Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путин ўғлини урушга юборгани ростми?

Путин ўғлини урушга юборгани ростми?

Степан Беловнинг Путинга оилавий ришталар билан боғланганини тасдиқловчи маълумот йўқ.

Ижтимоий тармоқларнинг хитой тилидаги сегментида Россия президенти Владимир Путин ўғлини фронтга – Украинага қарши урушга юборгани ҳақида хабар тарқалди.

Хусусан, X тармоғида тарқалган видеолавҳада Путин худди Хитой Халқ Республикаси асосчиси Мао Цзэдун каби ўғлини ўз мамлакатини ҳимоя қилишга юбораётгани иддао қилинган.

TikTok, Facebook каби платформаларда ҳам хитой тилида шу мазмундаги хабарларни ўқиш мумкин.

Euronews бу хабар сохта эканига эътибор қаратган. 

Нашрнинг ёзишича, ХХР раҳбари Мао Цзэдуннинг ўғли Мао Аньин Корея ярим оролидаги урушда қатнашгани ва 1950 йилда авиаҳужумда ҳалок бўлгани тарихий ҳақиқат. Аммо Путиннинг ўғлини фронтга йўллагани қип-қизил дезинформациядир.

Интернетда тарқалган видеоларга Путин ҳарбий либосдаги зобитни (гўё ўғлини) тақдирлаётгани акс этган сурат ҳам илова қилинган. Аниқланишича, суратдаги йигит катта лейтенант Степан Белов бўлиб, 2022 йил декабрда Россия раҳбари томонидан қаҳрамон унвони билан сийланган.

1996 йили Бошқирдистон Республикаси Октябрь шаҳрида туғилган С.Белов Путиннинг ўғли эканини тасдиқловчи ҳеч қандай маълумот йўқ.

Махфий хизматдан чиққан Россия раҳбари ўз оиласи ҳақидаги маълумотларни сир пардаси ортида тутиши маълум. Аммо у собиқ рафиқаси Людмила Путинадан икки қизи борлигини эътироф этган. Россиянинг Украинага босқинчилик урушидан кейин Путиннинг икки қизи – Мария Воронцова (1985 йилда туғилган) ва Катерина Тихоновага (1986) АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия томонидан санкция жорий этилган. 

Бир муддат олдин Катерина Тихонованинг Бавария давлат балети бадиий раҳбари Игорь Зеленский билан турмуш қургани ҳам хорижий нашрларда анчагина муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Айрим нашрлар Путиннинг собиқ гимнастикачи Алина Кабаевадан Иван (2015) ва Владимир (2019) исмли вояга етмаган ўғиллари борлиги ҳақидаги тахминларни ҳам ёзган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг