Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украинадаги уруш дунё аҳолиси учун очлик ва қашшоқлик хавфини туғдирмоқда — БМТ

Украинадаги уруш дунё аҳолиси учун очлик ва қашшоқлик хавфини туғдирмоқда — БМТ

Anastasia Vlasova / Getty Images

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутеррешнинг огоҳлантиришича, Россиянинг Украинага ҳарбий операцияси 1,7 миллиардга яқин одамни, яъни инсониятнинг бешдан биридан кўпроғини қашшоқлик ва очарчиликка олиб келиши мумкин.

Жаҳонда буғдой ва арпа ишлаб чиқаришнинг 30 фоизи, маккажўхорининг бешдан бир қисми ва кунгабоқар ёғининг ярмидан кўпи Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, иқтисодиёти паст ривожланган 45 та давлат учун Россия ва Украинадан етказиб бериладиган дон улуши импортнинг учдан биридан кўпроғини ташкил этади.

БМТнинг эслатишича, Россия дунёдаги энг йирик табиий газ ва иккинчи йирик нефт экспортчиси ҳисобланади.

Уруш ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам COVID-19 пандемияси, ташқи қарз ва ўсиб бораётган инфляция туфайли юзага келган муаммоларни янада кучайтирди.

2022 йил бошидан буён буғдой ва маккажўхори нархи 30 фоизга, нефт 60 фоиздан кўпроққа, табиий газ ва ўғитлар нархи эса икки бараварга ошди.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу вазиятда фавқулодда чоралар кўриш учун етарли маблағга эга эмас , — огоҳлантирди Антониу Гутерреш. — Хусусан, ресурслар етишмаслиги ҳақида БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури аллақачон эълон қилган. Озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши билан ижтимоий ва сиёсий беқарорлик ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор. Бизнинг дунёмиз бу синовга тайёр эмас. Оқибатларни бартараф этишга ҳозирдан киришишимиз керак».

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украинадаги уруш туфайли озиқ-овқат инқирози юзага келиши мумкинлиги айтган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг