Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Трамп АҚШнинг қудратли идораси раҳбарлигига кутилмаган номзодни илгари сурди

Трамп АҚШнинг қудратли идораси раҳбарлигига кутилмаган номзодни илгари сурди

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп мамлакатнинг қудратли идораларидан бири – Федерал тергов бюроси (ФТБ) раҳбарлигига Кэш Пател номзодини илгари сурди.

Ҳозирда Кристофер Рэй ФТБ директори лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Қайд этиш жоизки, Рэйни бу лавозимга Трампнинг ўзи аввалги президентлик даврида, 2017 йилда тайинлаган эди.

ФТБ аввалроқ Трампга қарши очилган жиноий ишларда терговга ёрдам берган. Флоридадаги уйида тинтув ўтказилиши ортидан Трампнинг ФТБ раҳбариятидан бутунлай кўнгли қолган. Кристофер Рэй 10 йил муддатга тайинлангани инобатга олинса, у ё ўз ихтиёри билан курсини бўшатиши, ёки президент томонидан ишдан бўшатилиши керак. Трамп ҳозирча К.Рэйга лавозимдан кетиш борасида гап очмаган.

44 ёшли Кэш Пател Конгресс Вакиллар палатасининг собиқ аъзоси. Трампнинг биринчи президентлик даврида (2017–2021) Миллий хавфсизлик кенгаши, Миллий разведка бошқармаси ва Пентагонда ишлаган.

У баҳсли номзод деб баҳоланмоқда. Аввало, у ўзи раҳбарлик қилиши кутилаётган ФТБни кўп бора танқид қилган. Пател 2023 йилда ёзган “Ҳукумат гангстерлари” деб номланган китобида АҚШ Адлия вазирлиги ва Федерал тергов бюросида тозалаш ўтказиш, Трампга қарши бўлган масъулларни ишдан бўшатиш ва уларни судга тортишни таклиф қилган.

Ҳиндистонлик муҳожирлар оиласи вакили, асл касби ҳуқуқшунос бўлган Пател Трампнинг садоқатли тарафдори ва сафдошларидан саналади. У валинеъматининг сиёсий мухолифларидан қасос олиш лозимлигини ҳам таъкидлаган.

Эътиборга молик жиҳати, Патель ўзи бошчилик қилиши мумкин бўлган ФТБнинг ваколатларини чеклаш ҳақида ҳам гапириб келади.

“ФТБнинг асосий муаммоси бу – разведка. Мен бу бўлинмани ажратган бўлар эдим. Илк иш кунимдаёқ ФТБнинг асосий биносини ёпиб, унинг ўрнида “давлат ичидаги давлат” музейини очарди”, – деган Кэш Пател жорий йил сентябрь ойида берган интервьюсида.

Маълумот ўрнида, “давлат ичидаги давлат” омма орасида кенг тарқалган конспирологик назариядир. Унга кўра, АҚШни бошқаришда халқ томонидан сайланмаган махфий тузилмалар муҳим ўрин тутади.

ФТБ бўлажак директорининг журналистларга ҳам алоҳида даъво ва эътирозлари бор. Хусусан, у 2023 йилда Трамп ҳокимиятга келса, Адлия вазирлиги “2020 йилги президентлик сайловида Жо Байденга натижаларни сохталаштиришга кўмак берган ОАВ вакилларини ҳам жазолаши”ни айтган.

Таҳлилчиларга кўра, Дональд Трампнинг ҳуқуқ-тартибот тизимида муҳим ўринга эга ФТБ раҳбарлигига сафдошини қўйишга уриниши буйруқлари сўзсиз бажарилишига эришиш ва ўзи, яқинларига нисбатан эҳтимолий терговлардан ҳимоялаш мақсади билан изоҳланади.

Амалдаги тартибга мувофиқ, Кэш Пател номзодини Сенатдаги кўпчилик тасдиқлаши керак. Бу эса хамирдан қил суғургандек осон бўлмаслиги аниқ.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг