганда, ана сизга бир ойлик анжуманлар рўйхати деб кўрсатмасам, уят бўлади. Бу қурмағур мажлислар деб ҳар ой янги дафтарча сотиб оламан. Яxши ҳам айрим йиғилишларда масъуллар биздек «моки»ларга ручка билан ёндафтар қўшиб беради. Булардан ундирганимни асраб, папалаб қанча анжуман-у мажлисларни тинмай муҳрладим. Дафтарчага нима ёзилади, дейсизми? Айтарли ҳеч нима. Икки-уч оғиз кириш сўзлари.

«Дарҳақиқат,»… Яна бир катак ташлаб, «қолаверса», сўнгида эса «xулоса қилиб айтганда, бу муаммони бартараф этиш учун, албатта, чора-тадбир ишлаш керак», дейилади. Орадан бир йил ўтар-ўтмас айланиб келсангиз, худди ўша мавзудаги анжуман, фақат айрим ўзгаришлар билан. Энди кун, ой, йилни ўзгартириш ҳам катта масала, ахир. Бунинг учун қанча сиёҳ, қанча варақ, камига бир неча «ишбилармонлар»нинг қўл меҳнати керак бўлса. Мажлисларда пишиб етилган, йиғилишларга қатнаш бўйича 10 йиллик «стажи» бор бир ҳамтовоғим ҳатто кейинги йиғилишларнинг санаси ва мавзусини ҳам аввалдан айтиб бера олади. Уни биз эркалаб «опитний» деймиз.

Ким нима деса десин-у, исташса мени бошқа анжуманларга киритмай ҳам қўйишсин-у, аммо бунақанги йиғинлар ишим битди, эшагим лойдан ўтди йўсинида ўтаверишига нуқта қўймасак, вергул ҳали узоқ давом этади. Ахир ҳамма безиб кетган, дангалини айтганда, ҳиқилдоғимизга келган бундай анжуманларнинг кўринишини ўзгартириш даври келмадимикан. Икки кун ёдланган сўзларни пақиллатиб гапиришяпти-ю, аммо ҳеч кимнинг оғзи ҳайратдан эмас, эснаш учунгина очиляпти. Бирор масала ўртага ташланяпти-ю, аммо уни ҳеч ким муҳокама қилмаяпти. Индамайгина бир бурчакка биқиниб, ҳамма ўз муаммоларини ўйлаш билан банд. Бу кетишда муҳокамадан нарига ўтолмай қоламиз. Маҳаллада ўз муаммосини қўшнисига достон қилишдан нарига ўтмайдиган кишилар ҳолига тушамиз.

Энг фожеавийси, вақтни бой берамиз, бой беряпмиз ҳам. Муаммолар эса камайиб эмас, «болалаб» бормоқда. Қўпол ўxшатиш: бит аввалига сирка бўлади, афсуски биз уни бит бўлгандагина тозалашга тушамиз. Ваҳоланки, сиркалигидаёк ёппасига йўқотиш ҳам мумкин эди. Шунчаки биз муаммо ечимини чўзишга ўрганиб қолганмиз. Гўё муаммо кўп-у, вақт оздек. Вақт оз-у, имкон йўқдек. Менимча, шу ҳолатни бартараф этиш учун керак бўлса алоҳида бирор қарор чиқариш керак. Қарорда анжуман, мажлис ўтказишнинг тартиб-қоидалари ва керак бўлса қатъий талаблар ўрин олсин. Дейлик, бир мажлисда муҳокамага қўйилган масала ёки муаммо бартараф этилмас экан, ўша ташкилотга иккинчи бор мажлис ёки анжуман ўтказиш қатъиян ман этилсин. Қоғоздаги эмас, амалдаги ҳисобот топширилмас экан, масъуллар назорат остида бўлсин. Бир масала истисно ҳолатларсиз қайта кўриб чиқиладиган бўлса, ўша ташкилотга жарима солинсин. Тил ва қўл учида қилинган ҳар қандай иш натижасиздир, сизга айтсам...

Нигина Ҳакимова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг