Монополияга қарши курашиш қўмитаси «GM Uzbekistan»га дакки берди
Монопол «GM Uzbekistan»нинг тутган позицияси, унинг корпоратив маданияти ва қадриятларига нисбатан бир қанча саволларни юзага келтирмоқда, деб ёзмоқда Монополияга қарши курашиш қўмитаси.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси истеъмолчиларнинг мурожаатларига асосан 2018 йилнинг ноябрь ойидана бошлаб, реализация қилинган автомашиналар комплектацияларида етишмовчиликлар ҳолатлари аниқлаш билан шуғулланишни бошлаган ва аниқланган камчиликларни бартараф этилиши устидан алоҳида назорат ўрнатган. Ҳозирда ушбу ҳолат жиддий ўрганиб чиқилмоқда ва бугунги кунга келиб, етишмовчиликлари мавжуд 90 фоиз автомобилларда ушбу ҳолат бартараф этилган.
Шу билан бирга, юзага келган вазият бўйича монопол мавқега эга компаниянинг тутган позицияси, унинг корпоратив маданияти ва қадриятларига нисбатан бир қанча саволларни юзага келтирмоқда.
Маълумки, автомобил ишлаб чиқариш индустриясида фаолият юритаётган глобал компаниялар одатда камчиликлар аниқланганда сотувга чиқарилган автомобилларни оммавий тарзда қайтариб оладилар ва зудлик билан нуқсонларни бартараф этадилар. Энг асосийси, уларнинг бизнес юритиш ананаларига кўра улар истеъмолчилар ва мижозлардан ошкора оммавий тарзда узр сўрайдилар (мисол учун, Toyota, Volkswagen ва бошқа компаниялар). Бу эса, ушбу компанияларда юқори корпоратив маданият, бизнес-этикаси ва ижтимоий жавобгарлик стандартлари жорий этилганлигидан далолат беради.
Бироқ, «GM Uzbekistan» АЖни хатти-ҳаракатларида қуйидагини кузатиш мумкин.
Хусусан, комплектацияларида етишмовчиликлар мавжуд бўлган автомашиналар оммавий тарзда қайтариб олинмаган ёки етишмовчилик тўғрисида тегишли тартибда эълон қилинмаган, ушбу вазият бўйича кўп ҳолатларда истеъмолчиларга тегишли тарзда маълумотлар берилмаган, уларни бартараф этиш учун қулайликлар яратилмаган, масалан, Тошкент вилоятининг Бекобод (узоқлик – 150 км), Бўка (80 км.), Чирчиқ шаҳарларида (100 км) автомобил харид қилган истеъмолчилар туманга қарши ёритгич ўрнатиш учун Чиноз туманига келишга мажбур бўлганлар, камчиликни бартараф этиш муддатлари чўзиб юборилган, алоҳида ҳолатларда 2018 йилнинг октябрь ойида сотиб олинган автомобилларга бугунги кунга (6 ой ўтган) қадар комплектацияни бутлаш иши амалга оширилмаган.
Юқорида келтирилган ҳолатлар, бозорда муайян хўжалик юритувчининг монопол мавқеи вужудга келиши унинг истеъмолчилар олдидаги масъулияти пасайишини келтириб чиқаришига яна бир бор далил бўлмоқда.
Қўшимча, шуни маълум қиламизки, жорий йилнинг 10 апрель куни Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ахборот берилишидан сўнг, «GM Uzbekistan» АЖ томонидан етишмовчиликлар бартараф этилмагани тўғрисида истеъмолчилар мурожаатлари келиб тушиши давом этмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси бундан кейин ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни аниқлашни ва уларни қонунчиликда кўзда тутилган барча воситалар орқали батараф этиш бўйича ишларни ва бу билан истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни давом эттиради.
Ушбу мақсадда, истеъмолчиларнинг мурожаатлари учун махсус телефон линияси ташкил қилинган: (71) 241 76 17, электрон манзил: [email protected], дейилади қўмита хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter