Қизамиқ: касаллик бутун дунёда ортиб бормоқда, Ўзбекистон ҳам энди ундан холи ҳудуд эмас
Нима бўлди? Шу йилнинг апрел ойи бошида қўшни Қозоғистонда болаларнинг қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайгани хабар қилинган эди. Олмаота шаҳрининг ўзида 70 дан ортиқ касаллик ҳолати қайд этилган. Бироз вақт ўтиб, Россиянинг 44 ҳудудида қизамиқ билан касалланиш ҳолати учрагани ҳақида расман хабар берилди. Қизамиқ тарқалган ҳудудлар асосан қишлоқ жойларга тўғри келгани боис, вақтида шифокорга мурожаат қилиш ва ўз вақтида ташхис қўйиш мураккаб кечаётгани ҳам айтилди. Бундан кўринадики, вазият расмий статистикадан кўра мураккаброқ бўлиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа давлатлари ҳам қизамиқ тарқалишига қарши фаол курашаётгани, чунки 2023 йилдаги кўрсаткичлар 2022 йилдаги барча касалланишлар сонидан ортиб кетганидан огоҳлантирди. Ижтимоий тармоқларда ҳам Ўзбекистонда қизамиқ билан касалланганлар сони ортаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Telegram ва Facebook’даги ота-оналар гуруҳларида ҳам бу мавзу доимий муҳокамада бўлиб турибди. Ушбу ҳолат бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси расмий муносабат билдириб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонда 37 нафар беморда қизамиқ касаллиги тасдиқлангани ҳақида хабар берди. |
Қизамиқ нега кўпаймоқда? COVID-19 пандемияси бутун дунё бўйлаб эмлаш жараёнларини кескин сусайтириб юборди. Бу фақат қизамиқ эмас, бошқа юқумли касалликларга ҳам тегишли. Айниқса, қатъий карантин чекловлари, коронавирус ваҳимаси, тиббиёт муассасаларининг ҳаддан зиёд босим билан ишлаши туфайли миллионлаб болалар юқумли касалликларга қарши ўз вақтида эмланмай қолиб кетган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2021 йилда дунё бўйича 40 миллион бола қизамиқнинг олдини олишга қаратилган режали эмлашдан четда қолган: 25 миллион бола биринчи дозани олмаган бўлса, 14,7 миллион нафари эса иккинчи дозада эмланмаган. |
Ўзбекистон қизамиқдан холи ҳудуд деб тан олинган эдими? Ҳақиқатдан ҳам, 2017 йилда Ўзбекистон «Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминациясига эришган ҳудуд» номли халқаро сертификатларни олишга муваффақ бўлган эди. ЮНИСЕФнинг Тошкентдаги ваколатхонаси мамлакат 2014 йил январдан 2016 йил декабрига қадар мазкур касалликларни йўқ қилишга эришди, дея хабар ҳам берган. Чунки ўша йилларда эмлаш даражаси биринчи вакцинацияда 99,5 фоиз, такрорий вакцинацияда эса 99,7 фоизни ташкил этган. Ҳозирда эса бу рақам 98,4 фоиз дея маълумот берилмоқда. |
Кимлар хавф гуруҳига киради? Қизамиқ вирусли касаллик бўлиб, одамдан-одамга жуда тез юқади. Кўпчилик ўйлаганидек, қизамиқ фақат болалар касаллиги эмас. У ҳар қандай ёшдаги одамга юқиши мумкин. Кўп ҳолларда эса эмланмаган чақалоқлар, боғча ва мактаб болаларида учрайди. Катталарнинг юқори хавф гуруҳига талабалар, чет эллик саёҳатчилар ва тиббиёт ходимлари киради. Қизамиқ ҳаво орқали, касалланган одамнинг бурун ёки сўлак ажралмаларидан юқади. Қизамиқ вируси хона ҳавосида 2 соатгача сақланиши мумкин. |
Белгилари қандай? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қизамиқнинг биринчи аломати вирус юққандан кейин 10-12 кун ўтгач пайдо бўладиган юқори иситма ҳисобланади. Ҳарорат кўтарилиши 4-7 кун давом этади. Дастлабки босқичда бурун оқиши, йўтал, кўз қизариши ва ёшланиши, шунингдек, ёноқларнинг ички қисмида кичик оқ доғлар пайдо бўлиши мумкин. Бир неча кундан сўнг, одатда юз ва бўйиннинг юқори қисмида тошма пайдо бўлади. Тахминан 3 кундан кейин тошма бутун танага тошади ва 5-6 кун давом этади. |
Кимлар учун хавфли? Қизамиқ беш ёшгача бўлган болалар ва 30 ёшдан ошган катталарда кўпроқ оғир кечади. Шунингдек, тўйиб овқатланмайдиган ёш болалар, айниқса А витамини етишмайдиган ёки иммунитети паст болаларда асоратлари кўп учрайди. Қизамиқнинг оғир асоратлари орасида ўрта қулоқ инфекцияси, пневмония, томоқ бўғилиши, диарея, ҳатто энцефалит (мия яллиғланиши) ҳам кузатилиши мумкин. |
Олдини олиш ва даволаш Қизамиқнинг олдини олишда самарали, ишончли ва арзон чора – эмлаш. Қизамиққа қарши вакцина 50 йилдан ортиқ вақт ичида ўзини оқлаб келмоқда. Болалар қизамиққа қарши икки босқичда эмланади. Ўзбекистон миллий эмлаш календарига асосан, қизилчага қарши вакцина 1 ва 6 ёшда ўтказилади. ЖССТ кўмагида апрель ойи охирида дунё бўйлаб жаҳон иммунизация ҳафталиги ўтказилди. Ўзбекистонда ҳам бу тадбир давом этмоқда. Яъни жойларда олдини олиш мумкин бўлган 13 турдаги юқумли касалликка қарши иммунизация тадбирлари миллий эмлаш календарига мувофиқ амалга оширилмоқда. Қизамиқ вирусига қарши махсус препарат мавжуд эмас. Даволаш қизамиқ аломатларини камайтириш ва асоратларининг олдини олишга қаратилган бўлади. |
Дилроз Абраева тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter