Россияда такси ҳайдовчилари тақчиллиги кутилмоқда. Муаммони мигрантлар ёрдамида ҳал этишмоқчи
Такси хизматини ривожлантириш жамоатчилик кенгаши Федерация Кенгашига мигрантларга икки йил муддатга таксида ишлашга рухсат бериш бўйича таклиф юборди. РБК хабарига кўра, бу ҳақда 15 декабр куни жамоатчилик кенгаши раис Ирина Зарипова матбуот анжумани вақтида айтиб ўтган.
Жамоатчилик кенгашидагилар фикрича, бундай чора экспертлар баҳосига кўра 500 мингдан 2,5 миллионгача етадиган ҳайдовчилар тақчиллиги муаммосига қарши курашишда ёрдам беради.
«Биз мигрантларни қатъий назорат остида такси рулига вақтинча қўйишни таклиф этамиз, — деган Ирина Зарипова.
Унинг сўзларига кўра, «Страховая телематика» — ҳайдовчилик параметрлари фиксацияси учун суғурта компаниялари томонидан ўрнатиладиган махсус қурилма ҳайдовчилар устидан самарали назоратни таъминлаши мумкин.
Мигрантларга такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашга рухсат бериш таклифи Федерация кенгашининг иқтисодий сиёсат бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Синицинга юборилган. У декабр ойи бошида такси муаммоларига бағишланган давра суҳбатида бозор иштирокчиларига такси соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни таклиф этганди. Федерация Кенгаши ҳозирча мазкур ташаббус бўйича муносабат билдирмади.
Айни вақтда Россияда Беларус, Қирғизистон ва рус тили алоҳида аҳамиятга эга бўлган бошқа давлатлар фуқароларига ўз мамлакатида олган гувоҳномаси билан ҳам такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашга рухсат берилган. Бошқа мамлакатлар фуқаролари эса ишлаш учун Россия намунасидаги гувоҳномаларни олиши талаб этилади.
Россия Давлат думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой ноябр ойида рус тили давлат тили бўлмаган мамлакатлар фуқароларига баъзи касбларда ишлашни тақиқлашни таклиф этганди. Гап хусусан такси ҳайдовчиси, сотувчи ёки курьер бўлиб ишлайдиганлар ҳақида ҳам кетганди.
Россия регионлари ишлаш учун патент олган хорижликлар ишлаши мумкин бўлган иқтисодиёт соҳаларини мустақил равишда чеклаши мумкин. Масалан, бундай чекловлар Воронеж, Магадан ва Тюмен областларида ҳамда Ханти-Мансийск автоном округида жорий этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter