Авлиё Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги қарор бекор қилинди
Туркия давлат кенгаши (олий маъмурий суд) 1934 йилда Истанбулдаги Авлиё София ибодатхонасини музейга айлантириш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда «CNN Turk» телеканали хабар берган.
«Туркия давлат кенгаши 1934 йилда Авлиё Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги қарорини бекор қилди», — телеканалнинг таъкидлашича, энди Авлиё София масжид сифатида фойдаланилиши мумкин.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ Авлиё София ибодатхонаси мақомини ўзгартириш, уни музейдан масжидга айлантириш имкониятлари бўйича давлат кенгаши қарорини кутаётганини маълум қилганди.
Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоғлу давлат ибодатхонани масжидга айлантириб, унинг мақомини ўзгартиришга ҳақли, бунинг учун бошқа давлатларнинг фикри билан ҳисоблашиб ўтирмаслигини айтганди.
Авлиё София ибодатхонаси милодий VI асрда император Юстиниан буйруғига биноан барпо этилиб, 537 йил 27 декабрда очилган. Турклар Константинополни забт этгач, Византия империяси қулагач, 1453 йилда ибодатхона масжидга айлантирилган. Бироқ 1935 йилда замонавий турк давлати асосчиси Мустафо Камол Отатурк унга музей мақомини берган ва ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter