Овоз бериш бекор қилинди, Имрон Хон ҳозирча ўз ўрнида
3 апрель куни Покистон парламенти Имрон Хон бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик вотумини овозга қўйиши ҳақида хабар бергандик. Покистон парламентининг вице-спикери Қосим Хон Сурий бугун, 3 апрель куни ўша тадбирни бекор қилди. Хориж аралашуви оқибатида овоз бериш конституцияга зиддир, деди у.
«Ҳеч қандай хорижий куч сайланган ҳукуматни фитна йўли билан ағдариш ҳуқуқига эга эмас», — унинг сўзларини келтирди «Dawn» нашри.
Нашр ёзишича, юқоридаги қарорга келинишида ахборот вазири Фавад Чаудхурининг баёноти ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Чаудхурининг айтишича, 7 март санасида, яъни мухолифат ишончсизлик вотумига расмий сўров йўллашидан бир кун илгари, «бошқа мамлакатлар вакиллари» билан учрашувда покистонликлар Имрон Хон ҳукуматига қарши овоз бериш ўтказилишидан хабардор этилган.
«Бизга Покистон билан муносабатлар ишончсизлик вотумининг муваффақиятли давом этишига боғлиқлигини, акс ҳолда Покистонни оғир йўл кутаётганини айтишди. Бу чет эл ҳукуматининг режимни ўзгартириш бўйича операцияси», — деди Чаудхури.
Кейинчалик Имрон Хон миллатга мурожаатида Покистон президенти Ориф Алвийдан парламентни тарқатиб юбориб, янги сайлов ўтказишни сўради. Таъкидланишича, мамлакат президентига сайловни ташкил қилиш бўйича расмий мурожаат йўлланган ва сайлов яқин 90 кун ичида ўтказилиши мумкин.
Шу ҳафта Имрон Хон коалициядаги асосий ҳамкорларини йўқотиб, парламентда мухолифат аксарият кучга айланганди. Мухолифат Имрон Хон ҳукуматини иқтисодиётни самарали бошқармаётганликда ва коррупцияда айблаяпти.
Имрон Хоннинг таъкидлашича, уни ҳукуматдан четлатишга уринишларда АҚШнинг қўли бор.
Тўлдирилган хабар: Покистон президенти Миллий ассамблея (парламент қуйи палатаси)ни расман тарқатиб юборди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter